Қишлоқ хўжалигига — замонавий минитехнологиялар
  • 28 Май 2015

Қишлоқ хўжалигига — замонавий минитехнологиялар

27 май куни “Ўзэкспомарказ” мажмуида қишлоқ хўжалиги учун минитехнологиялар ва ихчам ускуналарнинг “Uzbekistan Agrominitech Expo — 2015” Х Халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-савдоси ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаси, машиналари ва асбоб-ускуналарининг “Uzbekistan Agrotechmash Expo — 2015” IV Халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси ташкил этилди.

Тадбирларнинг очилиш маросимида айтиб ўтилганидек, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли мазкур соҳа барқарор юксалиб, аҳолининг муҳим озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи тўлиқ таъминланиши баробарида, саноат корхоналарига сифатли хом ашё етказиб берилмоқда. Жорий йилнинг I чорагида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 6,3 фоиз ўсгани бунинг яққол далилидир.
Қувонарлиси, бугунги кунда республикамиз деҳқон ва фермерлари хом ашё етиштириш билангина чекланиб қолаётганлари йўқ. Аксинча, улар хорижнинг замонавий минитехнологияларини жалб қилган ҳолда, мева-сабзавот, гўшт-сутни қайта ишлашни йўлга қўйиб, ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдиришга муносиб ҳисса қўшаяптилар.
Ўзбекистон Фермерлари кенгашидан маълум қилишларича, айни пайтда республикамизда мавжуд фермер хўжаликларининг 38 мингтаси кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантирилган бўлиб, уларнинг 563 таси қошида замонавий қайта ишлаш корхоналари ташкил этилиб, 9,8 мингдан ортиғида сервис хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилган. Бундан ташқари, кейинги йилларда қишлоқ мулкдорлари 8511 гектар ерда анъанавий усулда, 6094 гектар майдонда интенсив боғ, 9574 гектар пайкалда токзорлар яратиш билан бирга, паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик ва асаларичилик тармоқларига ҳам қўл уришди.
Бундай истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқаришда Президентимизнинг 2006 йил 24 августдаги “Қишлоқ хўжалиги учун минитехнологиялар ва ихчам ускуналарнинг Халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-савдосини ўтказишни ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, анъана тусини олган мазкур кўргазма-савдо айни муддао бўлмоқда. Ўтган йилги тадбирда юртимиз фермерлари ва ишбилармонлари умумий қиймати 145,6 миллиард сўмлик қишлоқ хўжалиги техникалари, минитехнологиялар ва ихчам ускуналар харид қилиш бўйича жами 1180 та шартнома ҳамда битим имзолашга эришгани ана шундан далолат беради.
Ташкилотчиларнинг айтишича, тўрт кун давом этадиган бу галги кўргазма-савдо ҳам томонлар учун самарали бўлиши кутилаяпти. Чунки унинг ишида Австрия, Бельгия, Италия, Германия, Франция, Голландия, Жанубий Корея, Хитой каби дунёнинг 24 давлатидан 195 дан ортиқ компаниялар ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан қатнашмоқда.
— Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея ўртасидаги алоқалар барча йўналиш, хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ривожланиб бормоқда, — дейди “Shinwoo21.,Ltd” компанияси бош директори Чанг-Сон Син. — Бунга бизнинг иссиқхоналар учун жиҳозлар ишлаб чиқариш ва уни бунёд этишга ихтисослаштирилган корхонамиз фаолияти мисол бўла олади. Мана, беш йилдирки, юртингиз деҳқон ва фермерларига ўз маҳсулотларимизни етказиб бериб, сифатли хизмат кўрсатиб келаяпмиз. Бу йилги кўргазмада, айниқса, кўплаб янги ҳамкорлар топиш учун қулай бизнес муҳити яратилганидан жуда мамнунмиз.
“Ўзэкспомарказ” очиқ ва ёпиқ павильонларининг деярли барчасини банд этган кўргазма-савдоларда кўплаб бўлимлар ташкил қилинган. Уларда экин-тикин ҳамда боғдорчилик учун мўлжалланган барча турдаги техника ва жиҳозлар, мева-сабзавот, гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишлаш технологик линиялари, қандолатчилик маҳсулотлари, ун ҳамда омихта ем ишлаб чиқариш ускуналари, қадоқлаш воситалари, шунингдек, чорвачиликнинг барча тармоқлари учун энг сўнгги ишланмалар намойиш этилмоқда. Юртимиз фермерлари улар орасидан энг мақбулини саралаб, сотиб олишлари мумкин. Бу жараёнда тижорат банклари, лизинг компаниялари яқиндан кўмак бериб, ўз хизматларини тақдим қилаяпти.
— Бизнинг фермер хўжалигимиз мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган бўлиб, етиштираётган маҳсулотимизни ўзимиз қайта ишлашни йўлга қўйиш мақсадида кўргазмага ташриф буюрдик, — дейди Янгийўл туманидаги “Абдумутал Абдурасул агро” фермер хўжалиги раҳбари Собир Исмоилов. — Намойиш этилаётган ускуналар билан танишиш асносида Австриянинг “Voran” компанияси шарбат ишлаб чиқарувчи минитехнологияси бизга маъқул бўлди. У ихчам бўлса-да, соатига 200 килограмм мева-сабзавотни қайта ишлар экан. 
Халқаро кўргазмаларда республикамизнинг мингдан ортиқ фермер хўжаликлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этиши кутилаяпти. Улар учун хорижнинг замонавий технологиялари тақдимотлари, махсус семинарлар ўтказилмоқда. Бу эса томонлар ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик алоқалари ўрнатилишига хизмат қилиши, шубҳасиз.
Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У. Розуқулов сўзга чиқди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn