Барқарор иқтисодий тараққиёт кафолати
  • 03 Июнь 2015

Барқарор иқтисодий тараққиёт кафолати

Тадбиркорлик халқимизга хос фазилат бўлиб, у, айниқса, истиқлол йилларида янада кенг маъно-мазмун касб этмоқда.

Бунда ишбилармонларнинг эмин-эркин фаолият юритиши учун қулай шарт-шароит яратиб берилгани, давлатимиз томонидан соҳага кўплаб имтиёзлар жорий этилаётгани муҳим омил бўлаяпти.
Натижада тадбиркорлар сафи тобора кенгайиб, улар иқтисодиётимизни ривожлантириш, ички бозорни сифатли маҳсулот ва хизматлар билан тўлдириш, аҳоли бандлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Президентимизнинг шу йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса соҳа равнақи йўлида янги уфқларни очиб берди. Чунки бу ҳужжатда хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги роли ва ўрнини тубдан ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги мавжуд тўсиқ ҳамда чекловларни тугатиш бўйича аниқ-равшан вазифалар белгилаб берилганки, шу боис у ишбилармонлар томонидан зўр мамнуният билан кутиб олинди.
Фармонга мувофиқ, шунингдек, хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, уларнинг жадал ривожланиши йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган комплекс Дастур тасдиқлангани, тўртта асосий йўналишдан иборат мазкур Дастур асосида ўттиз учта аниқ чора-тадбир амалга оширилиши эса пировардида бизнес муҳитининг янада яхшиланишига олиб келади, албатта.
Шу билан бирга, Дастурда тадбиркорлик ривожи учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратиш, уларнинг моддий ҳамда кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш масалалари ҳам қамраб олингани эътиборга молик.
Барчага аёнки, бизнес юритиш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда сармоя муҳим аҳамиятга эга. Масалан, бизнинг корхонамиз ташкил этилишида, аввало, 120 миллион сўмлик банк кредити қўл келди. Ушбу маблағ ҳисобига хориждан замонавий тикув машиналари ва дастгоҳлари олиб келиб, кўрпа, ёстиқ, чойшаб сингари рўзғор буюмлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик.   
Маҳсулотларимиз замон талабига мос янгича дизайнда тайёрланаётгани, сифатининг юқорилиги, нархи эса хорижникидан бир неча баробар арзонлиги туфайли харидорларга манзур бўлаётир. Натижада 20 кишилик жамоамиз томонидан буюртмачиларга йилига 300 турдаги салкам 40 минг дона маҳсулот етказиб берилаяпти.
Анъанавий ўтказиб келинаётган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси эса кичик бизнес субъектлари маҳсулотларини кенгроқ намойиш этиш, ҳамкорлар топишда қўшимча қулайликлар яратиб бермоқда. Ўзимиздан қиёс: яқинда Жиззах вилоятида бўлиб ўтган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида иштирок этиб, умумий қиймати 250 миллион сўмлик маҳсулот сотиш бўйича шартномалар имзоладик.
Дарҳақиқат, тадбиркорларга бўлган эътибор ва ғамхўрликни ҳар қадамда ҳис қилиб турибмиз. Яратилаётган имтиёзлардан баҳраманд бўлаяпмиз. Мисол учун, Дўстлик маҳалласида анчадан буён фойдаланилмаётган бино ва 7 сотих ер майдони корхонамиз ихтиёрига “ноль” қийматида берилгани ишимизга бўлган меҳрни янада оширди, янги бизнес-режалар тузиб, ғайрат-шижоат билан ишлашга куч бағишлади.
Ҳозирги пайтда бу ерда қўшимча бино қуриб, сочиқ, дастурхон, гулли ва нақшли одеяллар тайёрлашни ўзлаштириш, бунинг эвазига 20 та иш ўрни очиш саъй-ҳаракатидамиз. Буларнинг барчаси соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир.


Насиба ИЛЁСОВА,
ўаллаорол туманидаги «Нозимабегим насибаси»
хусусий корхонаси раҳбари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn