Инновацион лойиҳалар — тараққиёт хизматида
  • 20 Май 2015

Инновацион лойиҳалар — тараққиёт хизматида

Кеча “Ўзэкспомарказ” мажмуасида VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси иш бошлади. Маълумки, ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожида илм-фан ютуқлари ўзига хос локомотив вазифасини бажаради.

Айниқса, рақобат тобора кучайиб бораётган ҳозирги шароитда ишлаб чиқаришга интеллектуал салоҳият маҳсуллари бўлган илмий ҳажмдор, юқори самарали ишланмалар, илғор инновацион технологияларни татбиқ этмасдан туриб, харидоргир маҳсулотлар тайёрлаш мушкул.Шу боис республикамизда илмий-техникавий салоҳиятни ривожлантириш ҳамда унинг ютуқларидан оқилона фойдаланиш масаласига тараққиётнинг ҳал қилувчи омили сифатида эътибор қаратилмоқда. Бу борада, таъкидлаш керакки, Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлаяпти.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ярмарка нафақат инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳаларнинг намойиш майдони, балки уларни амалиётга татбиқ қилиш учун саноат корхоналари билан хўжалик шартномаларини тузишда асосий бозор механизмига айланди. Шу боис мазкур тадбирга бўлган қизиқиш ортиб, унинг нуфузи тобора юксалиб бораётир. 2008 — 2014 йилларда ўтказилган ана шундай ярмаркаларда юртимиз олимларининг 3500 дан зиёд ишланмалари, технологиялари ва ғоялари маҳсуллари намойиш қилингани, уларни жорий этиш мақсадида умумий қиймати 86,8 миллиард сўмлик 2300 дан ортиқ шартномалар имзолангани бунинг яққол далилидир.
VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасининг очилиш маросимида сўзга чиққанлар мазкур йирик анжуман саноат тармоқларида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш, энг асосийси, моддий ва табиий ресурсларни тежашга имкон яратаётгани билан янада аҳамиятли эканини алоҳида таъкидладилар.
Дарҳақиқат, ярмаркаларда тузилган шартномалар доирасида бир триллион сўмликдан зиёд янги турдаги маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Мисол учун, кимё саноатида инновацион технологияларнинг жорий этилиши туфайли 302 миллиард сўмликдан ортиқ импорт ўрнини босувчи дефолиант ва ўғитлар ишлаб чиқаришга эришилган бўлса, ёғ-мой саноатида жорий қилинган инновациялар пахта шротини чорвачиликда чекланмаган миқдорда ишлатиш имконини берди. Аниқроғи, унинг ёрдамида 18 та корхонада 530 минг тонна зарарсиз ҳамда тўйимли чорва озуқаси ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бундай далилларни кон-металлургия, нефть-газ, пахтани қайта ишлаш ва енгил саноат тармоқларидан ҳам келтириш мумкин.
Саккизинчи бор ўтказилаётган ярмарка ҳам шу каби самарали келишув ва битимларга бой бўлиши кутилаяпти. Негаки, унда ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг барча жабҳаси қамраб олинган илғор ишланмалар тақдим этилмоқда. Жумладан, саноат йўналишида 150 та, қишлоқ хўжалигида — 121, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика йўналишида — 82, ахборот технологияларида — 75, фан ва таълим йўналишида 25 та янги инновацион технология намойиш қилинаётир. Улар нафақат янги ёки импорт ўрнини босувчи эканлиги, балки экологик хавфсизлиги, тежамкорлиги, айниқса, иккиламчи ресурслар, яъни чиқиндиларни қайта ишлашга мўлжалланганлиги билан ажралиб турибди.
— Бу йилги ярмаркада Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти томонидан 15 та инновацион ишланма тақдим этилаяпти, — дейди мазкур олий ўқув юртининг проректори Эркин Исаков. — Уларнинг аксарияти чиқиндиларни қайта ишлаш асосида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлашга қаратилган. Саноат чиқиндилари асосида ишқорли цемент олиш, ундан эса энергия тежовчи деворбоп материаллар ишлаб чиқариш технологияси — шулардан бири. У “Alina Invest” корхонасида амалиётга татбиқ этилиб, эни ва қалинлиги 20, узунлиги эса 40 сантиметр бўлган қурилиш материали тайёрлана бошланди. Улар ғовак бўлгани туфайли енгил. Бу қурилиш ишларида фойдаланишда қулайлик яратади. Муҳими, шовқинни ўтказмайди. Бундан ташқари, саноат корхоналаридан чиқарилаётган оқова сувларни тозалашга мўлжалланган “Зилол-5”, “Тайлоқ бахмали” ускуналарини ҳам таклиф қилаяпмиз. Улар ёрдамида сув таркиби зарарли моддалардан тозаланиб, истеъмолга яроқли ҳолга келтирилади. Натижада улардан қишлоқ хўжалигида бемалол фойдаланиш мумкин. Шу боис ушбу қурилмаларимизга ҳам саноат корхоналари вакиллари катта қизиқиш билдириб, шартномалар имзолашмоқда.
Шуни алоҳида айтиш керакки, Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ҳамкорлигида икки босқичда ташкил этилаётгани унинг кўламини янада кенгайтириб, нуфузини оширмоқда. Сабаби, ушбу тадбирнинг биринчи босқичи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида ўтказилиб, интеллектуал мулк яратувчилар томонидан таклиф қилинаётган энг истиқболли ҳамда самарали ихтиролар саралаб олинаяпти. Айни чоғда чекка ҳудудларда фаолият кўрсатаётган саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ҳамда фермер хўжаликларини кўпроқ жалб этиш, томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга пойдевор яратилаётир.
Ташкилотчиларнинг айтишича, навбатдаги ярмарка Ўзбекистонда инновацион иқтисодиётни шакллантириш йўлида янги босқич вазифасини ўташи кутилаяпти. Нега деганда, республикамиздаги илмий ташкилотлар ва олий ўқув юртларида яратилган илғор инновацион технологияларга маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда тадбиркорлар, хорижий сармоядорлар ва халқаро жамғармалар вакилларини кенгроқ жалб этиш, инвестициялар оқимини кўпайтириш мақсадида “hi-tech”, яъни юқори технологиялар йўналишига асос солинди. Унда ген инженерияси, ҳужайра технологиялари, фармацевтика ва биотехнологиялар, нанотехнологиялар, шунингдек, ахборот технологиялари соҳаларига доир илғор инновацион ишланмалар тақдим қилинмоқда.
— Бизнинг марказимизда энг сўнгги технологиялар асосида маркерларга асосланган селекция, ген инженерияси қўлланилган ҳолда, ғўза, буғдой ва картошканинг истиқболли навлари яратилди, — дейди Геномика ва биоинформатика маркази илмий ходими Мухтор Дармонов. — Улар касаллик ва зараркунандалар таъсири, шунингдек, қурғоқчиликка чидамли бўлиб, ҳосилдорлиги ҳамда сифат кўрсаткичлари юқори. Шунинг учун ушбу навларга бўлган талаб тобора ортмоқда. ўўзанинг “Порлоқ” навлари бунга мисол бўла олади. Қолаверса, ярмаркада саноатбоп, толасининг узунлиги 37-38 миллиметр, гектар ҳисобига 45-50 центнердан ҳосил берадиган ғўзанинг “Равнақ-1”, “Равнақ-2” навларини ҳам намойиш этаяпмиз. 
Ярмаркада, шунингдек, Президентимиз томонидан шу йил 5 майда имзоланган 2015 — 2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада тежамкор энергия технологияларини жорий этиш, энергия ҳажмини камайтириш бўйича чора-тадбирлар дастурига доир қарорга мувофиқ, яна бир янги — энергия ва ресурсларни тежовчи технологиялар йўналиши ташкил қилинди. Асосан, саноат корхоналари, кичик бизнес субъектлари учун мўлжалланган ушбу бўлимда қайта тикланадиган энергия манбалари, энергияни тежайдиган бино ва иншоотлардан фойдаланишнинг самарали усуллари қамраб олинган 50 та ишланма намойишга қўйилган.
— Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори ишимизга бўлган меҳримизни янада ошириб, илмий изланишларимиз кўламини кенгайтириб юборди, — дейди Фарғона давлат университети доценти Баҳодир Каримов. — Чунки мен кўп йиллардан буён айни шу йўналишда, яъни муқобил энергия манбаларидан саноатда кенгроқ фойдаланиш йўлида илмий тадқиқот олиб бораяпман. Бунинг самараси ўлароқ, электр энергияси ҳосил қилувчи шамол генератори, кичик ГЭС ҳамда қуёш панелларини лойиҳалаштириб, талабаларим билан биргаликда ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйдик. Бугунги кунга қадар ўндан ортиқ буюртмачиларга қуёш батереялари, ўнга яқин хонадонларга эса кичик ГЭС ва шамол генераторларини  етказиб бердик. Бугунги ярмаркада ҳам ишланмаларимизга талаб катта бўлмоқда. Биринчи куннинг ўзида 50 миллион сўмлик шартномалар тузишга эришганимиз бунинг тасдиғидир. 
Ниятимиз — ҳамкорлар топиб, муқобил энергия ҳосил қилувчи ускуналаримизни саноат усулида ишлаб чиқаришдир.
Жорий йилги ярмаркада Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари ҳамда бошқа идоралар тизимидаги муассасалар ва ихтирочилар томонидан кейинги йилларда яратилган янги технологиялар, замонавий ишланмалар ҳамда инновацион ғояларга, айниқса, кенг ўрин берилди. Уларни танлашда эса инновацияларнинг рақобатбардошлигини белгиловчи асосий мезонлар, хусусан, ишланмаларнинг амалиётга жорий этишга тайёрлиги, энергия ва материал тежамкорлиги, маҳаллий хом ашёдан фойдаланилганлиги, бозорга янги маҳсулот чиқариш имкониятини бериши каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилганини айтиш жоиз.
Шу билан бирга, тадбирга ёш олим ва талабалар кенгроқ жалб этилган ҳолда, уларнинг 70 та ишланмаси намойиш қилинаяпти. Иқтидорли талабаларни рағбатлантириш мақсадида эса Ёшларнинг инновацион ғоялари республика кўрик-танлови ҳам ўтказилмоқда.
Ярмарка доирасида янги техника воситаларининг тақдимотлари, долзарб мавзуларда инновацион форумлар ҳам ўтказилиши режалаштирилган. Унинг биринчи кунида эса Тошкент халқаро инновацион форуми бўлиб ўтди. Форумда муҳокама этилган масалалар мамлакатимиз илмий салоҳиятини янада юксалтириш, юртимиз олимлари изланишларини саноат талабига мос замонавий ишланмалар яратишга йўналтириш, пировардида иқтисодиётимиз тараққиётини янада жадаллаштиришга хизмат қилиши муқаррардир.
VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А. Икромов ва У. Розуқулов сўзга чиқди.


Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn