Илғор тажриба ва юқори натижалар эътирофи
  • 29 Май 2015

Илғор тажриба ва юқори натижалар эътирофи

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида ўтказилаётган “Ташаббус — 2015” кўрик-танловининг якуний босқичи ўз ишини бошлади.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан асос солиниб, 19 йилдан буён анъанавий равишда ташкил этилаётган мазкур танлов нафақат юқори натижаларни қўлга киритаётган тадбиркорларни рағбатлантириш, балки мамлакатимизда мулкдорларнинг ўрта синфини шакллантириш, ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, ишлаб чиқаришга инновацияларни самарали қўллашга хизмат қилаётган энг муҳим иқтисодий форумга айланиб улгурди.
Негаки, унинг доирасида маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилаётгани тадбиркор, фермер ва ҳунармандларга ўзаро тажриба алмашиш, кооперация алоқаларини йўлга қўйиш имконини бераяпти. Натижада танловнинг нуфузи тобора ортиб, иштирокчилар сафи йил сайин кенгаймоқда. Бу йилги танловнинг қуйи босқичларида 6228 нафар тадбиркор, фермер ва ҳунарманд қамраб олиниб, уларнинг маҳсулотлари кўргазмасига 45 мингдан ортиқ киши ташриф буюргани ана шундан далолат беради.
“Туркистон” саройида кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилган дастлабки босқичларида сараланиб, ҳудудларда ғолибликни қўлга киритган 41 нафар энг илғор, энг тажрибали, энг ташаббускор ишбилармонлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг кўргазмаси ташкил қилинди.
Унинг очилишида сўзга чиққанлар қайд этганидек, “Ташаббус” кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари, фермерлар ҳамда ҳунармандларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш, ҳамкорлар топиш, ташқи бозорга чиқишда кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Буни тасаввур қилиш учун танлов иштирокчилари дастлабки йилларда бир неча турдаги маҳсулотлари ёки хизматларини тақдим этганини эслашнинг ўзи кифоя. Бугунги кунда эса тадбиркорлар деярли барча соҳада фаол қатнашмоқда. Фермерлар хом ашё етиштириш билан бирга, уни чуқур қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштирган бўлса, ҳунармандларимиз эришаётган ютуқлар ҳам алоҳида таҳсинга лойиқ. Уларнинг изланувчанлиги туфайли халқ амалий санъатининг қадимий турлари қайта тикланиб, замонавий йўналишлар билан уйғунлаштирилмоқдаки, унинг бетимсол намуналари, асосан, хорижлик буюртмачиларга етказиб берилмоқда. “Ташаббус — 2015” республика кўрик-танловининг якуний босқичи иштирокчилари томонидан намойиш этилаётган маҳсулотлар билан танишган киши бунга яққол ишонч ҳосил қилади.
Дарҳақиқат, тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган энергетика ускуналари, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотлари, спорт жиҳозлари, пойабзал буюмлари ўзининг юқори сифати билан хорижникидан асло қолишмайди. Шу боис улар нафақат ички бозорда, балки чет элларда ҳам тобора харидоргир бўлиб бораяпти. Масалан, Бухоро шаҳридаги “Livadiya-Bukhara” корхонаси ўтган йили 10,5 минг АҚШ долларилик мева-сабзавотни қуритиш линияларини экспорт қилган бўлса, жорий йилда бундай ускуналардан ташқари, умумий қиймати 2 миллион долларлик қуритилган маҳсулотларни ҳам хорижга етказиб беради.
Экспортчи корхоналар сафидан мустаҳкам жой эгаллаган “Наманган момиқ сочиқлари”, “Зарафшон текстиль”, “Тakro Osiyo”, “Урганч бахмал” сингари корхоналар маҳсулотларига ҳам буюртмалар тобора кўпаймоқда.
— Юртимизда тадбиркорлик ҳаракати ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, қўшимча имтиёзлар берилаётгани фаолиятимизни кенгайтириб, ташқи бозорга дадил кириб боришимизга имконият яратаяпти, — дейди Жомбой туманидаги “Зарафшон текстиль” МЧЖ раҳбари Темур Сатторов. — Ўзимиздан қиёс: иш бошлаган йилимизда 20 хил трикотаж маҳсулоти тайёрланган бўлса, бугунги кунда уларнинг тури 100 дан ошди. Ишчилар сони ҳам икки баробардан зиёд кўпайиб, 115 нафарга етди. Энг муҳими, ўтган йили Европа ва МДҲ мамлакатларига 3 миллион 95 минг долларлик трикотаж маҳсулотлари экспорт қилишга муваффақ бўлдик.
Республикамиз аграр соҳасининг таянч устунига айланган фермер хўжаликлари фаолиятига ҳам инновацион ишланмалар, илм-фан ютуқлари изчил қўлланилаётгани муваффақиятлар омили бўлаётир. Айтайлик, танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритган қишлоқ мулкдорларининг деярли барчаси кўп тармоқли бўлиб, ички бозорни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришга муносиб ҳисса қўшаётир. Фарғоналик фермер Равшан Шераев — шулардан бири.
Гап шундаки, у юртимизда биринчилардан бўлиб эчки сутини саноат усулида қайта ишлашни йўлга қўйиб, аҳолига шифобахш сут, қатиқ, пишлоқ, творог, сариёғ каби маҳсулотлар ҳадя этаяпти.
— Ҳозирги кунда фермер хўжалигимизда 70 бош эчки парваришланаяпти, — дейди Равшан Шераев. — Уларнинг ҳар биридан кунига беш литргача сут соғиб олиниб, қайта ишланмоқда. Эчки сути маҳсулотларига ташқи бозорда ҳам талаб юқорилиги туфайли келгусида эчкилар бош сонини янада кўпайтириб, “Ўзбегим даласи” бренди остида тайёрланаётган маҳсулотларимизни экспортга йўналтиришни мўлжаллаяпмиз.     
Ҳунармандлар маҳсулотлари намойиш этилаётган бўлим ҳам одамлар билан гавжум. Айниқса, қашқадарёлик ёш гиламдўз Азиза Шарипова тўқиган араби, ғожари, қоқма, терма, холи гиламлар, хуржун, бўғчама, кегиз, сумка ва совғабоп буюмлар жуннинг табиий ранги сақланган ҳолда, ажиб тасвирлар туширилиб яратилгани боис санъат ихлосмандлари томонидан яхши баҳоланмоқда.
— Гиламдўзлик менга момомерос бўлиб, болалигимдан шу ҳунар билан шуғулланаман,  — дейди Азиза. — Танловда 20 хилдан ортиқ маҳсулотларим билан иштирок этаётган бўлсам, уларнинг аксарияти гиламдўзликнинг унутилиб кетган турлари намунасидир. Қизгилам — шулардан бири. Қадимда бундай гиламлар ҳар бир келиннинг сепида бўлган. Аммо унинг усули қийинлиги, яъни тескари тўқилгани учун унутилиб кетган. Биз уни қайта тиклашга эришдик.
Ҳунарманднинг турфа маҳсулотлари хорижлик санъатшуносларнинг шахсий коллекцияларини безаган. Унинг ишларига, айниқса, японларнинг меҳри бўлакча. Хусусан, япониялик ёш олим Фумито Сано Ўзбекистон гиламдўзлиги ва гиламдўзларининг ҳаётини ўргангани бунинг тасдиғидир.
Азизанинг айтишича, Фумито Сано бир йилдан кўпроқ унинг ёнида юриб, гиламдўзлик ҳунарини ўрганиш билан бирга, ўзбек этнографияси, маданияти ва турмуш тарзимиз билан яқиндан танишган. Шу йўсинда ўзининг докторлик диссертациясини ёқлаган.
Танловнинг якунловчи босқичига келган қайси ҳунарманд билан суҳбатлашманг, фаолиятидаги шу каби ютуқлар ҳақида тўлқинланиб сўзлайди. Бу юртимизда эркин меҳнат қилиш учун қулай шарт-шароит яратилгани самарасидир.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Фермерлар кенгаши, “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ўтказилаётган “Ташаббус — 2015” республика кўрик-танлови иштирокчилари орасидан ғолиблар, анъанага мувофиқ, учта асосий — “Энг яхши тадбиркор”, “Энг яхши фермер”, “Энг яхши ҳунарманд” йўналишлари бўйича аниқланади. Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан унга янги — “Кекса тадбиркор — “Ташаббус” эъзозида” қўшимча номинацияси киритилгани диққатга сазовордир.
Танловнинг ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими 11 июнь куни бўлиб ўтади.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn