Кооперация алоқаларининг мустаҳкам асоси
  • 11 Июнь 2015

Кооперация алоқаларининг мустаҳкам асоси

Мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли иқтисодиётимиз тармоқларида жадал ўсиш суръатлари таъминланмоқда. Бунда кўплаб янги корхоналар ишга туширилиб, мавжудлари техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилинаётгани, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, айниқса, муҳим аҳамият касб этмоқда.

Кеча пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида иш бошлаган геология, ёқилғи-энергетика, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати ҳамда ахборот тизимлари ва телекоммуникация соҳаси корхоналарининг тармоқ саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси очилиш маросимида шулар ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Дарҳақиқат, ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур тадбир республикамиз саноатчилари ва ишбилармонларининг том маънодаги мулоқот майдонига, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим воситага айланди. Ўтган йили айнан ушбу тармоқ вакиллари ўртасида ўтказилган ярмаркада 251 корхона томонидан  1980 турдаги маҳсулот намойиш этилиб, якунда маҳаллий буюртмачиларга маҳсулот етказиб бериш бўйича 214,7 миллиард сўмлик, экспорт борасида эса 25,1 миллион АҚШ долларилик шартномалар имзолангани шундан далолат беради. Жорий йилги тадбирда эса 340 дан зиёд саноат корхоналари вакиллари қатнашаётган бўлса, шундан 260 таси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектидир. Таклиф этилаётган маҳсулотлар ҳам турфа хил.
— Ярмарка ишлаб чиқарувчилар ўртасида ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш баробарида, тажриба алмашиш, соҳадаги мавжуд янгиликлардан тўлиқ хабардор бўлиш, маҳсулот тайёрлашда илғор инновациялардан унумли фойдаланиш ва Маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги ишларни жадаллаштиришга кенг йўл очиши билан аҳамиятлидир, — дейди “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятининг бош муҳандиси Игорь Цой. — Жумладан, корхонамизда ушбу дастур доирасида тоғ транспорти ва қазиш ускуналари учун мўлжалланган 58 минг долларлик 24 турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилган бўлса, 2014 йилда маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар қиймати 3 миллиард 400 миллион сўмни ташкил этди.
Бу йилги тадбирда “Ўзкимёсаноат”, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзбекэнерго” компаниялари тизимидаги корхоналар, Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари, “Ўзметкомбинат” очиқ акциядорлик жамияти томонидан намойиш қилинаётган маҳсулотлар сифат ва дизайн жиҳатидан иштирокчиларда алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. Негаки, улар орасида тармоқ корхоналари томонидан Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлардан тортиб, кооперация алоқалари асосида яқин кунларда ўзлаштирилиши режалаштирилаётган материалларгача мавжуд. Масалан, масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Қуёш иссиқлик энергияси” Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонасида тайёрланаётган 150 литрдан 350 литргача сиғимдаги офтоб нури ёрдамида сувни иситиш мосламалари ўзининг ихчам ва тежамкорлиги билан алоҳида ажралиб турибди.
“Навоийазот” акциядорлик жамиятининг маҳсулотларига ҳам талаб жуда юқори. Жамиятнинг маркетинг бўлими бошлиғи Гулбиби Миртозаеванинг айтишича, бу ерда ҳозирги кунда 60 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Бошқача айтганда, юртимиз эҳтиёжи учун зарур бўлган минерал ўғитларнинг 30 фоизи ушбу корхона томонидан етказиб берилмоқда.
Ўтган йилги ярмаркада корхона томонидан 2015 йилга маҳсулот етказиб бериш бўйича 20 миллиард сўмлик шартномалар имзоланган бўлиб, ҳозирги кунгача ушбу буюртманинг 60 фоизи бажарилди. Жорий йилда эса бу кўрсаткични 25 миллиард сўмдан ошириш режалаштирилмоқда. Бу марра забт этилиши, шубҳасиз. Негаки, тадбирнинг дастлабки кунидаёқ 1 миллиард 200 миллион сўмликдан зиёд шартномалар имзоланди.
“Ўзметкомбинат” очиқ акциядорлик жамиятининг қора металл, мис ва унинг қотишмаларидан тайёрланган маҳсулотлари, шунингдек, сирланган пўлат идишлар ҳам кўргазмага ташриф буюрганлар диққатини тортаяпти. Сабаби, уларнинг аксарияти Маҳаллийлаштириш дастури асосида ишлаб чиқарилган бўлиб, бу борадиги саъй-ҳаракатлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, ўтган давр мобайнида ушбу дастур доирасида 1,65 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланди.
“Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компаниясининг қўлга киритаётган ютуқлари ҳам эътиборга молик. Хусусан, компания томонидан ушбу тадбир давомида тузилган шартномалар асосида  ўтган йилда 716,8 миллиард сўмлик  турли маҳсулотлар сотиб олиниб, маҳсулотлар етказиб берилган ҳамда хизматлар кўрсатилган. Бу аввалги йилдагига нисбатан 1,3 баробар кўпдир.
Хулоса ўрнида айтганда, тармоқ саноат ярмаркаси юртимиз саноатчилари учун янги имкониятлар яратувчи муҳим тадбир сифатида барчага маъқул тушмоқда. Унинг доирасида корхоналарнинг тақдимот маросимлари, турли учрашувлар уюштирилаётгани эса тадбирнинг янада самарали ўтишига хизмат қилаётир.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари ў. Ибрагимов сўзга чиқди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn