Тадбиркорлик равнақи учун беқиёс имкониятлар
  • 21 Май 2015

Тадбиркорлик равнақи учун беқиёс имкониятлар

Президентимизнинг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ишбилармонларга катта қулайликлар яратмоқда.

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш  ҳақида гап кетганда, аввало,  уларга яратилаётган қулай шарт-шароитлар, имтиёзу имкониятларга алоҳида урғу берилмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, соҳа вакилларининг ишончли ва барқарор фаолият юритишида ушбу омиллар муҳим аҳамиятга эга.  Буни ишбилармонларимизнинг қуйидаги дил сўзларидан ҳам яққол англаш мумкин.

Толиб ТОҲИРОВ,
 Қарши шаҳридаги “Asl tabiiy sut” хусусий корхонаси раҳбари:
— Кейинги йилларда мамлакатимизда  кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, яъни мулкдорлар муҳофазасини таъминлашга қаратилган кўплаб ҳужжатлар қабул қилинди. Юртбошимизнинг янги Фармони эса яратувчанликка бел боғлаган, Ватан равнақига ҳисса қўшиш мақсадида елиб-югуриб меҳнат қилаётган ишбилармонларнинг янада эмин-эркин фаолият юритиши учун беқиёс имкониятлар эшигини очиб беради, десак, муболаға бўлмайди. Мисол учун, унда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача ошириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш жараёнини давом эттириш белгилаб қўйилди. Шунингдек, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорларга, фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ёлланган ишчи учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва якка тартибдаги иш берувчи тадбиркор учун белгиланган солиқ ставкасининг 30 фоизи миқдорида солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчини ёллаш ҳуқуқи берилаяпти.
Бошқача айтганда, Президентимиз томонидан тадбиркорларнинг эркин фаолият кўрсатиши, янгилик яратиши, ўз сармояларини қўрқмасдан ишлаб чиқаришга йўналтириши йўлидаги барча тўсиқлар олиб ташланди. Бу —  ишбилармонлар учун ҳақиқий ғамхўрлик намунаси эмасми?! 
Биз бундай эътибор ва яратилаётган шароитлардан руҳланган ҳолда, хорижнинг замонавий технологиялари ёрдамида бир кеча-кундузда 400 литрдан ортиқ сутни қайта ишлаб, харидорларга етказиб бераяпмиз. Келгусида эса янги иш ўринлари яратиш, маҳсулот турларини кўпайтириш ва ташқи бозорга чиқишдек эзгу мақсадларимиз бор. Ишонамизки, бу ниятимиз ҳам, албатта, амалга ошади.

Йўлдош ЭРНАЗАРОВ,
Янгибозор туманидаги “Элинза” ишлаб чиқариш  корхонаси раҳбари:
— Аввало, шуни қайд этишни истардимки, Президентимизнинг Фармонида рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш тартибларини янада соддалаштириш, фаолиятимизга оид барча текширувларни режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир марта ўтказиш каби қатор устувор вазифалар белгилаб қўйилдики, бу, ўз навбатида, иқтисодиётимизда хусусий мулкнинг ўрни ва аҳамиятини ошириш,  тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ҳамда чекловларни бартараф этиш, қисқача айтганда, имкониятларимизни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
 Зотан, Юртбошимиз ҳар бир мажлис ва учрашувда кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш масаласига алоҳида тўхталиб, бу соҳа мамлакат тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини бот-бот таъкидлашини эътиборга олсак, ушбу йўналишда узоқни кўзлаб амалга оширилаётган оқилона сиёсатнинг асосий мақсади, туб мазмун-моҳияти янги Фармонда тўлиқ акс этгани ёрқин аён бўлади. 
Бизнинг корхонамиз тиббиёт ва ўқув мебеллари, спорт жиҳозлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган. 40 нафар киши меҳнат қилади. Улар томонидан буюртмачиларга 190 турдаги маҳсулот тайёрлаб берилаяпти. Шунга яраша даромад ҳам олаяпмиз.
Президентимиз Фармонида белгиланган янги имтиёзлар, шарт-шароитлар эл-юртга наф келтиришдек эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқаришда муҳим дастуриламал вазифасини ўтайди.
 
Абдурасул РИСБОЕВ,
Бекобод туманидаги “Найман инвест” масъулияти чекланган жамияти раҳбари:
— Тадбиркор сифатида фаолиятимизни бошлаганимизга 10 йилдан ошди. Яширишнинг ҳожати йўқ, дастлаб ишни ташкил этишда, кейинчалик ишлаб чиқаришни янгилаш ва кенгайтиришда айрим сунъий тўсиқларни ҳам енгиб ўтишга тўғри келди.
“Ҳолва деган билан оғиз чучимайди”, дейди халқимиз. Айтайлик, сифатли маҳсулот тайёрлаш ва уни харидорга манзур қилиш учун замонавий технология, зарур хом ашё, ишончли шерик ва албатта, етарли миқдорда сармоя керак. Қолаверса, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий таъсири ҳамон сезилиб турган ҳозирги шароитда, айниқса, рақобат кун сайин кучайиб бораётган бир пайтда тадбиркорликни юритиш осон иш эмас. Устига-устак, асоссиз “текшир-текшир”лар мулкдорларнинг руҳини  сўндириб қўйиши ҳам ҳақиқат. 
Давлатимиз раҳбарининг Фармони янгидан-янги имкониятлар эшигини очиши баробарида, ана шундай салбий ҳолатларга батамом барҳам бериши билан аҳамиятлидир.  Уни қайта-қайта синчиклаб ўқиш мобайнида, масалан, мен бир тадбиркор сифатида ўзимни ўйлантириб келаётган кўпгина муаммоларга ечим топдим. Ва очиғи, тадбиркорларни қўллаб-қувватлайдиган, ғамхўр ва фидойи Президентимиз борлигидан янада фахрланиб кетдим.
Корхонамизда, асосан, хуштаъм мева шарбатлари ва маринадланган консервалар тайёрланади. Талаб ҳамда таклифдан келиб чиқиб, ўтган йилдан эътиборан мевалардан шифобахш қоқилар тайёрлашни ҳам ўзлаштирдик. Коллежнинг ўн икки нафар битирувчисини ишга олганмиз. Бултур маҳсулот сотишдан 498 миллион сўм фойда кўрдик. Аммо бу бизни қаноатлантирадиган натижа эмас. 
Негаки, ҳақиқий тадбиркорман, деган одам хориждан маҳсулот келтириб сотишни эмас, ўзимизникини чет эл бозорига олиб чиқиш пайидан бўлади. Шу маънода, бизнинг бирдан-бир мақсадимиз — бу йил экспортни йўлга қўйиш. Юртбошимиз ишбилармонларга катта ишонч билдириб, беқиёс имтиёз ва қулайликлар яратиб бераётган экан, биз ҳам иқтисодиётимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида янада ғайрат-шижоат билан ишлашимиз шарт.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn