Истиқболли ҳудудий дастурлар иқтисодиёт тармоқларининг изчил ривожига хизмат қилаяпти
  • 17 Июнь 2015

Истиқболли ҳудудий дастурлар иқтисодиёт тармоқларининг изчил ривожига хизмат қилаяпти

Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳали-ҳамон давом этаётган бир шароитда мамлакатимиз иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатлари кузатилаётгани қувонарлидир. Табиийки, бунинг замирида истиқболни кўзлаб амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва диверсификация қилиш, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик тараққиётига йўналтирилган изчил саъй-ҳаракатлар мужассам.

Шу билан бирга, ички истеъмол бозорини рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдиришда замонавий технологиялардан самарали фойдаланаётган тадбиркорлик субъектларининг ҳиссаси катта бўлмоқда.
Буни биргина Наманган шаҳридаги “Наманган момиқ сочиқлари” масъулияти чекланган жамияти фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Бугунги кунда 125 киши меҳнат қилаётган корхонада пахта толасидан 42 турдаги экспортбоп маҳсулотлар тайёрланаяпти. Ип йигириш, ўраш ва тўқиш, гул босиш ишлари энг сўнгги технологик ускуналар ёрдамида амалга оширилаётир. Бу сифат кўрсаткичлари юқори бўлишини таъминламоқда.
— Дастгоҳларимиз Европа мамлакатларидан келтирилган, — дейди тикув машинасини моҳирлик билан бошқараётган Дилшода Абдурашидова. — Улар қулайлиги ва унумдорлиги билан алоҳида ажралиб туради. Мен ўтган йили Янгиқўрғон алоқа ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежини тамомлаб, шу ерга ишга келган эдим. АКТдан яхши хабардор бўлганлигим боис компьютерлаштирилган дастгоҳларни ишлатишни қисқа фурсатда ўзлаштириб олдим. 
Яқинда ушбу тадбиркорлик субъектида амалга оширилган модернизациялаш тадбирларига 2 миллион 780 минг АҚШ долларилик сармоя йўналтирилди. Натижада ип ўрашдан тортиб, маҳсулотни тайёр ҳолга келтиришгача бўлган барча жараён замонавий технологиялар ёрдамида бажариладиган бўлди.
Айтиш керакки, бу каби янгиланишлардан сўнг корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳияти сезиларли даражада ошди. Жамиятда кейинги тўрт ой мобайнида 6,5 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрлангани ҳам бунинг яққол тасдиғидир. Мазкур кўрсаткич ўтган йилдагига нисбатан анча юқоридир.
— Биз ишлаб чиқараётган момиқ сочиқлар матоси нам ва сувни тўла шимиб олиш хусусиятига эга, — дейди жамият раҳбари ўиёсиддин Бобохонов. — Шу  боис ички бозорда ҳам, хорижда ҳам маҳсулотларимизга талаб ортиб бораяпти. Айниқса, экспорт бўйича таклифлар тобора кўпаймоқда. Шундан келиб чиқиб, маҳсулотимизнинг 80 фоизини хорижлик буюртмачиларга жўнатаяпмиз.
Корхонанинг маркетинг бўлими томонидан экспорт жуғрофиясини янада кенгайтириш борасида махсус ҳаракат режаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, ҳозир Европанинг бир қатор давлатларидаги улгуржи савдо компаниялари билан музокаралар ўтказилмоқда. Айни пайтда француз ишбилармон доиралари билан маҳсулот етказиб бериш бўйича келишувга эришилаяпти. Германиядан ҳам таклифлар бор.
Наманганда бундай илғор корхоналар сафи тобора кенгайиб бораётгани қувонарлидир. Уларнинг истиқболли лойиҳаларини рўёбга чиқаришда вилоят саноат салоҳиятини ошириш бўйича қабул қилинган махсус дастур кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Чунончи, ушбу йўналишда 2015 йил учун мўлжалланган дастурга мувофиқ, умумий қиймати 2,9 триллион сўм бўлган 276 та лойиҳани рўёбга чиқариш кўзда тутилган. Мазкур жараёнда 155 та янги корхона ташкил этилиб, мавжуд 121 ишлаб чиқариш субъекти техник ва технологик жиҳатдан янгиланади. Қувонарлиси, жорий йилнинг биринчи чорагида ушбу лойиҳаларнинг 18 таси ниҳоясига етказилди. Бунинг учун 3,1 миллиард сўм сармоя йўналтирилди. Пировардида 218 та иш ўрни яратилиб, ўнлаб турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
Умуман олганда, вилоят саноат салоҳиятини ошириш дастуридан кутилаётган натижаларнинг салмоғи юқори. Яъни бунга мувофиқ, йил охиригача ишга тушириладиган қувватлар 224 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрлаш имконини беради.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Илғор технологик линия Таннарх арзонлашди »