Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашишга йўл қўйилмайди
  • 16 Июнь 2015

Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашишга йўл қўйилмайди

Иқтисодиётимиз ривожида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг қанчалик муҳим аҳамият касб этаётгани барчамизга яхши аён. Жумладан, юртимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилганини биргина жорий йилнинг дастлабки чорагида  ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 10,2 фоиз кўп, яъни 8 мингдан ортиқ янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилганидан ҳам англаш қийин эмас.

Бу мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий самараси, албатта. Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса ана шундай эзгу мақсад йўлидаги навбатдаги муҳим ҳужжат бўлди, десак, айни ҳақиқатдир. Негаки, унда тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратиш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш билан боғлиқ кўплаб вазифалар белгилаб берилдики, буларнинг барчаси ишбилармонларимиз манфаатини кўзда тутади.
Масалан, Фармонга мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектларда режали текширишлар даврийлиги ва муддатлари, қўзғатилган жиноий ишлар бўйича текширишлар ўтказиш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Барча назорат органлари учун режали текширишлар даврийлиги бир хиллаштирилиб, 2015 йилнинг 1 июлидан бошлаб улар томонидан микрофирма, кичик корхона ва фермер хўжаликларида режали текширишлар кўпи билан 4 йилда бир марта, бошқа тадбиркорлик субъектларида эса 3 йилда бир марта Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика Кенгаши қарори асосида амалга оширилиши ана шулар жумласидандир.
Маълумки, илгари режали текширишларни ўтказиш даврийлиги бўйича шундай тартиб фақат тадбиркорлик субъектларининг молиявий хўжалик фаолияти бўйича текширишлар учун мавжуд эди. Бошқа назорат органлари учун эса ҳар хил режали текширишлар даврийлиги белгиланганлиги сабабли, 2011 — 2015 йилларда 136 та субъектда 2 мартадан, 58 та субъектда 3 мартадан улар томонидан режали текширишлар ўтказилган.
Белгиланган янги меъёр тадбиркорлик субъектларини турли назорат органлари томонидан ҳар йили ёки икки йилда бир марта режали текшириш ўтказиш имконини чеклаб, ишбилармонларнинг ортиқча вақт сарфлашининг олдини олиш билан бирга, асосий иши билан шуғулланиши учун кўпроқ имконият яратилишига олиб келади.
Фармонда, шунингдек, тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган молиявий хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган, яъни бухгалтерия ва бошқа ҳужжатларни ўрганишни талаб этмайдиган режали текширишлар муддати 10 календарь кунидан ошмаслиги белгиланди. Мазкур меъёр ҳам режали текширишлар ўтказиш даврида тадбиркорлик субъектларининг вақтини тежаш баробарида, молиявий хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширишларнинг ўтказиш муддатини 3 баравар қисқартиришга сабаб бўлади.
Маълумки, амалдаги қонунчиликда барча текширишлар учун 30 кунлик муддат белгиланган, лекин назорат органлари томонидан 2014 йилда ўтказилган текширишларнинг 80,1 фоизи 10 кунгача бўлган муддатда якунланган. Янги меъёрнинг киритилиши эса текширишга сарфланадиган кунлардан бошқа фойдали ишлар, айтайлик, бизнесни ривожлантирувчи лойиҳалар рўёби учун фойдаланиш имконини беради.
Фармоннинг яна бир эътиборли жиҳати, унда тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишларда фақатгина охирги текширувдан кейинги давр қамраб олиниши аниқ кўрсатиб қўйилди. Адолатлилик принципини таъминлаш мақсадида қўзғатилган жиноий ишлар бўйича хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятидаги текширишларда адвокатнинг мажбурий иштирок этиши жорий қилингани эса  (хўжалик юритувчи субъект томонидан ушбу ҳуқуқнинг рад этилиш ҳолатлари бундан мустасно) текшириш жараёнида уларнинг ҳуқуқлари таъминланишини кафолатлайди.
Ҳозирги кунда ушбу ҳужжат ижроси доирасида Давлат солиқ қўмитаси томонидан Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика Кенгаши тасдиқлаган 2015 йил текширишлар режа-жадвалининг июль — декабрь ойларига тааллуқли қисми қайта кўриб чиқилиб, тегишлича охирги режали текширишларга 3 ва 4 йил тўлмаган субъектларни режа-жадвалдан чиқариш, шунингдек, қабул қилинган янги меъёрлар асосида текширишларни тартибга солишга оид амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича иш олиб борилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, солиқ органлари ва ишбилармонлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаши, шубҳасиз.

Эркин ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг бошқарма бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn