Юқори технологиялар ва юксалиш одимлари
  • 19 Май 2015

Юқори технологиялар ва юксалиш одимлари

Мамлакатимизда иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизациялаш, саноат корхоналарини техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар амалда ўз самарасини бермоқда. Жумладан, Навоий вилоятида истиқлолнинг дастлабки йилларида 110 та саноат корхонаси фаолият юритган бўлса, жорий йилга келиб, уларнинг сони 1400 тадан ошиб кетди.

Ўтган вақт мобайнида ҳудуддаги олтин, уран, цемент, фосфорит, сунъий тола, қоракўл тери каби хом ашё ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар қаторида кон-металлургия саноати ҳам жадал ривожланди. Бунга айни пайтда 59 минг нафар киши меҳнат қилаётган Навоий кон-металлургия комбинати фаолияти яққол мисол бўла олади.
Ушбу комбинатга қарашли “Мурунтоғ” кон бошқармасида босқичма-босқич модернизациялаш ишлари амалга оширилаётгани боис иш унумдорлиги тобора ортмоқда. Масалан, бу ерда 2011 йили баландлиги 270 метр, эни икки метр, умумий узунлиги 2480 метр бўлган ноёб тик нишабли конвейер ҳамда осма канатли йўл ишга туширилгач, тоғ жинсларини 37 градус қияликдаги лента ёрдамида вагонларга етказиб бериш имконияти вужудга келди. Тўртта майдалаш-юк ташиш пункти, иккита одимловчи ағдарма ҳосил қилгич, кўчма конвейер ва шағал тош йиғувчи юклагичларни ўз ичига қамраган мазкур технология ёрдамида бир кеча-кундузда 3,5 минг куб метр тоғ жинсларини манзилига етказиб бериш мумкин.
— Шу билан бирга, мазкур конвейернинг фойдаланишга топширилиши билан ҳар бир транспортда юк ташиш ишлари бир кеча-кундузда 3,5 километргача қисқарди, — дейди “Мурунтоғ” кон бошқармаси смена бошлиғи Жасурбек Исматов. — Пировардида биргина ўтган йили ёқилғи сарф-харажатларини қисқартириш эвазига 2,2 миллиард сўмдан ортиқ маблағни тежашга муваффақ бўлдик.
Яна бир эътиборли жиҳати, айни пайтда замонавий кон бошқармасида “Тоғ-кон механизм ва транспорт воситаларини диспетчерлаштириш тизими”, яъни GPS навигация технологиясидан ҳам самарали фойдаланилмоқда. Бу эса транспорт воситаларининг мақсадли ҳаракатланишини назорат қилиш ва техник ҳолатини бошқаришда жуда қўл келаяпти.
Мухтасар айтганда, бугун навоийлик кончилар берилган имконият ва шарт-шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда, астойдил меҳнат қилишаётир. Уларнинг ғайрат-шижоатида юртимизнинг равнақига муносиб ҳисса қўшишдек эзгу мақсадлар мужассам эканлиги янада қувонарлидир.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn