Тўқимачилар ва дизайнерлар салоҳиятининг намойиши
  • 28 Май 2015

Тўқимачилар ва дизайнерлар салоҳиятининг намойиши

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида “Тўқимачилик саноати — Textile Expo Uzbekistan — 2015” Халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади. У Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, “Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Модельерлар ва дизайнерлар уюшмаси ҳамда “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазмалар компанияси томонидан ташкил этилди.

Мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида иқтисодиётимизнинг барча соҳаси қаторида енгил саноат тизимида ҳам эътиборга молик ютуқлар қўлга киритилмоқда. Айниқса, тармоқда кўплаб янги корхоналар ишга туширилиб, мавжудлари техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозланаётгани ички бозоримизни рақобатбардош ҳамда сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш имконини бераяпти. Қувонарлиси, бу борадаги ишлар келгусида ҳам жадал давом эттирилади. Яъни Президентимизнинг 2015 йил 4 мартдаги “2015 — 2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги Фармони асосида ушбу давр ичида  республикамиз тўқимачилик саноатида умумий қиймати 918 миллион АҚШ долларилик 77 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Бу — тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватлари  икки  баробар ортади, дегани.
“Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компаниясидан олинган маълумотларга кўра, ҳозирги кунда унинг тасарруфида 310 та корхона бўлса, шундан 156 таси Жанубий Корея, Ҳиндистон, Сингапур, Германия, Швейцария, Италия, Япония каби мамлакатлар ишбилармонлари билан ҳамкорликда ташкил этилган хўжалик юритувчи субъектлардир. Уларда тайёрланаётган маҳсулотлар эса Ҳамдўстлик давлатларидан ташқари, Европа, Жанубий Америка ва Африка қитъасидаги буюртмачиларга ҳам етказиб берилмоқда. Аниқроғи, тизим корхоналари маҳсулотларининг 80 фоизи экспортга йўналтирилаётир.
Шунингдек, компанияда жорий йил охиригача қиймати 231,7  миллион долларлик 33 та инвестицион лойиҳани рўёбга чиқариш орқали 2,8 мингта иш ўрни яратиш мўлжалланмоқда.
— Кўргазмада кўп йиллардан буён иштирок этаяпмиз, — дейди Бухоро вилоятидаги “Шаҳбоз-Шаҳром” хусусий корхонаси раҳбари Муҳаббат Тешаева. — Шу маънода, айтиш мумкинки, ушбу тадбир фаолиятимизни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этаяпти. Масалан, ўтган йили 450 минг долларлик шартнома тузишга муваффақ бўлган эдик. Жорий йилда эса бу кўрсаткични 500 минг долларга етказиш ниятидамиз.
Умуман, бундай кўргазмалар биз, ишбилармонларга нафақат янги ҳамкорлар топиш, балки бозорни чуқур ўрганишда ҳам жуда қўл келмоқда. Шу боис кейинги йилларда бир қатор ғояларимизни юзага чиқардик. Мисол учун, 2013 йили спорт майдонлари учун сунъий майса ишлаб чиқаришни ўзлаштирган бўлсак, бу йил Ҳиндистондан харид қилинган янги технологик линия асосида турли ўлчамдаги матолар тайёрлашни йўлга қўйдик.
Дарҳақиқат, юртимизда тўқимачилик саноати учун зарур бўлган асосий хом ашё — юқори сифатли пахта толаси мавжудлиги, қолаверса, коммуникация тизимларининг  жадал ривожланаётгани, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани соҳани янада ривожлантириш баробарида, хорижий ишбилармонларнинг қизиқишини ҳам оширмоқда. Халқаро кўргазмада Хитой, Ҳиндистон,  Литва, Польша, Япониия, Индонезия, Беларусь Республикаси сингари давлатларнинг 70 дан зиёд компаниялари иштирок этаётгани ана шундан далолат беради.
— Ўзбекистонда уч йилдан буён фаолият юритаяпмиз, — дейди Хитойнинг “Shi Kun Ssk”  компанияси вакили Су Шикун. — Ўтган вақт мобайнида шунга амин бўлдикки, юртингиз иқтисодиёти, шу жумладан, тўқимачилик саноати жадал ривожланаяпти. Буни мазкур соҳа учун мўлжалланган ихчам ускуналаримизга талаб тобора ортиб бораётгани ҳам яққол тасдиқлаб турибди.
Халқаро кўргазма асносида “Байер” дастури амалга оширилаётгани, айниқса, диққатга сазовор. Унинг афзаллиги шундаки, савдо ходимлари шу ернинг ўзида ишлаб чиқарувчилар билан тўғридан-тўғри музокара олиб бориш ва келишувга эришиш имкониятига эга бўладилар.
Шу билан бирга, бу йилги кўргазма доирасида “Мода ва дизайн — 2015” халқаро фестивали ҳам ўтказилаяпти. Унда юртимиз дизайнерларидан ташқари, Италия, Франция, Германия, Корея Республикаси, Япония, Сингапур каби давлатлар мутахассислари ўзларининг ижод маҳсуллари билан қатнашмоқда.
Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У. Розуқулов сўзга чиқди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn