Инновацион тараққиёт мамлакатимиз саноат корхоналари эришаётган ютуқларда яққол ўз ифодасини топмоқда
  • 18 Июнь 2015

Инновацион тараққиёт мамлакатимиз саноат корхоналари эришаётган ютуқларда яққол ўз ифодасини топмоқда

Ўзбекистон ўз миллий модели асосида тараққиётнинг юксак чўққиларини забт этиб, улкан бунёдкорлик ишлари, модернизациялаш жараёнлари орқали асрларга татигулик ютуқларни қўлга киритмоқда. Пировардида юртимиз кун сайин равнақ топиб, аҳоли турмуш фаровонлиги тобора ошиб бораётир.

Ваҳолонки, жаҳоннинг кўплаб давлатларида ҳали-ҳануз молиявий-иқтисодий инқирознинг оғир асоратлари кузатилаётган бир пайтда охирги ўн йилда республикамизда ялпи ички маҳсулот ҳажми ўсиши 8 фоиздан кам бўлмаётгани қувонарли ҳолдир.
Президентимиз томонидан истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб узоқни кўзлаб ҳаётга татбиқ этилган пухта стратегия самаралари бугун ҳақли равишда дунё жамоатчилиги томонидан эътироф этилаётганининг боиси ҳам шунда. Хусусан, Ўзбекистонда мустақиллик йилларида жамиятда ижтимоий табақаланиш ва хавфсизлик даражасини баҳолаш мезонларидан бири сифатида тан олинган Жини индекси кўрсаткичи 0,40 дан 0,296 га пасайди. БМТнинг бу борадаги тавсиялари 0,35 — 0,37 атрофида эканлигини инобатга олсак, юқоридаги рақамлар халқаро стандартлар нуқтаи назаридан аҳолимизнинг ижтимоий фаровонлиги муттасил ўсиб бораётганини яққол тасдиқлайди.
Хонадонлардаги қулай шарт-шароитлар одамлар турмуш даражаси ва сифати, моддий аҳволи янада яхшиланиб бораётганини ифодаловчи барометр ҳисобланади.
Маълумотларга қараганда, охирги йилларда юртимиздаги оилаларнинг 94 фоизи холодильниклар, 84 фоизи турли ошхона электр жиҳозлари, 63 фоизи кир ювиш машиналари, ярмидан кўпи компьютер, чангюткич, микротўлқинли печларга эга, учдан бир қисми эса кондиционерлардан фойдаланмоқда. Шулар қаторида аҳолининг сўнгги русумдаги плазма экранли рангли телевизорлар билан таъминланиши 1,6 баробар ортди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Қисқа вақт ичида ҳаётимизга, деярли ҳар бир оилага энг замонавий мобиль телефонларнинг бир неча янги авлоди, ноутбуклар, тюнерлар, DVD приставкалари, сунъий йўлдош орқали фаолият кўрсатадиган ва кабелли телевидение, духовкали электр печлар, музлаткич камералар, сув иситиш бойлерлари ва бошқа мутлақо янги, юқори технологиялар асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кириб келди. Бугун биз бу нарсаларга унчалик эътибор ҳам бермаймиз ва уларни одатдаги буюмлар сифатида қабул қиламиз. Ҳолбуки, йигирма йил аввал бундай ашёлар ҳақида ҳеч нарса билмасдик, ҳозирги кунда эса уларсиз ҳаётимизни тасаввур ҳам қилолмаймиз. Энг муҳими, ушбу маҳсулотларнинг аксариятини мамлакатимиз корхоналарида ўзимиз ишлаб чиқараяпмиз”.
Дарҳақиқат, юртимизда саноат ривожига қаратилаётган юксак эътибор, яратилаётган қулай сармоявий муҳит ҳамда соҳа вакилларига берилаётган қатор преференциялар шарофати билан мазкур тармоқ жадал равнақ топмоқда. Тадбиркорлик субъектлари салоҳияти ошиб, Маҳаллийлаштириш дастури ижроси изчил таъминланаяпти. Бозорларимиз ўзимизнинг сифатли маҳсулотлар билан тўлдирилиб, мамлакат экспорт имкониятлари кенгаймоқда.
Бунда “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компаниясининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Негаки, ушбу ташкилот корхоналари томонидан амалиётга татбиқ этилаётган кўплаб истиқболли лойиҳалар туфайли импорт ўрнини босувчи юқори сифатли халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш кўлами тобора ошаяпти. Бунда ушбу жабҳага ISO тизими бўйича сифат менежменти тўла татбиқ этилгани муҳим мезон бўлаётир. Натижада қисқа вақтда қатор ютуқлар қўлга киритилди.
Тармоқлараро кооперация муносабатларини ривожлантириш, Жанубий Корея, Хитой каби давлатларнинг машҳур компаниялари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик, улардан замонавий технологиялар олиб келиниб, тежамкор технологик қурилмалардан фойдаланишга алоҳида аҳамият берилиши ана шу муваффақиятларда ҳал қилувчи омил бўлди. Чунончи, мамлакатимизда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситалари тайёрлаш йўлга қўйилгани ҳар биримизга катта ғурур ва ифтихор бағишлайди.
— Ҳозирги кунда мобиль телефонларнинг 15 дан ортиқ моделини харидорларга етказиб бераяпмиз, — дейди “Artel” русумидаги мобиль телефонлар ишлаб чиқариш корхонаси бошқарувчи директори Алишер Совуров. — Келгусида бу кўрсаткични янада кўпайтиришни мақсад қилганмиз. Ушбу маҳсулотлар сифати, функциялар мажмуи, технологик тузилиши ва замонавий дизайни, арзон нархи билан импорт қилинадиган муқобиллари билан бемалол рақобатлаша олади.
Пойтахтимиздаги “Eco Eleкtron” шуъба корхонаси фаолиятида ҳам ана шундай инновациялар кўзга яққол ташланади. Негаки, бу ерда Ўзбекистонда биринчи бўлиб маиший техника воситалари — газ плиталари, мини духовкалар ва кондиционерлар етказиб бериш йўлга қўйилди. Ўз навбатида, асосан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини жалб этган ҳолда элликдан зиёд иш ўрни ташкил қилинди.
“Indigo Electronics” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонада эса олти русумдаги кир ювиш машиналари ўзлаштирилди. Бу ерда дастлаб 40 киши билан фаолият бошланган бўлса, ҳозирги кунга келиб, юзга яқин киши меҳнат қилмоқда. Бунда қисқа вақт ичида мавжуд имтиёзлардан унумли фойдаланиб, ишлаб чиқариш жараёнлари кенгайтирилгани, янги моделлар етказиб бериш йўлга қўйилгани катта роль ўйнади.
— Ўқишни тамомлаб, ана шу замонавий корхонага ишга кирдим, — дейди ёш мутахассис Суннат Раҳимов. — Бундан оиламиздагилар жуда хурсанд бўлишди. Коллежда олган билимларим иш фаолиятимда жуда асқатаётганини айтмайсизми?! Бор салоҳиятимизни ишга солиб, маҳсулот бекаму кўст чиқиши учун ҳар бир юмушни қунт ва синчковлик билан бажараяпмиз. Бугун жамиятда муносиб ўрин топиб, оиламга наф келтираётганимдан фахрланаман.
— Жабҳадаги эзгу изланишлар давом эттирилаяпти, — дейди “Ўзэлтехсаноат” АК бўлим бошлиғи Азизбек Қурбонов. — Бунда Президентимизнинг қатор Фармон ва қарорлари мустаҳкам асос бўлмоқда. Айниқса, Юртбошимизнинг ўтган йил 6 февралдаги “2014 — 2018 йилларда бошқарувни ташкиллаштиришни такомиллаштириш ва республика электротехника саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг бу борадаги ўрни ниҳоятда катта. Унда илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда радиоэлектроника, электротехника ва асбобсозлик саноатини барқарор ривожлантиришнинг устувор вазифалари белгилаб берилган.
Бу келгусида корхоналарнинг электроника маҳсулотлари, оилаларнинг эса сифатли ва узоқ муддат фойдаланадиган истеъмол товарлари билан таъминланишининг ёрқин истиқболи демакдир.
Кўриниб турибдики, республикамизда электротехника саноатида олиб борилаётган ишлар ва қўлга киритилаётган кўрсаткичлар салмоқли. Бинобарин, мустаҳкам ҳуқуқий-ташкилий база асосида жабҳа тармоқларида таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, техник ва технологик янгилаш жараёнлари изчил олиб борилиб, маҳаллий ишбилармонлар ҳамда хорижлик сармоядорларга янада кўпроқ имтиёзлар тақдим этилаверади. Шуларга монанд равишда маҳсулотлар рақобатдошлиги янада мустаҳкамланади.
Буларнинг барчаси одамларимиз турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш, дунёқарашини ўзгартириш, муносиб маиший шароитлар яратиш, уй-рўзғордаги ишларни енгиллаштириш, энергия ва ресурсларни тежовчи янги технологияларни амалиётга жадал киритиш, қимматбаҳо валюта маблағлари тежаш, экспорт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Айни чоғда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган бренд обрўсини оламаро янада кенг ёяди.

Саиджон МАХСУМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn