Тадбиркорлик ривожи — устувор мақсад
  • 29 Май 2015

Тадбиркорлик ривожи — устувор мақсад

Мамлакатимизда иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича кенг миқёсли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Хусусан, 2012 — 2014 йилларда хусусий мулк мавқеини ошириш ва уни ҳимоя қилишга қаратилган ўн бешдан ортиқ Қонун қабул қилинди. “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”, “Рақобат тўғрисида”, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида” ва бошқа қонун ҳужжатлари ана шулар жумласидандир. Бинобарин, бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан 56 фоизга етгани, иш билан банд аҳолининг 77 фоизи айнан шу соҳада меҳнат қилаётгани хусусий сектор ривожига қаратилаётган алоҳида эътибор натижаси ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилинган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳам хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги ролини ошириш, уни янада равнақ топтиришда учраётган айрим тўсиқларга буткул чек қўйиш, соҳа субъектлари фаолиятини замонавий талаблар асосида ташкил қилишга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Адлия вазирлигида ўтказилган анжуманда ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва ижроси, юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг ҳуқуқий асослари хусусида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, мазкур Фармонга мувофиқ, тадбиркорлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш учун янада қулай иқтисодий, ҳуқуқий шарт-шароит яратиш юзасидан жорий йилда амалга ошириладиган ўттиз учта аниқ чора-тадбирни кўзда тутувчи комплекс дастур тасдиқланди. Жумладан, туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида “бир дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари ташкил этилади. Бу  тадбиркорлар давлат хизматларидан фойдаланишида дуч келиши мумкин бўлган бюрократик тўсиқларнинг олдини олишга,  очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
Тадбирда, шунингдек, 2014 йилнинг 1 январидан жорий этилган тадбиркорлик субъектларини интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизмининг самаралари таҳлил қилинди. Маълумот берилишича, ўтган йили адлия органларига ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлигидаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекцияларига юридик шахслардан жами 10 минг 127 та ҳамда жорий йилнинг биринчи чорагида 9 минг 21 мурожаат келиб тушган.  Ушбу рақамлар тадбиркорларнинг ўз фаолиятини эркин ва самарали олиб бориши учун яратиб берилаётган имкониятлардан бохабарлик даражаси тобора ўсаётганини, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан ишлаш кўникмаси ривожланаётганини кўрсатади.
Адлия вазирлиги мутахассислари, тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган мазкур анжуманда ишбилармонлар фаолиятини янада эркинлаштириш бўйича амалга ошириладиган вазифалар, юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказишда қонунийликни таъминлаш масалалари юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилди.

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn