Тежамкор технологиялар — ривожланиш гарови
  • 06 Июнь 2015

Тежамкор технологиялар — ривожланиш гарови

Бугунги жадал тараққиёт даври ҳар бир соҳада, хусусан, энергетика тизимида ҳам илғор ва тежамкор ишланмаларни амалиётга кенг жорий этишни тақозо қилмоқда. Негаки, бу  табиий захираларни тежаш ҳамда самарадорликни ошириш имконини беради. Дунё миқёсида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилаётганининг боиси шунда.

Юртимизда ҳам ушбу йўналишдаги ишлар кўлами тобора ортиб бораётгани қувонарлидир. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 июлдаги қарорига биноан, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Жаҳон банки  ҳамкорлигида “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилаяпти.
Кеча пойтахтимизда ушбу лойиҳа доирасида бажарилган ишларнинг дастлабки якунларига бағишланган ҳисобот тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Иқтисодиёт вазирлиги, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мутасаддилари, самарадор ускуна ва технологияларни қўллаётган бир қатор ташкилотлар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Мазкур лойиҳанинг асосий мақсади энергия самарадорлигини оширишга қаратилган инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш механизмини ишлаб чиқиш ва амалиётда қўллашдан иборат. Бунда ишлаб чиқариш субъектларига янги энергия тежамкор ускуналар сотиб олиш ёки шу йўналишдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун банклардан кредит олиш имконияти яратилади. 
Лойиҳа доирасида дастлаб Жаҳон банки ҳузуридаги Халқаро тараққиёт ассоциацияси (IDA)нинг узоқ муддатли имтиёзли 25 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағи жалб этилган бўлиб, уни рўёбга чиқаришда  “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Асака” банки ҳамда “Ҳамкорбанк” фаол қатнашди.
Ушбу маблағлар тоғ-кон, кимё, нефть ва газ саноатининг кўп миқдорда энергия сарф этувчи корхоналарига йўналтирилди. Натижада уларда 145 миллион киловатт/соатдан ортиқ электр энергияси ҳамда 40 миллион куб метр газ тежаш имконияти вужудга келди.
Айни пайтда эса лойиҳанинг иккинчи босқичи доирасидаги ишлар жадал олиб борилмоқда. Бунинг натижасида яна 31 саноат корхонасида 79 та лойиҳа рўёбга чиқарилиб, 550 миллион киловатт/соат электр энергияси ҳамда 168 миллион куб табиий газ иқтисод қилинади. 
Тадбирда, шунингдек, иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиш баробарида, энергия тежамкорлик борасида кўрилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш  бўйича ҳам фикр алмашдилар.


Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn