Мамлакатимизнинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти Берлинда тақдим этилди
  • 21 Май 2015

Мамлакатимизнинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти Берлинда тақдим этилди

Германия пойтахтида Берлин шаҳар маъмурияти, “UniCredit” банки, Немис иқтисодиёти Шарқий қўмитаси, METRO Group концерни ва Ўзбекистоннинг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Шарқий форум” тадбири доирасида мамлакатимиз иқтисодий ва сармоявий салоҳиятининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда Германиянинг сиёсий, иқтисодий, ишбилармон доиралари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Иштирокчилар тақдимот чоғида Ўзбекистоннинг замонавий иқтисодий тараққиёти, саноат корхоналарини модернизациялаш ҳамда технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, сармоявий иқлимни янада такомиллаштиришнинг, шунингдек, мамлакатда ижтимоий ва инфратузилмавий ривожланишга йўналтирилган давлат дастурларининг мазмун-моҳияти билан яқиндан танишишди.
Шу билан бирга, тадбирда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналарида хорижлик сармоядорлар учун яратилган имтиёз ҳамда қулайликлар ҳақидаги маълумотлар ҳам ГФР ишбилармон доиралари вакиллари эътиборига ҳавола қилинди.
Анжуман қатнашчилари Ўзбекистон иқтисодиётининг изчил ўсиб бораётгани хусусидаги фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашар экан, республикада рўй бераётган ўзгаришларга, яратилган қулай сармоявий муҳит ҳамда муваффақиятли сармоявий фаолият учун мавжуд бўлган кенг имкониятларга юқори баҳо бердилар.
— Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти, унинг иқтисодий ва сармоявий, шунингдек, маданий ва сайёҳлик имкониятлари бугунги тадбир давомида муносиб даражада тақдим этилди, — деди “Delloitte & Touche GmbH” аудиторлик-маслаҳат компанияси директори Томас Курт “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири билан суҳбат чоғида. — Мамлакатнинг катта иқтисодий ва сармоявий салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, қатор немис фирмалари ҳамда компаниялари Германия — Ўзбекистон ишбилармонлик кенгаши доирасида ўзбекистонлик шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиш билдирмоқда.
Бизнинг компаниямиз 1845 йили ташкил топган. У бугунги кунда халқаро миқёсда эътироф этилган етакчи аудиторлик компанияларидан бири саналади. Шу муносабат билан биз ўзимизнинг кўп йиллик тажрибамизни баҳам кўришимиз ва манфаатдор бўлган ўзбек компаниялари билан муайян лойиҳаларни амалга оширишимиз мумкин.
— Мен юртингиз ҳақида кўп эшитганман, — дейди “Com4europe” консалтинг компанияси ижрочи директори Корнелиа Лангер. — Шу боис бугун Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида эришган муваффақиятлари, республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига доир маълумотлар алоҳида қизиқиш уйғотди. Мамлакатларимиз икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга. Хусусан, Германия замонавий технологиялар, қайта тикланадиган энергия манбалари, логистика ва бошқа йўналишларда Ўзбекистон билан ўзаро фойдали ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдордир.
Бу ерда Ўзбекистон вакиллари билан атроф-муҳит муҳофазаси ва муқобил энергия соҳаларидаги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдик. Янада самарали ҳамкорликка доир музокараларимиз бардавом бўлишидан умидвормиз.

«Жаҳон» АА.
Берлин

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn