Эркин фаолият учун мустаҳкам кафолат
  • 20 Май 2015

Эркин фаолият учун мустаҳкам кафолат

Президентимизнинг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони жойларда зўр мамнуният билан кутиб олинди.

Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, замонавий корхоналар барпо этиш, мавжудларини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, давлат тузилмаларининг тадбиркорлик фаолиятига аралашувини чеклаш, уларга зарур ресурсларни харид қилиш ва ўз маҳсулотларини сотиши учун бозорларга чиқиш имкониятлари яратиб берилаётгани, қўшимча солиқ имтиёзлари жорий этилаётгани ушбу соҳанинг иқтисодиётимиз ривожидаги улуши тобора ортишида муҳим омил бўлаётир. Ўз навбатида, бу саъй-ҳаракатлар аҳоли даромадлари ҳамда турмуш фаровонлигини оширишдек эзгу мақсадларга хизмат қилаяпти.
Президентимизнинг ўтган ҳафтада эълон қилинган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиши, шубҳасиз. Мазкур ҳужжат билан танишиб, давлатимизнинг биз, тадбиркорларга кўрсатаётган ғамхўрлиги нақадар юксак эканлигини яна бир карра дилдан ҳис қилдик.
Фармонда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача ошириш белгиланган. Шунингдек, унда барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштириш, қолаверса, 2015 йилнинг 1 июлидан бошлаб микрофирма, кичик корхона ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид барча текширувлар режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир мартадан ўтказилиши назарда тутилаётгани диққатга сазовордир.
Албатта, бундай енгилликларнинг жорий этилиши ишбилармонларни янада янги ташаббуслар сари ундайди, иқтисодиётимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга руҳлантиради.
Биз ҳам бу каби қулайликлардан фойдаланиб, 2012 йилда банкнинг 200 миллион сўмлик кредити ва шунча миқдордаги шахсий жамғармамиз ҳисобидан пишиқ ғишт ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхона ташкил этган эдик. Қисқа вақтда фаолиятимизни ривожлантиришга эришдик. Масалан, бултур банкдан яна 350 миллион сўмлик сармоя олиб, цехларимизда модернизациялаш тадбирларини амалга оширдик. Натижада ишчиларимиз сони 15 нафардан 30 нафарга кўпайди. Кунлик маҳсулот тайёрлаш ҳажми эса 8 минг донадан 30 минг донага етказилди.
Айтмоқчиманки, юртимизда тадбиркорликка ҳар томонлама йўл очиқ. Президентимизнинг навбатдаги Фармони эса соҳани изчил ривожлантиришда мустаҳкам пойдевор бўлади.


Усмон НИҲОЛОВ,
Қўшработ туманидаги
«Қўшработ қурилиш таъмир» масъулияти чекланган жамияти раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn