Экспорт салоҳияти ошмоқда
  • 30 Май 2015

Экспорт салоҳияти ошмоқда

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларга қўшимча енгилликлар бериш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишига мустаҳкам пойдевор яратмоқда. Зеро, бу соҳа истиқлол йилларида ижтимоий-иқтисодий тармоқлар истиқболида ҳал қилувчи кучга айланди.

Бугунги кунда кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан 56 фоизга етгани, иш билан банд аҳолининг 77 фоизи ушбу жабҳада меҳнат қилаётгани бунга асос бўла олади.
 Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса тизимдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, соҳани сифат жиҳатидан тараққий эттиришда кенг имкониятлар эшигини очиб берди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, “Ўзмиллийбанк” ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси зиммасига ҳам кўплаб вазифалар юклатилди. Хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги роли ва ўрнини тубдан ошириш, улар учун янада қулай иқтисодий ҳамда ҳуқуқий шароитларни яратиш, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни соддалаштириш ана шулар жумласидандир. Уларнинг изчил ижросини таъминлаш мақсадида Жамғармамиз томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Айтиш жоизки, ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодиётига баҳо беришда унинг экспорт салоҳияти қай даражада эканлиги ҳисобга олинади. Чунки бошқа минтақага тақдим этилаётган маҳсулот ёки хизмат сифат жиҳатидан халқаро андозаларга жавоб бериши, рақобатда ютиб чиқиши, нарх-навоси ҳам истеъмолчиларга мақбул бўлиши керак. Шу маънода, жаҳон бозорига чиқиш катта тажрибага эга йирик корхоналар учун унчалик муаммо туғдирмаслиги мумкин. Аммо кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини йўлга қўйиш ўз-ўзидан амалга ошавермайди. Маҳсулот маркетинги билан шуғулланиш, олис минтақалардан ҳамкорлар топиш, шартномалар имзолаш — булар осонликча ҳал этиладиган вазифалардан эмас.
Бу жараёнда Жамғарма ишбилармонларнинг яқин кўмакчисига айланмоқда. Масалан, биргина 2015 йилнинг январь — апрель ойларида 1014 та тадбиркорлик субъектига ташкилий, ҳуқуқий ва молиявий хизматлар кўрсатилиши натижасида соҳа вакилларидан 360 нафари умумий қиймати 306,5 млн. АҚШ долларилик маҳсулот ва хизматларини экспорт қилишга муваффақ бўлди. Бошқача айтганда, бу ўтган йилнинг ушбу давридагига нисбатан 9 фоиз ўсишга эришилди, деганидир.
Айни чоғда Жамғарма томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг турларини тизимли асосда таҳлил қилиш, уларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлик даражасини аниқлаш, шу асосда экспортбоп маҳсулотнинг хорижий ва минтақавий бозорлардаги талаб-эҳтиёжга мос келишини таъминлашга қаратилган маркетинг изланишлари олиб борилмоқда. Ҳозирги пайтгача бу жараёнда хорижий савдо мажмуалари билан маҳаллий тадбиркорлар ўртасида ҳамкорлик ўрнатилиб, умумий қиймати 300 млн. доллардан ортиқ маҳсулотларга талаб борлиги аниқланди.
Жамғарма ёрдамида, шунингдек, жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида 95 нафар тадбиркор халқаро кўргазма ва анжуманларда иштирок этиб, маҳсулот ҳамда хизматлари экспорти бўйича ҳамкорлик алоқаларини ўрнатгани диққатга сазовор. Жумладан, 16 — 25 январь кунлари 50 дан ортиқ тадбиркорлар 100 турдан кўпроқ маҳсулотлари билан Германиянинг Берлин шаҳрида бўлиб ўтган “Яшил ҳафта — 2015” халқаро кўргазмасида қатнашди. Ушбу тадбир давомида умумий қиймати 5 млн. долларга тенг экспорт шартномалари тузилди.
Юртимиз ишбилармонлари Жамғарма томонидан ташкил этилаётган тадбирларда ҳам ташқи бозорларга чиқиш имкониятига эга бўлишмоқда. Мисол учун, Фарғона вилоятида уюштирилган “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ва унда логистика тизимларининг ўрни” мавзуидаги давра суҳбатида водий вилоятларида фаолият кўрсатувчи деҳқон ҳамда фермер хўжаликлари, кичик бизнес субъектлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича умумий қиймати 121,1 млн. долларлик 21 келишув битимини имзоладилар.
Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Бироқ жамоамиз қўлга киритилган ютуқлар билан чекланиб қолмасдан, 2015 йил охиригача белгиланган дастур талабларини изчил ижро этиш пайидан бўлмоқда. Шу мақсадда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳузуридаги “Ўзтадбиркорэкспорт” ташқи савдо компанияси билан ҳамкорликда аниқ мақсадли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу, ўз навбатида, тадбиркорларнинг оғирини енгил қилиш, маҳсулотларини чет элларга сотишда қўшимча имкониятларни юзага келтирмоқда.
Бундан ташқари, дастур асосида кўрсатиладиган хизматлар кўламини янада кенгайтириш, бир млрд. АҚШ долларидан ортиқ экспорт амалиётини рўёбга чиқариш кўзда тутилган. Шу мақсадда юртимиз ишбилармонлари 12 та халқаро кўргазма ва ярмаркага юборилади, 60 та ишлаб чиқариш корхонасида халқаро стандартлар талабларига мос бошқарув тизимлари босқичма-босқич жорий этилади.
Мухтасар айтганда, жамоамиз бундан буён ҳам юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ёки хизматларни экспорт қилишга ўз ҳиссасини қўшаверади. Аниқроғи, тадбиркорларни ташқи бозор хатарларидан ишончли ҳимоялаш, маҳсулот турларини таҳлил этиш, уларнинг рақобатдошлик даражасини аниқлаш ва бошқа хизматлар кўрсатиш борасида қўллаб-қувватлайверади.

Жаҳонгир МУСТАФОЕВ,
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижрочи директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn