«Ўзбекистонда тадбиркорликни йўлга қўйиш ва уни ривожлантириш учун барча шароит мавжуд»
  • 26 Май 2015

«Ўзбекистонда тадбиркорликни йўлга қўйиш ва уни ривожлантириш учун барча шароит мавжуд»

Бангкок шаҳрида ташкил этилган семинарда Ўзбекистоннинг сармоявий имкониятлари ҳамда мамлакатимизда бизнес юритишнинг шарт-шароитлари хусусида сўз борди.

Таиланд Қироллигининг Сармоялар бўйича Кенгаши ва Ўзбекистон Республикасининг Бангкокдаги Бош консуллиги ҳамкорлигида уюштирилган мазкур тадбирда Таиланднинг вазирлик ҳамда идоралари, турли маҳаллий компаниялар раҳбарлари ва ходимлари, оммавий ахборот воситалари, эксперт-таҳлил доиралари вакиллари қатнашди.
Учрашувда Таиланд Сармоялар бўйича Кенгаши бош котибининг ўринбосари Чокеди Каевсанг Ўзбекистон Республикаси улкан сармоявий салоҳиятга эга эканлигини алоҳида қайд этди.
— Мамлакатда бизнесни йўлга қўйиш ва уни ривожлантириш учун барча шароит мавжуд, — деди у. — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатадиган хорижлик сармоядорларнинг ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилинади ҳамда кафолатланади. Мабодо Ўзбекистоннинг бу борадаги кейинги қонунчилиги сармоялаш шартини қийинлаштиргудек бўлса, хорижлик сармоядорлар учун 10 йил мобайнида сармоя киритилган вақтдаги қонунчиликнинг шартлари татбиқ этилади. Бундай ҳолатда хорижлик сармоядор хабардор қилиш тартиби билан ўз хоҳишига кўра, янги қонунчиликнинг сармоялаш шароитларига яхши таъсир кўрсатадиган у ёки бу қоидасини ўзига қабул қилиши мумкин. Кейинги йилларда Ўзбекистонда ҳам юридик, ҳам жисмоний шахслар учун солиқ юкини сезиларли даражада пасайтириш тамойили кузатилмоқда. Қолаверса, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ва “Жиззах” ҳамда “Ангрен” махсус индустриал зоналарида ишлаб чиқариш фаолиятини олиб борадиган корхоналар учун қулай солиқ имтиёзлари яратилган.
Семинар доирасида мустақиллик йилларида мамлакатимизда қўлга киритилган кенг кўламли муваффақиятлар ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиш қилинди.

«Жаҳон» АА.
Бангкок

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn