Довондаги ноёб лойиҳа
  • 09 Июнь 2015

Довондаги ноёб лойиҳа

“Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўл линияси қурилиши қизғин давом этмоқда. Мамлакатимиз темир йўл тизимида амалга оширилаётган лойиҳалар нафақат юк ва йўловчи ташиш сифатини юксалтиришга, балки халқимиз турмуш фаровонлиги, юрт равнақига хизмат қилмоқда.

Бунга тармоқдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Жумладан, “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК ва Хитойнинг “China Railway Tunnel Group” компанияси томонидан “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўл линиясида бунёд этилаётган туннель ҳақида ҳам шундай фикр билдириш мумкин. 
Умумий узунлиги 123,1 километрни ташкил этувчи мазкур темир йўл линияси дунё миқёсида тоғли ҳудудда амалга оширилаётган лойиҳалар ичида 8-ўринда, туннель эса узунлиги бўйича 13-ўринда туради. Президентимизнинг 2013 йил 18 июндаги “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўл линияси  қурилишини ташкиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида барпо қилинаётган мазкур электрлаштирилган темир йўл линияси мамлакатимизда ягона миллий темир йўл тармоғини яратиш имконини бериши билан алоҳида аҳамиятга эга.
Лойиҳага кўра, ушбу улкан қурилиш объектида жами 42,9 млн. куб метр тупроқ, 16,3 млн. куб метр бурғилаш-портлатиш ишлари бажарилиши кўзда тутилган. Шунингдек, мазкур лойиҳа узунлиги 19,1 километр бўлган туннель, 285 та cув ўтказиш ва олтита йўл ўтказгич иншооти, 19 та темир йўл кўприги, олтита станция ва иккита вокзал қурилишини ўз ичига олган.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда денгиз сатҳидан 2 минг 200 метр баландликда жойлашган “Қамчиқ” довони бўйлаб қурилаётган “Ангрен — Поп” янги электрлаштирилган темир йўл линиясидаги бунёдкорлик ишлари қизғин давом эттирилмоқда. Бугунги кунгача бу ерда 42,9 млн. куб метр тупроқ, 16,2 млн. куб метр бурғилаш-портлатиш ишлари бажарилиб, 280 та сув ўтказиш,  олтита йўл ўтказгич иншооти, 12 та кўприк, “Орзу” вокзали, “Кўл”, “Темирйўлобод”,  “Қўшминор” станциялари қуриб битказилди. Бунда 4 минг 250 нафардан ортиқ мутахассис 720 дан зиёд техника воситалари кучидан унумли фойдаланилаётгани, айниқса, қўл келаётир.
Хитойлик ҳамкорлар томонидан 19,1 километрлик туннелни қуриш ишлари ҳам  тобора жадал тус олаяпти.
— Туннелнинг асосий  қисмини қазиш ишлари ғарбий ва шарқий порталлар ҳамда қўшимча учта ёнбош шахталарда олиб борилмоқда, —дейди “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўл линияси лойиҳасини амалга ошириш гуруҳи раҳбари Наврўз Эркинов. — Натижада жорий йилнинг июнь ойига келиб, ғарбий портал биринчи ёнбош шахтасида бурғилаш ишлари якунланиб, асосий туннелнинг бир қисми муваффақиятли уланди. Унинг  узунлиги 6 минг 448 метрни ташкил этади. Асосий туннелда шу кунгача 11 минг 401 метр, қўшимча туннелда эса 12 минг 549 метр, 1, 2, 3-ёнбош шахталарда 6 минг 611 метр қазиш ишлари бажарилди. Бундан ташқари, асосий туннелнинг 7 минг 262 метрлик қисмида пардозлаш ишлари амалга оширилди.
Дарҳақиқат, темир йўлнинг ҳар икки тарафида ҳам бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда олиб борилаяпти. Бу тайёр йўлларга пешма-пеш пўлат излар ётқизилиб, кўприк, сунъий иншоотлар ҳамда электрлаштириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилаётганида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Энг муҳими, мазкур йирик лойиҳа қурилишида темир йўлчилар учун барча зарур шарт-шароит яратилган. Замонавий техника ва қурилиш материаллари “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТКнинг тегишли бошқармалари томонидан объектларга ўз вақтида етказиб берилаётир.
Ушбу улкан ва мўъжизавий қурилиш келгусида юртимиз ва Марказий Осиё давлатларидан ташқари, бошқа мамлакатларнинг ҳам Европа минтақасига чиқиши, савдо-иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутади. Чунки бу йўл ишга тушиши билан юкларни ташиш бир неча баробар арзонлашиб, уларни етказиб бериш муддати икки баробар қисқаради.
Юртимиз темир йўл тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар иқтисодиётимиз салоҳиятини юксалтириш билан бирга, унинг халқаро майдондаги нуфузи ва халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади.

Мирзо МУРОТОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn