Тадбиркорлик ривожида муҳим босқич
  • 23 Май 2015

Тадбиркорлик ривожида муҳим босқич

Мамлакатимиз ишбилармонлари Президентимизнинг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳар бир банди билан атрофлича танишиб чиқиб, у соҳа тараққиётини янада жадаллаштиришга хизмат қилувчи муҳим ҳужжат эканлигини таъкидламоқдалар.

Ҳусан МАЛИКОВ,
Янгийўл туманидаги “Гранд эко продукт” масъулияти чекланган жамияти раҳбари ўринбосари:
—  Эътибор ва рағбат улкан мақсадлар сари етаклаши, шубҳасиз.  Шу маънода, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани жабҳадаги хўжалик юритувчи субъектларнинг барқарор фаолият юритишида муҳим омил бўлмоқда. Президентимизнинг мазкур Фармонида белгилаб берилган вазифалар эса бу борадаги  ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослаштирилган корхонамизда ўтган йили қарийб 1,5 миллиард сўмлик мева ва сабзавот пюреси, томат пастаси, хуштаъм шарбатлар, шунингдек, маринадланган консервалар тайёрланиб, истеъмолчиларга  етказиб берилди. Маҳсулотларимиз сифатли, экологик тоза, нархи эса ҳамёнбоп бўлгани учун нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам ўз харидорини топмоқда. 
Айни чоғда ташқи бозордаги ўрнимизни янада мустаҳкамлаш мақсадида қиём ҳамда шарбатларни бежирим шиша идишларга қадоқлаш, мева-сабзавотлардан эса болажонлар учун махсус маҳсулотлар тайёрлаш технологияларини ишлаб чиқаришга жорий этаяпмиз. Бунинг учун таъсисчиларимиз 1 миллиард сўмликдан ортиқ сармоя йўналтиргани қўл келди.
Корхонамизда 60 дан зиёд  киши иш билан банд. Уларнинг ҳаммаси давлатимиз раҳбарининг Фармони талабларидан руҳланган ҳолда, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш йўлида астойдил меҳнат қилмоқда.

Арухан ҚАЙИПБЕКОВА,
Кегейли туманидаги “Жайҳун-Кегейли” масъулияти чекланган жамияти раҳбари: 
— Президентимиз биз, тадбиркорларни доимо қўллаб-қувватлаб, меҳнатимизни  юксак қадрлаб келаётганидан беҳад мамнунмиз. Яқинда қабул қилинган Фармон эса бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида бизни жуда қувонтирди.
Нега деганда, ушбу ҳужжатда хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни янада равнақ топтириш учун зарур шарт-шароит ҳамда имкониятлар яратиш, уларни ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тартибини соддалаштириш, маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш ҳисобига ишбилармонларга кенг эркинлик беришга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Фармонга биноан, туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари негизида “бир дарча” тамойили бўйича тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларини ташкил этиш белгилаб қўйилган. Айниқса, унда молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ўтказиш муддати 10 календарь кунидан ошмаслиги ва бундай текширувлар фақат сўнгги текширувдан кейинги даврни қамраб олиши лозимлиги қатъий кўрсатиб қўйилгани айни муддао бўлди.
Биз бундан тўрт йил муқаддам банк ажратган 85 миллион сўм миқдоридаги кредит эвазига хориждан замонавий дастгоҳлар харид қилиб, тикувчиликка ихтисослаштирилган корхонани ишга туширган эдик.  Кейинчалик аҳолига маиший ва транспорт хизмати кўрсатишни ҳам йўлга қўйдик. Натижада  ишчиларимиз сони 50 нафарга етди.
Қўлга киритаётган ютуқларимиз, табиийки, юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир. Давлатимиз раҳбарининг янги Фармони ижроси эса ютуқларимизни янада кўпайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn