Қулай инвестициявий муҳит ва юксалиш
  • 27 Май 2015

Қулай инвестициявий муҳит ва юксалиш

“Жиззах” махсус индустриал зонасида саноатбоп тикув машиналари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган қўшма корхона фойдаланишга топширилди.

Тараққий этган мамлакатлар тажрибасидан маълумки, жадал ва мутаносиб иқтисодий ўсиш, чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ҳамда иқтисодиётни диверсификация қилишда фаол ва аниқ йўналтирилган инвестиция сиёсатини юритиш энг муҳим омил ҳисобланади.
Шундан келиб чиқиб, республикамизда бу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида қайд этилганидек, ўтган йили иқтисодиётимизга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10,9 фоиз ўсди ва 14 миллиард 600 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бунда жами капитал қўйилмаларнинг 21,2 фоиздан ортиғи ёки 3 миллиард доллардан зиёдини хорижий инвестиция ва кредитлар ташкил қилди. Уларнинг тўртдан уч қисми тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар бўлса, жами инвестицияларнинг 73 фоиздан кўпроғи ишлаб чиқариш соҳасига ва қарийб 40 фоизи машина ҳамда ускуналар харид қилишга сарфланди. Бунинг самараси ўлароқ, бултур иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларида замонавий юқори технологияларга асосланган ускуналар билан жиҳозланган, умумий қиймати 4 миллиард 200 миллион долларга тенг бўлган 154 та йирик объект фойдаланишга топширилди.
Айниқса, инвесторларга кенг солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилган “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналарининг ташкил этилгани юқори технологияларга асосланган корхоналарни ривожлантириш имкониятини вужудга келтирди.
— Ҳозирги кунгача биз умумий қиймати 30,9 миллион АҚШ долларига тенг 8 та лойиҳани муваффақиятли рўёбга чиқардик, — дейди “Жиззах” махсус индустриал зонаси дирекцияси мутахассиси Бобур Мамарасулов. — Зонамизда қулай инвестициявий муҳит яратилгани туфайли хорижий инвесторлар томонидан 17,8 миллион АҚШ долларилик сармоя киритилиши натижасида мобиль телефонлари, барча турдаги транспорт воситалари учун тормоз колодкалари, полипропилен қувурлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, сантехника буюмлари, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш ускуналари, чорва моллари ҳамда паррандаларнинг тўйимли озуқаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Эндиликда бу юмушлар билан салкам 600 киши шуғулланмоқда.
Кеча “Жиззах” махсус индустриал зонасида яна бир йирик объект — саноатбоп тикув машиналари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Juita Gulshana Invest”  Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси фойдаланишга топширилди. Бу маҳсулот нафақат мамлакатимиз енгил саноат корхоналарига етказиб берилади, балки Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатларига ҳам экспорт қилинади.
— 2013 йилнинг ноябрида мазкур ҳудудда янги қўшма корхонани ташкил этиш масаласи давлатимиз раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланганидан сўнг “Ўзбекенгилсаноат” компанияси кўмагида хитойлик ҳамкорлар билан алоқа ўрнатиб, қисқа фурсатда амалий ишларни бошлаб юбордик, — дейди унинг раҳбари Равшан Бобоев. — Аввало, ташландиқ ҳолатга келиб қолган бинони сотиб олиб, қайта тикладик. Хитойдан ускуналар кела бошлагач эса, “Juita” компанияси технологияси асосида тикув машиналарини йиғиш ва уларнинг эҳтиёт қисмларини тайёрлашни ўрганиш учун бир гуруҳ мутахассисларимизни Хитойга юбордик. Улар қайтиб келганидан кейин, ўз навбатида, бу ерда ишлаш истагини билдирган коллеж битирувчиларини касбга йўналтира бошладилар. Пировардида қўшма корхонамиз нафақат ички, балки халқаро бозорда ҳам “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси билан саноатбоп тикув машиналарини сотиш имкониятига эга бўлди.
Эътиборлиси, корхонада ҳозирданоқ бир неча турдаги маҳсулот тайёрланмоқда. Жорий йил охиригача 10 минг дона тикув машинаси ишлаб чиқариш кўзда тутилаётган бўлса, лойиҳада белгиланган қувватга эришилгач, уларнинг сони йилига 15 минг донага етади ҳамда учдан бир қисми хорижга юборилади. Бундан ташқари, бу ерда бир йилда кийимларнинг енги ва ёқаларини тикувчи, икки чокни уловчи дастгоҳлардан мутаносиб равишда 3 минг ва 7 минг дона ишлаб чиқарилади.   
Дарҳақиқат, янги корхонанинг ишга туширилиши мамлакатимизда енгил саноатнинг янада жадал ривожланишига хизмат қилиши, шубҳасиз. Чунки тадбиркорларимиз бундан буён тикув машиналарини харид қилиш учун хорижга бориш, чет элликлар билан шартнома тузиш, бож ва солиқ тўловлари тўлаш каби бир қатор оворагарчиликлардан қутулиши баробарида, йилига салкам 2 миллион АҚШ долларига яқин валюта тежаб қолинади. Бу маблағ эса юртимиз равнақи ҳамда халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга йўналтирилади.
Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатимизда Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб саноатбоп тикув машиналари ишлаб чиқариш ўзлаштирилгани Ўзбекистонни хом ашё  етиштирувчи давлатдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи мамлакатга айлантиришга эришиш йўлида яна бир дадил қадам ташланганидан далолатдир. Бу эса тез орада кутилганидан зиёд самаралар бериши муқаррар.


Икром ЎТБОСАРОВ,
Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn