Маҳаллийлаштириш дастури ва янги маҳсулотлар саноатимиз ривожига хизмат қилаяпти
  • 21 Май 2015

Маҳаллийлаштириш дастури ва янги маҳсулотлар саноатимиз ривожига хизмат қилаяпти

Кеча пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида машинасозлик ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш корхоналари тармоқ саноат ярмаркаси ҳамда кооперация биржаси иш бошлади. Мазкур тадбир IХ Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг биринчи босқичи доирасида ташкил этилди.

Унинг очилиш маросимида таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуси билан анъанавий равишда ўтказиб келинаётган ушбу иқтисодий форум саноатимиз ривожида кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Сабаби, унинг узлуксиз фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, бу нафақат ички ва тармоқлараро кооперация алоқаларини ривожлантириш, балки ташқи иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, саноатга хорижий инвестицияларни кенгроқ жалб этишда алоҳида аҳамиятга эга бўлмоқда. Хусусан, ҳар йили кўплаб қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилиб, ички бозор импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдирилаётган бўлса, экспортда янги маҳсулотлар тури ва ҳажми ошиб бораяпти. 2015 йилнинг биринчи чорагида машинасозлик ҳамда электротехника саноатида эришилган ютуқлар бунга яққол мисол бўла олади.
Гап шундаки, жорий йилнинг дастлабки уч ойида Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 504 та лойиҳа бўйича 430 дан ортиқ янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Уларнинг асосий қисми саноатимизнинг мазкур тармоқлари ҳиссасига тўғри келгани эътиборга лойиқ. Жумладан, экскаватор эҳтиёт қисмлари, “Дамас” автомобилининг бутловчи буюмлари, компрессор агрегатлари эҳтиёт қисм ва узеллари, мотор мойлари, гидравлика суюқликлари, шахта вагончалари, янги турдаги маиший музлаткич ҳамда совутқичлар, электр печлар, маиший ёритқичлар, энергия тежайдиган диодли чироқлар, маиший техника учун бутловчи буюмлар етказиб берила бошланди.
Ярмарка саноат корхоналарининг шу каби янги маҳсулотларини кенгроқ намойиш қилиш баробарида, келгуси йил учун буюртмалар портфелини шакллантиришда халқаро бозорнинг ўзига хос механизмига ҳам айланди. Шунинг учун унда иштирок этувчилар сони йил сайин кўпаймоқда. Мисол учун, ўтган йили 135 та корхона 1000 дан ортиқ, шу жумладан, Маҳаллийлаштириш дастури бўйича ишлаб чиқариш ўзлаштирилган 80 турдаги янги маҳсулоти билан қатнашган эди. Якунда ички бозорга умумий қиймати 150,6 миллиард сўмлик маҳсулот етказиб бериш, 3 миллион АҚШ долларилик экспорт амалиётини бажариш бўйича шартномалар имзоланди.
Ташкилотчиларнинг айтишича, бу йилги тармоқ саноат форумида бундан-да юқори кўрсаткичларга эришилиши кутилаяпти. Нега деганда, иштирокчи корхоналар сони ҳам, улар томонидан тақдим этилаётган маҳсулотлар тури ҳам ўтган йилдагига нисбатан анча кўпайган.
Чиндан ҳам таклиф этилаётган маҳсулотлар билан танишар экансиз, республикамизда машинасозлик саноати жадал суръатларда ривожланаётганига яна бир карра амин бўласиз. Чунки бу ерда истиқлол йилларида ишлаб чиқариш йўлга қўйилган замонавий автомобиллар, қишлоқ хўжалиги техникалари ва ускуналари, юк машиналари ҳамда мотоцикллар, улар учун эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар намойиш қилинмоқда.
Ярмаркада “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси тизимидаги 32 та корхона 323 турдаги маҳсулоти билан иштирок этаётган бўлса, шундан 40 тури янги эҳтиёт қисм ва бутловчи буюмлардир. 
— “Автокомпонент” акциядорлик жамияти 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, у юртимизда ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар учун бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар тайёрлашга ихтисослаштирилган, — дейди мазкур корхонанинг бўлим бошлиғи Нурбек Абдувалиев. — Айни пайтда овоз сўндириш тизимлари, қалинлиги 1 миллиметрдан 2,3 миллиметргача бўлган доирасимон, тўртбурчак ва тўғри бурчакли махсус қувурлар тайёрланаяпти. Жорий йилдан бошлаб эса Самарқандда ишлаб чиқарилаётган автобуслар учун овоз сўндириш тизимларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш устида иш олиб бораяпмиз. Бу ҳамкорларимиз сафи янада кўпайишига хизмат қилади. 
Шу ўринда айтиш жоизки, “Автокомпонент” корхонаси ярмарка туфайли янги ҳамкорлар топиш, фаолиятини кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга муваффақ бўлмоқда. Айниқса, унинг “UzDongWonCo.” акциядорлик жамияти билан кооперация алоқаси йил сайин мустаҳкамланмоқда. Айтайлик, ўтган йили ушбу хўжалик юритувчи субъектга 6,5 миллиард сўмлик маҳсулотлар етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланган эди. Бу йил ушбу кўрсаткични 7,3 миллиард сўмликка етказиш мўлжалланмоқда.
Бундай тенг манфаатли келишувларга электротехника саноати ҳамда маҳсулотларни стандартлаштириш корхоналари ҳам эришмоқда. Сабаби, бу ерда таклиф қилинаётган маҳсулотлар икки томонлама шартномалар асосида, қўшимча тендер савдоларисиз амалга оширилади. Бу эса етказиб берувчига ҳам, сотиб олувчига ҳам манфаатлидир.
— Жорий йилги тадбирда “Artel” савдо белгиси остида маиший техникалар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган 10 дан ортиқ корхоналар томонидан 30 хил маҳсулот намойиш этилаяпти, — дейди мазкур компания вакили Дилшод Рўзметов. — Бундан ташқари, Маҳаллийлаштириш дастури асосида ишлаб чиқарилган газ плиталарининг такомиллаштирилган русумлари, кир ювиш машиналари, телевизорлар, кондиционер сингари жами 15 турдаги замонавий маиший техникаларни ҳам олиб келдик. Уларга бўлган қизиқиш ниҳоятда катта. Шу боис ярмарка давомида умумий қиймати 10 миллиард сўмлик шартномалар имзолашни мўлжаллаяпмиз.
Тармоқ саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси иштирокчиларига уч кун давомида машинасозлик ҳамда электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш корхоналари қўлга киритаётган ютуқлар, соҳадаги янгиликлар билан яқиндан танишиш, кооперация алоқаларига киришиш учун барча шарт-шароит яратиб берилган.
Ярмарканинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У. Розуқулов сўзга чиқди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn