Ўзбекистон — Франция бизнес-форуми
  • 12 Июнь 2015

Ўзбекистон — Франция бизнес-форуми

Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида Ўзбекистон — Франция бизнес-форуми бўлиб ўтди. Франция ишбилармонларининг юртимизга ташрифи доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда икки мамлакатнинг савдо, инвестиция, саноат, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт-коммуникация, энергетика каби соҳалари учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ҳамда концернлари раҳбарлари қатнашди.

Таъкидланганидек, Франция Ўзбекистоннинг Европа минтақасидаги энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкорларидан биридир. Бугунги кунда ҳар икки давлатда ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани боис бу борадаги ишлар кўлами тобора кенгаймоқда. Бунда, табиийки, Ўзбекистон ва Франция ўртасида имзоланган бир қанча ҳукуматлараро  битимлар муҳим аҳамият касб этаётир. Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш, даромадларнинг икки томонлама солиққа тортилишига йўл қўймасликка қаратилган қатор ҳужжатлар шулар жумласидандир. Натижада 2014 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 287,5 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Жорий йилнинг дастлабки чорагида эса ушбу кўрсаткич 7,1 фоиз ошди.
Ҳозирги вақтда юртимизда Франция билан ҳамкорликда 14 та фирма ва компания самарали фаолият юритаётган бўлса, шундан учтаси тўлиқ Франция капитали асосидаги хўжалик юритувчи субъектдир.
Бизнес-форумда делегация аъзолари машинасозлик, автомобилсозлик, экология, кимё, нефть-кимё, электроника, фармацевтика, озиқ-овқат саноати ва бошқа соҳаларга доир тақдимотларини ўтказдилар. Ўз навбатида, Ўзбекистон томонидан ҳам юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, хорижий сармоядорларга яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилди. “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналаридаги инвестициявий муҳит билан батафсил таништирилди. Буларнинг бари келгусида савдо-иқтисодий муносабатларни янада кенгайтиришга хизмат қилади, албатта.
Йиғилиш давомида делегация аъзолари Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини юксак эътироф этиб, мамлакатимизда бизнесни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини таъкидладилар.
Бизнес-форум доирасида, шунингдек, кооперация биржаси ҳам ташкил этилиб, якунда ўзаро алоқаларни ривожлантиришга келишиб олинди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn