Саноат равнақида янгича ёндашувлар
  • 13 Июнь 2015

Саноат равнақида янгича ёндашувлар

Бу пойтахтимизда ўтказилган йирик иқтисодий форумда яна бир карра ўз ифодасини топди.

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида геология, ёқилғи-энергетика, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати ҳамда ахборот тизимлари ва телекоммуникация соҳаси корхоналарининг тармоқ саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси қизғин руҳда ўтди. Уч кун давомида иштирокчилар нафақат ўзаро манфаатли келишувларга эришди, балки тармоқдаги янгиликлар билан ҳам яқиндан танишдилар.
Мазкур тадбир иқтисодиёт тармоқларини таркибий ўзгартириш, модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, шунингдек, ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Зотан, ярмарка юртимиздаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан тайёрланаётган маҳсулотларни кенг намойиш этиш баробарида, уларда янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш ва кооперация алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётир. Масалан, “Ўзбекэнерго” давлат-акциядорлик компанияси тизимидаги “Электрқишлоққурилиш” акциядорлик жамияти ярмаркада ўзининг юқори кучланишли электр узатиш линиялари, металл конструкциялар, темир-бетон таянчлар, тармоқ учун йиғма темир-бетон маҳсулотларини намойиш этди. Эътиборлиси шундаки, ушбу маҳсулотларнинг аксарияти Маҳаллийлаштириш дастури асосида ишлаб чиқарилаётгани боис нархи буюртмачиларга манзур бўлмоқда.
“Ўзэлектроаппарат-Электрошчит” қўшма корхонаси ҳам мазкур тадбирнинг доимий иштирокчиларидан бири. Корхонада, асосан, кон-металлургия, энергетика, самолётсозлик, транспорт, қишлоқ хўжалиги, нефть-газ, кимё, қурилиш саноати ва бошқа соҳаларга мўлжалланган замонавий электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Юқори вольтли кичик станциялар, ички ва ташқи тақсимлаш мажмуаси, карьерлар учун электр қурилмалари, қувурларни ҳимоя қилувчи ускуналар, металл мебеллар ва бошқа кенг миқёсдаги халқ истеъмоли маҳсулотлари ана шулар жумласидандир.
Корхона цехларининг хориждан келтирилган замонавий технологиялар билан жиҳозлангани маҳсулотлар сифатини таъминламоқда. Навбатдаги тадбир ушбу корхона учун ҳам самарали кечди.
— Кўмир қазиб олиш мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади, — дейди “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими мутахассиси Светлана Ким. — Шу боис корхонамизда ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айтайлик, ҳозирги кунда  Тошкент вилоятидаги “Ангрен” ва Сурхондарё вилоятидаги “Шарғун” ҳамда “Бойсун” кўмир конларидан йилига 4,5 миллион тонна қаттиқ ёқилғи қазиб олинаётган бўлса, унинг асосий қисми энергетика соҳаси корхоналарига етказиб берилаяпти. Ярмарка давомида ҳам “Ўзкабель”, “Андижонмаш” сингари бир қатор ишлаб чиқариш субъектлари билан манфаатли келишувларга эришдик.
Айтиш жоизки, жамият фаолияти ривожида 2012 — 2018 йилларга мўлжалланган кўмир қазиб олиш ва сотиш ҳажмини оширишда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш бўйича қабул қилинган дастур муҳим омил бўлмоқда. Яъни ушбу дастурга мувофиқ, 2018 йилгача кўмир қазиб олиш ҳажмини 2,5 баробар ошириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари,  шу вақт ичида олтита инвестициявий лойиҳа рўёбга чиқарилиши режалаштирилаяптики, бу ҳам ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш имконини беради. Қолаверса, ҳозирги кунда жамият мутахассислари Маҳаллийлаштириш дастурига асосан, тоғ транспорти, тоғ-кон саноати ускуналари учун эҳтиёт қисмлар ва металл конструкцияларни тайёрлаш бўйича ҳам изланишлар олиб боришмоқда. Натижада жорий йилга келиб, бундай маҳсулотлар сони 208 тага етказилди. Ваҳолонки, бундан уч йил аввал уларнинг сони 175 та эди.
— Ярмарка давомида  иштирокчиларга мулоқот ўтказиш, тажриба алмашиш учун барча шарт-шароит яратиб берилди, — дейди “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси вакили Умиджон Ўткиров. — Бу эса янги ҳамкорлар топиш ва алоқаларни мустаҳкамлаш учун айни муддао бўлди. Тадбир асносида компаниямиз тасарруфидаги  Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан 996 миллион сўмлик, Устюрт бурғилаш қидирув бошқармаси томонидан 500 миллион сўмлик шартномалар имзолангани бунинг яққол тасдиғидир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn