Қулай шароит ва рағбат
  • 23 Май 2015

Қулай шароит ва рағбат

Мамлакатимизда иқтисодиётни таркибий жиҳатдан ўзгартириш ҳамда модернизация қилиш жараёнида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда қонунчилигимизда хусусий мулкнинг устуворлиги таъминланиб, тадбиркорларга қўшимча енгилликлар берилаяпти.
Бундай қулай шарт-шароитлар халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган тадбиркорлик фазилатини янгича маъно-мазмун билан бойитдики, натижада кичик бизнес мамлакатимиз иқтисодий-ижтимоий тараққиётини янада юксак босқичга кўтарувчи асосий кучга айланди. Ушбу соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан бугунги кунда 56 фоизга етгани, иш билан банд аҳолининг 77 фоизи қамраб олингани бунга асос бўла олади.
Президентимизнинг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса тизимда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Сабаби, унда хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги роли ва ўрнини тубдан ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлида учраётган тўсиқ ҳамда чекловларни тугатиш, янада қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароит ва рағбатлар яратиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган. Шу боис мазкур ҳужжат тадбиркорлик субъектлари томонидан қизғин кутиб олиниб, чуқур ўрганилмоқда.
Кеча пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида республика Марказий банки томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Бош прокуратура ҳамкорлигида ўтказилган анжуман ушбу Фармон мазмун-моҳиятини аҳоли, хусусан, кичик бизнес вакиллари ва ёш тадбиркорларга етказишга бағишланди.
Қайд этилдики, мазкур ҳужжатда банк тизими зиммасига ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, молиявий хизматлар кўламини кенгайтириш бўйича бир қатор муҳим вазифалар юклатилган. Дастлаб шундан келиб чиқиб, амалга оширилаётган ишлар, унинг самаралари ҳақида сўз юритилди.
Дарҳақиқат, юртимизда кейинги йилларда кредитлаш тартиб-таомиллари соддалаштирилиб, қайта молиялаш ставкасининг пасайтирилгани, банкларда ҳисоб рақами очишда тўлов ундиришнинг бекор қилингани, шунингдек, расмий веб-сайт орқали мурожаат этиш тизими йўлга қўйилгани тадбиркорларнинг банк кредитларидан фойдаланиш имкониятларини тобора кенгайтирмоқда.
— Президентимизнинг ушбу Фармони тадбиркорлик ҳаракатини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга кенг йўл очиб берди, — дейди Тошкент шаҳридаги “Biolife Cosmitecs” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шаҳноза Сиддиқова. — Чунки унда ишбилармонлар фаолиятига ҳуда-беҳуда аралашишга чек қўйиш бўйича аниқ вазифалар қайд этилган. Яъни эндиликда микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид барча текширув режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир мартадан, бошқа хўжалик субъектларида эса фақат Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарорига асосан, уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга оширилади. 
Анжуманда Марказий банк мутахассислари Фармонда белгиланган янгиликлар, имтиёз ва енгилликлар, ўз навбатида, кичик бизнесга янада кўпроқ молиявий кўмак беришни тақозо қилаётганига тўхталдилар. Шунинг учун бу соҳага йўналтирилаётган сармояларни кўпайтириш, тадбиркорларнинг кредит ресурсларидан фойдаланиш механизмларини такомиллаштириш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Буларнинг барчаси ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, иқтисодиётимизни жадал ривожлантириш, пировардида аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади, албатта.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn