Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшамиз
  • 26 Май 2015

Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшамиз

Юртимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар биз, тадбиркорларнинг кўнглини кўтариб, эртанги кунга бўлган ишончимизни тобора мустаҳкамламоқда.

Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса беқиёс ғамхўрлик ва эътиборнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Чунки мазкур Фармон хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги роли ва ўрнини тубдан ошириш баробарида, ишбилармонлар дуч келаётган тўсиқ ҳамда чекловларни тугатиш, уларнинг эмин-эркин фаолият юритиши учун шарт-шароитлар яратиб берадиган дастуриламал ҳужжатдир.
Шу боис бизнес билан шуғулланаётган юртдошларимиз борки, уни бандма-банд ўқиб, обдан мағзини чақмоқда. 
Фармонга мувофиқ, хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, уларнинг жадал ривожланиши йўлидаги тўсиқларни бартараф этишнинг ўттиз учта аниқ чора-тадбирни кўзда тутувчи комплекс чора-тадбирлар Дастури тасдиқлангани айни дилимиздаги гап бўлди. Энг муҳими, ўз ичида тўртта асосий йўналишни қамраб олган ушбу дастурда қайд этилган ишларнинг деярли барчаси шу йилнинг ўзида амалга оширилиши диққатга сазовор.
Бундан ташқари, Фармонда тадбиркорларга “бир дарча” тамойили асосида кўрсатилаётган хизматларни янада такомиллаштириш белгилаб қўйилганини айтмайсизми?!   
Тадбиркорларга яратиб берилаётган бундай кенг имкониятлардан биз ҳам руҳланиб, олдимизга қўйган мақсадларимизга бирин-кетин эришиб келаяпмиз. Масалан, ўтган йили 117 минг АҚШ долларилик хориж технологияси асосида нон ва қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехини ишга туширган бўлсак, 400 миллион сўм миқдоридаги маблағ эвазига замонавий хизмат кўрсатиш мажмуасини қуриб, фойдаланишга топширдик.
Бугунги кунда 70 нафарга яқин йигит-қиз меҳнат қилаётган жамиятимизда модернизация ишларини изчил давом эттираяпмиз. Сабаби, келгусидаги режаларимиз кўп. Уларни рўёбга чиқаришимизда давлатимиз раҳбарининг ушбу Фармони ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши муқаррардир. 

Акмал МАНСУРОВ,
Зарафшон шаҳридаги «Зарафшон Караван» масъулияти чекланган жамияти раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn