Имконият кенг, режаларимиз улкан
  • 29 Май 2015

Имконият кенг, режаларимиз улкан

Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иқтисодиётимизнинг таянч кучи сифатида намоён бўлаётгани барчамизга яхши аён. Бундан биз, ишбилармонлар ҳар қанча ғурурланиб, фахрлансак арзийди.

Соҳада қўлга киритилаётган ютуқлар, албатта, юртимизда яратилаётган имконият ва қулай шарт-шароитлар туфайлидир. Айниқса, Президентимизнинг яқинда қабул қилинган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони фаолиятимизни янада кенгайтириш учун янги босқични бошлаб берди, десак, асло муболаға бўлмайди. Негаки, мазкур ҳужжатда қайд этилган ҳар бир вазифа тадбиркорлар манфаатига хизмат қилади. Хусусан, унда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза этиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача ошириш белгилаб қўйилди. Шунингдек, барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштириш, 2015 йилнинг 1 июлидан бошлаб микрофирма, кичик корхона ҳамда фермер хўжаликлари фаолиятига оид текширувларни режали тартибда тўрт йилда бир марта ўтказилиши назарда тутилаётгани ҳам диққатга сазовордир.
Биз бу каби имкониятлардан унумли фойдаланиб, олдимизга қўйган мақсадларимизни бирин-кетин амалга ошириб келаяпмиз. Масалан, корхонамизда дастлаб томчилатиб суғориш тизими учун шланглар тайёрлашни ўзлаштирган бўлсак, эндиликда томчилатиш мосламаси, микроиқлим ҳосил қилиш жиҳозлари, турли диаметрдаги сув қувурлари, интенсив боғларни дўлдан ҳимоялаш воситаларини ҳам ишлаб чиқараяпмиз. Улар хорижнинг ана шундай маҳсулотлари билан бемалол рақобатга кириша олаётгани боис талаб ҳам шунга яраша ортиб бораяпти. 2015 йилнинг биринчи чорагида ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан уч баравар ошгани бунинг яққол далилидир. 
Эътиборли жиҳати, корхонамизнинг 63 кишилик жамоаси томонидан тайёрланаётган ушбу маҳсулотлар мамлакатимизнинг барча ҳудудида барпо этилаётган интенсив боғлар, замонавий иссиқхоналарга етказиб берилаяпти. Жорий йилда фермерларнинг талаб ва хоҳишларини инобатга олган ҳолда, шамол генераторларини ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйдик.
Юртимизда тадбиркорлар учун шарт-шароитлар етарли экан, ўз навбатида, биз ҳам шунга муносиб меҳнат қилишимиз лозим. Давлатимиз раҳбарининг Фармони эса бу борада бизга қанот бўлиши, шубҳасиз.

Акмалжон АҲМЕДОВ,
Олмазор туманидаги «EkoDrip» масъулияти чекланган жамияти раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn