Давлат бюджети ижроси муҳокама қилинди
  • 06 Июнь 2015

Давлат бюджети ижроси муҳокама қилинди

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йилдаги ҳамда 2015 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси якунлари дастлабки тарзда кўриб чиқилмоқда.

Яқинда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, юртимиздa иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қулай инвестиция ҳамда ишбилармонлик муҳитини яратиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада ялпи ички маҳсулотнинг барқарор ўсиш суръатлари таъминланиб, халқ турмуш фаровонлиги янада юксалиб бормоқда. Буни ўтган йили ва жорий йилда иқтисoдиётнинг юқoри кўрсаткичлари ҳамда мaкрoиқтисoдий мувoзaнaт тaъминлaнгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Хусусан, 2014 йил якунларига кўра, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 8,1, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,3, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,9, капитал қурилиш 10,9, чакана савдо айланмаси 14,3 ва пуллик хизматлар ҳажми 11,4 фоиз ўсди.
— Ҳисобот даврида иқтисодиётдаги таркибий ижобий тенденциялар нафақат унинг барқарор ва мувозанатли ривожланиши, балки аҳоли бандлиги ҳамда даромадлари ортишида салмоқли роль ўйнади, — деди қўмита аъзоси Ў. Бўтаев. — Йиғилишда шуларга алоҳида эътибор қаратдик. Ўрганишлар давомида аён бўлдики, Бюджет кодекси талабларига риоя қилинган. Пировардида Давлат бюджети профицит билан ижро этилди. Бу республикамиз ижтимоий-иқтисодий равнақи мустаҳкам асосга эга эканлигидан далолат беради.
Тадбирда ҳисобот даврида фаол инвестиция сиёсати олиб борилганига алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларида замонавий юқори технологияларга асосланган ускуналар билан жиҳозланган 154 та йирик объект фойдаланишга топширилди.
Ўз навбатида, экспорт қилувчи корхоналар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, иқтисодиётни диверсификациялаш жараёнлари жадал кечаётгани, янги ташқи бозорлар фаол ўзлаштирилаётгани самараси ўлароқ, ўтган йилда бир қатор янги корхоналар, биринчи навбатда, кичик бизнес субъектлари экспорт фаолиятига жалб этилди. Аҳоли бандлиги дастурларини амалга ошириш натижасида эса 980 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди.
Бинобарин, ялпи ички маҳсулотни шакллантиришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 56,1 фоизга етди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 31,1 фоиз кўпайди.
Умуман, 2014 йилда Давлат бюджети ижроси тасдиқланган параметрларга мувофиқ амалга оширилди. Инфляция даражаси эса белгиланган прогноз кўрсаткичларидан ошмади.
— Муҳокамалар давомида устувор вазифаларнинг жорий йил биринчи чорагида тизимли татбиқ этилиши ҳолати ҳам таҳлил этилди, — деди қўмита аъзоси С. Арзиқулов. — Хусусан, шу даврда мамлакат иқтисодиётида муҳим ижобий ўзгаришлар кузатилди. Ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,5, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 7,9, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 11,2, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,3, қурилиш ишлари ҳажми 18,9 фоиз ўсгани бунинг тасдиғидир.
Йиғилишда бюджетдан ажратилаётган маблағларнинг самарали ҳамда мақсадли сарфланишини таъминлашда мутасадди вазирликлар ва идоралар, ҳокимликлар масъулиятини янада ошириш мақсадга мувофиқлиги, бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларда молиявий интизомга риоя этилиши ҳамда Бюджет кодекси  талаблари бажарилиши юзасидан назоратни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Тадбирда кун тартибидаги масала юзасидан тегишли вазирлик, идоралар вакиллари ахборотлари тингланди. Йиғилиш якуни бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


Саиджон МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn