«Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» брендининг нуфузи ортмоқда
  • 22 Май 2015

«Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» брендининг нуфузи ортмоқда

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кўлами ниҳоятда кенг. Рўёбга чиқарилаётган ҳар бир лойиҳа иқтисодий тараққиётимизни мустаҳкамлаш баробарида, халқимиз манфаати, аҳоли турмуш тарзини янада яхшилашга хизмат қилмоқда. Буни темир йўл тизимидаги ўзгариш ва янгиланишлар мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.

Зеро, “Ўзбекистон темир йўллари” давлат-акциядорлик компанияси томонидан тизимни ривожлантириш, ташувларнинг ишончлилигини ошириш ва хавфсизлигини таъминлаш, ишлаб чиқаришга илғор ғояларни қўллаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар замирида ана шундай эзгу мақсадлар мужассам. Сўнгги йилларда мазкур соҳа вакилларининг фидойи меҳнати туфайли 1400 километрга яқин янги темир йўл линиялари барпо этилиб, қарийб 4000 километрлик темир йўл модернизация қилинди, электрлаштирилган темир йўлнинг умумий узунлиги 1630 километрдан ошди.
— Дарҳақиқат, ҳозирги кунда юртимиз темир йўл тизимида ўзига хос тажрибага эга давлатлардан бирига айланмоқда, — дейди компаниянинг стратегик ривожланиш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Пўлатов. — Бу, албатта, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, янги йўлларни қуриш орқали транспорт йўлакларини кенгайтириш, ишлаб чиқариш жараёнини модернизациялаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.
Таъкидлаш жоизки, ана шу жараёнда “Toshkent yo‘lovchi vagonlarini qurish va ta’mirlash zavodi” акциядорлик жамияти ҳам фаол иштирок этмоқда. 2001 йилда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Япониянинг Ташқи иқтисодий ҳамкорлик жамғармаси ўртасида имзоланган кредит битими асосида ташкил қилинган ушбу заводда дастлаб йўловчи вагонлари таъмирланган бўлса, мавжуд цехлар Германия, Япония, Нидерландия, Польша, Буюк Британия, Финляндия, Канада сингари давлатлардан келтирилган замонавий ускуналар билан жиҳозлангач, унинг имкониятлари янада кенгайди. Хусусан, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган вагон” лойиҳаси устида олиб борилган изланишлар натижасида 2009 йилдан бошлаб, “61-907” русумидаги совитиш ускуналари билан жиҳозланган “купе” туридаги вагонлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Орадан икки йил ўтиб эса, худди шу вагонларнинг очиқ турдагисини тайёрлаш йўлга қўйилди. Кейинчалик улар сафига тезюрар поездларга мўлжалланган 48 ўринли янги вагон, вагон-ресторан, вагон-тележкалар қўшилди. Энг қувонарлиси, ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун сертификатлар олинди. Айни пайтда заводда бутунлай янги русумдаги 10 дан зиёд йўловчи ташиш вагонлари ишлаб чиқарилмоқда. Улар қаторида ўзига хос қулайлик ва дизайнга эга бўлган купе, плацкарт, сайёҳларга мўлжалланган махсус вагонлар, шунингдек, йўллар сифатини назорат қилувчи ҳаракатланиш воситалари мавжуд. 
Бундан ташқари, завод мутахассислари томонидан Маҳаллийлаштириш дастурига кўра, 1041 вагон қайта тикланиб, хизмат муддати узайтирилди,
248 та йўловчи вагони тележкаси ишлаб чиқарилди, 116 та йўловчи вагони қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Ўтган йили корхонада, шунингдек, “Тошкент метрополитени” унитар корхонаси  билан имзоланган шартномага мувофиқ, метро вагонларини  мукаммал таъмирлаб, қайта қуришга киришилган эди. Бугунги кунгача
90 та метро вагони тележкаси буюртмачига етказиб берилган бўлса, шу кунларда замонавий метро поездининг дастлабкисини топширишга ҳам тайёргарлик кўрилмоқда. Сўнгги технология асосида қайта қурилган вагонларда яратилган шароитлар энг нозик дидли йўловчиларга ҳам манзур бўлиши, шубҳасиз. Муҳими, бу жараёнда маҳаллий хом ашёлардан унумли фойдаланилаётгани боис метро вагонларининг таннархини икки баробар камайтиришга эришилди.
— Ушбу лойиҳа доирасида жорий йил охиригача ҳар бири тўртта вагондан иборат бўлган бешта метро поездини ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз, — дейди заводнинг тележка ишлаб чиқариш цехи бошлиғи Озод Тўраев. — Келгуси йилдан бошлаб эса, электр энергияни 30 фоизгача тежайдиган, ички ва ташқи кўриниши жиҳатидан ҳозирги вагонлардан тубдан фарқ қилувчи ҳамда йўловчилар учун ҳар томонлама хавфсиз бўлган янги турдаги метро вагонлари ҳам ишлаб чиқарилади.
Яқинда корхонада яна бир янгиликка қўл урилди. Гап шундаки, тажриба сифатида трамвайларни қайта таъмирлаш ва ишлаб чиқариш бошланди. Демак, яқин кунларда кўчаларимизда ўзимизда ишлаб чиқарилган трамвайлар қатновига ҳам гувоҳ бўламиз.
Мухтасар айтганда, бугунги кунда “Toshkent yo‘lovchi vagonlarini qurish va ta’mirlash zavodi” акциядорлик жамиятининг 960 нафарга яқин аҳил жамоаси ўз олдига юксак мақсадларни қўйган ҳолда, ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш йўлида астойдил меҳнат қилмоқда. Бунда уларга тизимда яратилган имконият ва шарт-шароитлар муҳим омил бўлаяпти.


Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
Мирзо МУРОТОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn