Салоҳият, экспорт ва иш ўринлари
  • 20 Май 2015

Салоҳият, экспорт ва иш ўринлари

«Ташаббус» ғолиблари ана шу мезонлар асосида аниқланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун анъанавий ўтказиб келинаётган “Ташаббус” кўрик-танлови жамиятимизнинг энг фаол қатлами — тадбиркорлар, фермерлар ҳамда ҳунармандлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантирибгина қолмай, улар фаолиятини рағбатлантиришда ҳам катта аҳамият касб этмоқда.

Танловнинг Қашқадарё вилояти босқичи мисолида бу фикрлар яна бир карра ўз тасдиғини топди. Айтиш жоизки, жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида кичик бизнеснинг улуши 41,7 фоиз, саноатда 14,2 фоиз, пуллик хизматлар кўрсатишда 57,1 фоиз ва бандликда 78,3 фоизни
ташкил қилди. Ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 19,4 фоиз кўп, яъни 492 та тадбиркорлик тузилмаси иш бошлади. 
“Ташаббус” кўрик-танлови ҳудудларда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакат иқтисодиётида хусусий секторнинг улушини ошириш, тадбиркорлик субъектларининг касбий маҳорати ва билим даражасини янада юксалтириш учун зарурий шарт-шароитлар яратиш, соҳадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш каби эзгу мақсадлар рўёбига хизмат қилаётир.
Тадбир доирасида 42 нафар иштирокчи ишлаб чиқарган маҳсулотлари ва хизматлари кўргазмасини ташкил этди. Ҳакамлар ҳайъати ҳар бир қатнашчи фаолиятига баҳо беришда уларнинг эришган ютуқ ва натижаларига алоҳида эътибор қаратди. Якунда Китоб туманидаги “Voha mash`ali” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Санжар ўаниев “Энг яхши тадбиркор”, Нишон туманидаги “Сайдалиев Муҳриддин” фермер хўжалиги раҳбари Муҳриддин Сайдалиев “Энг яхши фермер”, чироқчилик ҳунарманд Азиза Шарипова “Энг яхши ҳунарманд” йўналиши бўйича биринчи ўринни эгаллаб, кўрик-танловнинг республика босқичига йўлланма олди.
— “Ташаббус”да биринчи марта иштирок этаяпман, — дейди китоблик тадбиркор Санжар ўаниев. — 2007 йилда қурилиш соҳасида иш бошлагандик. Ўтган даврда давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, фаолиятимизни кенгайтирдик. Хорижнинг илғор технологиялари асосида 8 турдаги қурилиш маҳсулоти — микрокальцит ҳамда бўёқлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Бундан ташқари, транспорт ва қурилиш хизматларини ҳам кўрсатаяпмиз. Мазкур танловнинг вилоят босқичида “Энг яхши тадбиркор” деб топилишим зиммамга катта масъулият юклайди.
Танловда, шунингдек, “Энг яхши ёш тадбиркор”, “Энг яхши тадбиркор аёл”, “Энг яхши инновацион лойиҳа муаллифи”, “Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор”, “Менинг юртим — менинг ифтихорим”, “Энг яхши экспортчи”, “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби”, “Кекса тадбиркор ташаббус эъзозида”, “Энг яхши масъулиятли ижтимоий шерик” йўналишлари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.


Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn