«Йўл харитаси» дастурлари иқтисодий юксалишнинг муҳим омилидир
  • 09 Июнь 2015

«Йўл харитаси» дастурлари иқтисодий юксалишнинг муҳим омилидир

Иқтисодий ночор ва паст рентабелли корхоналарни молиявий соғломлаштириш, уларнинг активларидан унумли фойдаланиш, бўш турган иншоотларни салоҳиятли инвесторларга бериш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 28 майдаги “Минтақавий аҳамиятга эга бўлган зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор ва паст рентабелли корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича дастурлар — “йўл хариталари”ни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни жадаллаштиришда муҳим дастуриламал бўлаётир. Негаки, бу ҳужжат асосида ишлаб чиқилган дастурлар туфайли ички бозоримиз янги маҳсулотлар билан тўлдирилиб, аҳоли бандлиги таъминланиши билан бирга, ушбу йўналишдаги мавжуд муаммолар бирин-кетин бартараф этилмоқда.
Қашқадарё вилоятида ўтган бир йил давомида корхоналарнинг ички захираларини жалб қилиш эвазига ушбу дастурга киритилган тўртта корхонага 516 миллиард сўмдан зиёд инвестиция жалб этилди.
Бунинг натижасида мазкур субъектларнинг 35 миллиард сўмликдан кўпроқ зарари тўлиқ қопланиб, пировардида 27 миллиард сўмдан ортиқ соф фойда кўрилгани диққатга сазовор.  
Айниқса, Муборак туманидаги “Сувоқова” корхонасининг зиёнсиз ишлашини таъминлаш мақсадида амалга оширилган чора-тадбирлар туфайли унинг хизматларидан фойдаланувчилар сони 110 нафарга кўпайди. Корхонада ортиқча солиқ тўлашга олиб келаётган ер майдони маҳаллий ҳокимлик захирасига ўтказилгач, иқтисод қилинган маблағ ҳисобига 2014 йилда 10,5 километрлик сув қувурлари ўтқазилди.
Дастурга киритилган яна бир корхона — “Таллимаржон ИЭС” унитар корхонасида эса мавжуд қувватлардан фойдаланиш коэффициенти 94,6 фоизга етказилиб, 357 миллиард сўмдан кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ортиқча сарф-харажат талаб қилаётган 1150 гектар экин майдони “Нуристон ризқ-насибаси” ҳамда “Яккабоғ мева” масъулияти чекланган жамиятлари тасарруфига ўтказилиши натижасида корхона жамоаси 27 миллиард сўмдан кўпроқ фойда олиш баробарида, бир қатор модернизациялаш тадбирларини ҳам  амалга оширишга эришди.
Умуман, вилоятда “йўл харитаси” дастури қўлланилган “Иссиқлик манбаи”, “Сувоқова”, “Военторг-7” ва “Таллимаржон ИЭС” корхоналари томонидан 360 миллиард сўмликдан кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқарилди. Уларнинг бундай муваффақиятга эришишида 62 миллион сўмдан ортиқ асосий қарзнинг тўлов муддати узайтирилиб, 6 миллион сўмдан ошиқроқ боқиманда тўловлари бекор қилингани айни муддао бўлди.  
Вилоятда ҳозирги кунда ҳам дастурда белгиланган ишларни жадаллаштириш, мониторинг ўтказиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Бундан кўзланган мақсад молиявий инқироз ёқасида турган хўжалик юритувчи субъектларнинг қаддини тиклаб, барқарор фаолият юритишига кўмаклашиш ва республикамиз иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn