Хизмат кўрсатиш такомиллашмоқда
  • 29 Май 2015

Хизмат кўрсатиш такомиллашмоқда

Маълумки, қишлоқ хўжалиги ривожида тизимни зарур техника ва машина-механизмлар билан таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода айтиш мумкинки, бугунги кунда мазкур йўналишда фаолият юритаётган ташкилотлар томонидан кўрсатилаётган хизматлар деҳқон ва фермерларимиз ишига барака киритмоқда.

Жумладан, кейинги йилларда “Ўзагромашсервис” уюшмаси ўз мақсад ҳамда вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, қишлоқ хўжалигига турли техника воситалари, уларнинг эҳтиёт қисмларини етказиб бериш, сервис хизматлари кўрсатиш борасидаги фаолиятини тобора кенгайтираётгани эътиборга лойиқ. 
Пойтахтимизда мазкур уюшма ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ташкил этилган анжуманда шулар хусусида батафсил маълумот берилди.
Таъкидландики, айни пайтда республикамиз бўйича уюшманинг 13 та ҳудудий, 174 та туман машина-трактор парки, 12 та таъминот корхонаси, 14 та қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлаш ва ишлаб чиқариш заводи, 5 та техник хизмат кўрсатиш корхонаси фаолият юритмоқда. Улар томонидан жорий йилнинг баҳорги дала ишларига ва ғалла ўрим-йиғим мавсумига тайёргарлик кўриш олдидан 55 миллиард сўмлик эҳтиёт қисмлар етказиб берилди.
Уюшма таркибидаги “Ўзкейссервис” қўшма корхонасининг вилоятларда жойлашган бўлимларида эса хориждан келтирилаётган “Нью Холланд” ғалла ўриш комбайнлари ҳамда ўзимизда ишлаб чиқарилаётган “TL 100”, “TS 135”, “T 7060” ҳайдов тракторлари, чигит экиш сеялкалари, омочлар ва бошқа ускуналар доимий равишда таъмирланмоқда. Натижада уюшма таркибидаги техникалар ёрдамида ҳар йили қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган ерларнинг 35 фоизига ишлов берилиб, ғалла ҳосилининг 55 фоизи ўриб олинаяпти.
Бундан ташқари, туман машина-трактор парклари таъсисчилигида жойларда ташкил этилган 152 та “Агротехсервис МТП” масъулияти чекланган жамиятида аҳолига шундай хизматлар кўрсатилаяпти.
Анжуманда мутахассислар журналистларни, шунингдек, жорий йилда рўёбга чиқарилиши режалаштирилаётган лойиҳалар  билан ҳам таништирдилар.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn