Мелиорация ва самарадорлик
  • 03 Июнь 2015

Мелиорация ва самарадорлик

Қишлоқ хўжалигида самарадорликка эришишда ерларнинг мелиорация ҳолатини яхшилаш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис мамлакатимизда кейинги йилларда мазкур йўналишдаги ишларга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Бунда Президентимизнинг 2013 йил 19 апрелдаги “2013 — 2017 йиллар даврида ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича келгусидаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Жиззах вилоятида ушбу ҳужжат ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар туфайли ҳудудда фаолият юритаётган деҳқон ва фермер хўжаликларининг қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олишга эришаётгани бунга яққол мисол бўла олади. 
— Дарҳақиқат, бу борадаги ишларимизни жадаллаштиришда мазкур ҳужжат талаблари жуда катта имконият яратмоқда, — дейди Қуйи Сирдарё ирригация тизими бошқармасига қарашли Мелиоратив экспедиция мутахассиси Орзубек Холбеков. — Хусусан, қарор доирасида махсус дастурлар ишлаб чиқилгач, 8 та туманда коллектор тармоқлари қурилиб, реконструкция қилинди. Натижада суғориладиган 5 минг 92 гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, кучли ва ўртача шўрланган экин майдонлари 8006 гектарга камайтирилди. 5337 гектар майдонда эса  сизот сувлари сатҳи пасайтирилди.
Жорий йилда ҳам суғориладиган 9367 гектар ерни соз ҳолатга келтириш мақсадида 9,1 миллиард сўмлик мелиоратив объектларни таъмирлаш-тиклаш ишларини бажариш режалаштирилган. Мелиоратив объектларни қуриш ва реконструкция қилиш йўналиши бўйича 18 та лойиҳага эса 14,1 миллиард сўмликдан  зиёд маблағ йўналтирилаяпти. Айни пайтда бу борадаги ишлар қизғин олиб борилаётир.
Мухтасар айтганда, Жиззах вилоятида 2017 йил охирига қадар мелиоратив объектларни таъмирлаш-тиклаш, реконструкция қилиш ва қуриш учун 75,6 миллиард сўмликдан ортиқ бунёдкорлик ишлари амалга оширилиши мўлжалланмоқда. Улар рўёбга чиқарилгач эса, жиззахлик деҳқонларнинг юртимиз тараққиёти ва халқимиз дастурхони тўкинлигига қўшаётган ҳиссаси янада салмоқли бўлаверади.


Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn