Кичик бизнес ва экспорт салоҳияти
  • 04 Июнь 2015

Кичик бизнес ва экспорт салоҳияти

Кичик бизнес корхоналарини ихчам ва тежамкор ускуналар билан жиҳозлашга қаратилган истиқболли лойиҳалар рўёби ички бозорни ўзимизда тайёрланган хилма-хил маҳсулотлар билан тўлдириш баробарида, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Буни Янгийўл туманидаги “Гранд эко продукт” масъулияти чекланган жамияти фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, мева-сабзавотни қайта ишлашга ихтисослаштирилган мазкур тадбиркорлик субъекти кўп йиллардан бери фаолият юритмаётган эди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни изчил равнақ топтиришга доир дастурий чора-тадбирлар шарофати билан корхона фаолияти изга тушди. Сармоядорлар ишлаб чиқариш субъектини молиявий соғломлаштириш, техник ва технологик янгилаш учун 1 миллиард сўмдан зиёд сармоя киритишди. Бунинг эвазига хорижнинг энг замонавий технологик ускуна ҳамда жиҳозлари келтирилди. Муҳими, корхона фаолиятининг асосини ташкил қилувчи бизнес-режада биринчи галда қуйидаги уч тамойил акс этди: сифат, экологик тоза маҳсулот ва мақбул нарх.
Бунинг натижасида биринчи мавсумнинг ўзидаёқ 4 минг тонна дала ва боғ неъматларидан қарийб 1,5 миллиард сўмлик мева ва сабзавот пюрелари, томат пасталари, хуштаъм шарбатлар, шунингдек, маринадланган консервалар тайёрланиб, истеъмолчиларга етказиб берилди. Унинг бир қисмини четга сотишга ҳам муваффақ бўлинди.
— Бозорни рақобат бошқаради, — дейди тадбиркор М. Жўраев. — Демак, муайян маҳсулот билан бозорга кириб бориш ва олди-сотди мувозанатини бир маромда ушлаб туриш осон эмас. Бунга эришиш ишлаб чиқарувчидан муттасил изланишни, тадбиркорликни талаб этади.
Ҳақиқатан ҳам, жамоа жорий мавсумдан бошлаб ташқи савдо географиясини муттасил кенгайтириб боришга бел боғлаган. Бунинг учун қатор янги лойиҳалар устида иш олиб борилаяпти. Масалан, ташқи бозорда беҳи, олхўри, ўрик пюрелари, қолаверса, сабзи шарбатларига талаб юқори. Шуни инобатга олган жамоа айни пайтда бундай маҳсулотларни истеъмолга қулай бўлган бежирим шиша идишларга қадоқлаш, шунингдек, мева ва сабзавотлардан болажонларга атаб махсус егуликлар тайёрлаш технологияларини ўзлаштириш ҳаракатида. Бу саъй-ҳаракатлар ялпи маҳсулотнинг камида 60 фоизини экспортга чиқариш имконини беради.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn