Самарали фаолият эътирофи
  • 21 Май 2015

Самарали фаолият эътирофи

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус — 2015” республика кўрик-танловининг Фарғона вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Маълумки, мазкур танлов юртимизда кичик бизнесни ривожлантириш, фермерлик ва ҳунармандчилик соҳасига илғор ғояларни татбиқ этиш, шунингдек, хотин-қизлар ҳамда ёшларни  тадбиркорликка кенгроқ жалб қилишда муҳим аҳамият касб этаяпти. Негаки, унинг доирасида иштирокчилар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг кўргазма-ярмаркаси ташкил этилаётгани, турли учрашувлар, тақдимот маросимлари ва маҳорат дарслари ўтказилаётгани бизнес фаолиятини бошлаш ниятидаги юртдошларимиз учун айни муддао бўлаётир.
Шу билан бирга, бундай амалий мулоқотлар ишбилармонлар ўртасида кооперация алоқаларини ўрнатиш, илғор тажрибаларни ўрганиш учун қулай бизнес муҳитини яратаяпти. Шу боис унга бўлган қизиқиш тобора ошиб бормоқда. Бунга танловнинг вилоят босқичи иштирокчилари томонидан уюштирилган кўргазмага келган кишилар яна бир карра ишонч ҳосил қилди.
Дарҳақиқат, тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар томонидан таклиф этилаётган турфа маҳсулотлар сифатининг юқорилиги, импорт ўрнини босувчи ҳамда экспортга йўналтирилаётгани билан ажралиб турибди. Қайси бир қатнашчи билан суҳбатлашманг, ўз фаолиятини кенгайтириш, янги технологияларни жорий этиш ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, қўшимча иш жойлари яратиш ҳаракатида эканлигини айтади.
— Эчки сути табиий дармондориларга бойлиги ва инсон саломатлиги учун ғоят фойдали эканлиги билан ажралиб туради, — дейди Тошлоқ туманидаги “Ўзбегим даласи” фермер хўжалиги раҳбари Равшан Ширяев. — Шунинг учун биз Европадан наслдор эчки зотларидан олиб келиб, чорвачиликнинг мазкур тармоғини йўлга қўйдик. Ҳозирги пайтда эчки сутидан қатиқ ва бошқа маҳсулотлар тайёрлаб, вилоятимиз аҳолисига етказиб бераяпмиз. Келгусида чет элдан зарур технологияларни сотиб олиб, маҳсулот турини кўпайтирмоқчимиз.
Ушбу фермернинг янгиликка интилиши, иқтисодий кўрсаткичларининг юқорилиги танлов ҳайъати томонидан муносиб баҳоланди ва у “Энг яхши фермер” йўналишида ғолибликни қўлга киритди. Шунингдек, Қўштепа туманидаги “Чимкент султонлар гиламлари” хусусий корхонаси раҳбари Абдубанноб Султонов “Энг яхши тадбиркор”, Риштон туманилик ҳунарманд Саид Аҳмедов “Энг яхши ҳунарманд” номинацияларида биринчи ўринга лойиқ, деб топилиб, танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Набижон СОБИРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn