Корпоратив бошқарув тизими мамлакатимизда хусусийлаштириш жараёнини янада жадаллаштириш имконини беради
  • 26 Май 2015

Корпоратив бошқарув тизими мамлакатимизда хусусийлаштириш жараёнини янада жадаллаштириш имконини беради

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда Президентимизнинг 2015 йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда шу йил 28 апрелдаги “Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Иқтисодиёт, Молия, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Давлат рақобат ҳамда Солиқ қўмиталари мутасаддилари, акциядорлик жамиятлари, хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари қатнашди.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Шундан келиб чиқиб, Давлат рақобат қўмитаси томонидан хусусийлаштириш жараёнини янада чуқурлаштириш, корхоналарнинг устав капиталидаги давлат улушларини хусусий инвесторларга, биринчи навбатда, хорижий сармоядорларга сотиш, халқаро тажрибаларни чуқур таҳлил этиш асосида амалиётга замонавий корпоратив бошқарув усулларини татбиқ қилиш, хорижий капитал иштирокида акциядорлик жамиятларини тузишга устуворлик берилмоқда.
Фармон асосида тасдиқланган чора-тадбирлар режасига биноан, 364 та акциядорлик жамиятини янгидан ташкил этиш ва тугатиш жараёнлари устидан назорат ўрнатиш, давлат улуши бўлган акциядорлик жамиятлари рўйхатини шакллантириш учун уларнинг раҳбар ходимларини аттестациядан ўтказиш, акциядорларнинг умумий йиғилишларида уставга ўзгартириш киритиш масаласини кўриб чиқиш сингари кўплаб вазифалар белгилаб олинди.
Шу билан бирга, қарор талабларини бажариш учун давлат мулки бўлган ва бўш турган ҳамда қурилиши тугалланмаган корхоналарнинг устав фондларида мавжуд давлат улуши таҳлил қилинди. Унинг натижасига кўра, давлат ва хўжалик органлари улуши сотилиши шарт бўлган акциядорлик жамиятлари ҳамда танлов асосида “ноль” қийматида сотиладиган давлат мулки объектлари, шу жумладан, қурилиши тугалланмаган иншоотлар рўйхати тузиб чиқилди.
Тадбирда, шунингдек, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифалар ва уларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, 2015 — 2018 йилларда акциядорлик жамиятларининг йиллик молиявий ҳисоботини чоп этиш, ташқи аудит ҳамда молиявий ҳисоботни халқаро стандартларга мослаштириш, инвесторларга берилаётган имтиёз ва кафолатларга доир маърузалар тингланди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn