Иқтисодий салоҳиятимиз кўзгуси
  • 18 Июнь 2015

Иқтисодий салоҳиятимиз кўзгуси

Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан транспорт-коммуникация соҳасини ривожлантиришга устувор вазифалардан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилгани бугун ўзининг юксак  самараларини бермоқда. Негаки йўл-транспорт инфратузилмаси замон талаблари даражасида ривожланаётгани иқтисодиётимиз тараққиётида тобора ҳал қилувчи аҳамият касб этаяпти. Бунда Президентимизнинг соҳа истиқболига қаратилган қатор Фармон ва қарорлари дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Таъкидлаш керакки, йўл-транспорт инфратузилмаси равнақи юртимиздаги энг узун йўллар ҳисобланган автомобиль йўллари қурилиши ва уларни жаҳон андозаларига мос равишда реконструкция қилиш билан чамбарчас боғлиқ. Бугунги кунда умумий фойдаланувда бўлган халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги 42654 километр автомобиль йўли мавжуд бўлиб, шаҳар ҳамда туманларнинг ички йўллари бундан мустасно. Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, йўл-транспорт инфратузилмасини тараққий эттириш саноатни жадал ривожлантириш ва унинг салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда. Шунинг учун 2014 йилда тизимда бунёдкорлик ишлари янада кенгайтирилиб, умумий фойдаланиш учун мўлжалланган 540 километр автомобиль йўлини қуриш ва реконструкция қилиш тадбирлари тўлиқ якунланди.  116 километрдан иборат икки тасмали йўл эса кенгайтирилиб, тўрт тасмали қилиб қайта қурилди. Бу, ўз навбатида, ушбу йўлларда қатновни 3 баробар ошириш имконини берди.
Дарҳақиқат, ўтган йили умумий фойдаланувдаги автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш ва сақлаш ишлари олдинги йилдагига нисбатан 2,1 марта ўсиб, 946 километрни ташкил этди. Бундан ташқари, бевосита “Ўзавтойўл” давлат-акциядорлик компанияси тизимидаги пудратчи ташкилотлар томонидан республикамизнинг 69 та объектида узунлиги 283 километрлик автомобиль йўли қайта қурилиб, реконструкция қилинди. Масалан, “Самарқанд — Қарши” йўналишидаги автомобиль йўлининг 79 километрида тўрт полосали асфальт-бетон қопламаларни ётқизиш ишлари якунига етказилди. Фарғона вилоятида жойлашган 4Р-143 “Фарғона — Қувасой” йўлининг 0-5,5 километрлари оралиғини қайта қуриш ишлари сўнгги босқичга етди. Қолаверса, бугунги кунга қадар Жиззах вилоятида 38, Сирдарё вилоятида 11, Бухоро вилоятида эса 10 километр йўл қайтадан қурилди.
Худди шунингдек, пойтахтдаги кичик ҳалқа йўлининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманлари ҳудудидан ўтган қисмида, Беруний ва Хуршид кўчаларини боғлайдиган, Форобий, Қорасарой, Сағбон, Себзор ва Лабзак кўчаларини ўзаро туташтирган 5,1 километр узунликдаги янги Нурафшон кўчаси бунёд этилгани Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонларига қўшимча қулайликлар яратди.
Компания тизимидаги корхоналарнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани ишлар кўламини йил сайин кенгайтириш имконини бераяпти. Узоққа бормайлик, биргина 2014 йилда тизимдаги корхона ва ташкилотлар томонидан жами 536 дона замонавий йўл қурилиш техникаси харид қилинди. Уларнинг асосий қисми ўзимизда ишлаб чиқарилган “MAN”,  “Isuzu” русумидаги махсус техникалар эканлиги диққатга сазовордир.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўлларни жиҳозлаш ишлари ҳам асло сусайтирилгани йўқ. Ўтган йили 24448 дона эскирган йўл белгиси алмаштирилгани, 25 минг километрдан зиёд йўлларда йўл чизиқлари қайтадан чизилгани, 608 та автобус тўхташ майдончаси ва 764 та автобус бекати, 804 километр узунликдаги пиёдалар йўлакчалари таъмирлангани бунга яққол далилдир.
Шу ўринда айтиш жоизки, соҳада эришилаётган бу каби ютуқлар билан бирга, ҳали бажарилиши зарур бўлган вазифалар ҳам талайгина. Уларни амалга оширишда Президентимизнинг 2015 йил 6 мартдаги “2015 — 2019 йиллар учун муҳандислик-коммуникацион ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва замонавийлаштириш дастури тўғрисида”ги қарори муҳим ўрин тутади.
Гап шундаки, ушбу қарорга мувофиқ, 2015 — 2019 йилларда Ўзбек миллий автомагистрали таркибига кирувчи автомобиль йўллари қисмлари ва умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда йўл ташкилотларининг ишлаб чиқариш базаларини техник ривожлантириш чора-тадбирларининг манзилли рўйхати тасдиқланди. Унга кўра, Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан беш йил давомида Ўзбек миллий автомагистрали таркибига кирувчи, умумий ҳисобда 1227,8 километр узунликдаги автомобиль йўллари ва ундаги транспорт ечимлари, кўприклар ҳамда йўл ўтказгичларни қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган. Натижада Ўзбекистон миллий автомагистралида олиб борилаётган қурилиш ва реконструкция ишлари тўлиқ якунланиб, Андижондан Қўнғиротгача, Самарқанддан Термизгача бўлган автомобиль йўллари жаҳон стандартлари талабларига мос даражада янгиланади.
Ўз навбатида, 4 минг километрдан зиёд хўжаликлараро йўллар, қарийб 2 минг километр шаҳар, қишлоқ ва туман марказлари кўчалари таъмирланиши ҳам режалаштирилган.
Мазкур ҳужжат “Ўзавтойўл” компанияси таркибига кирувчи саноат корхоналари ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида янги уфқларни очиб бермоқда. Сабаби, унга асосан, 28 жамланмада асфальт-бетон, цемент-бетон заводлари, бетон қориш ускуналари, тош майдалаш ва саралаш линиялари ҳамда бошқа техникалар харид қилинади.
Умуман олганда, 2015 — 2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастурининг амалиётга жорий этилиши нафақат иқтисодий, балки ижтимоий самаралари билан ҳам ғоятда аҳамиятлидир. Чунончи, биргина “Ўзавтойўл” ДАК тизимида 1,5 мингта янги иш ўрни яратилиши, 5,5 мингга яқин коллеж битирувчиларини тизимдаги корхона ва ташкилотларга жалб этиш имконияти пайдо бўлиши шундай дейишимизга асос бўла олади.
Буларнинг барчаси юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, энг аввало, инсон ва унинг манфаатларига қаратилганининг яна бир амалий тасдиғидир.

Шуҳрат НАЗАРОВ,
«Ўзавтойўл» давлат-акциядорлик компанияси
Бошқаруви раиси ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn