Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар самаралари халқаро миқёсда эътироф этилмоқда
  • 15 Май 2015

Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар самаралари халқаро миқёсда эътироф этилмоқда

Финляндия пойтахтида мамлакатимизга бағишланган семинар-тақдимот бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикасининг Латвиядаги элчихонаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда Финляндиянинг расмий, ижтимоий-сиёсий ва ишбилармон доиралари вакиллари қатнашди.

Юртимизда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ҳамда Ўзбекистон ва Финляндия ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ҳамда истиқболлари билан боғлиқ масалалар мулоқотларнинг асосий мавзуи бўлди. Мамлакатимизда иқтисодиёт ва унинг етакчи тармоқлари ривожланишининг барқарор юқори суръатларига эришилгани, шунингдек, хорижлик сармоядорларга қулай шароитлар яратилгани алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, республикамизда кекса авлод вакилларининг турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш, уларнинг моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланиши қамровини кенгайтириш, ижтимоий, пенсия ҳамда тиббий хизматлар кўрсатилишини такомиллаштиришга катта эътибор қаратилаётгани ҳам тадбир иштирокчиларига ҳавола этилди. Бу ўринда 2015 йил Ўзбекистонда “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилингани ва шу муносабат билан ишлаб чиқилган Давлат дастури муваффақиятли равишда ҳаётга татбиқ этилаётганига урғу берилди.
Тадбирда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг йиллик ўсиши сўнгги йиллар давомида 8 фоиздан зиёдни ташкил қилаётгани айтиб ўтилди. Қайд этилганидек, банк тизимидаги ислоҳотлар иқтисодиётимизнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминлашда энг муҳим омил бўлди. Бунинг натижасида тижорат банкларининг жами капитали 25 фоиз ошди. Сўнгги йиллар давомида “Moody’s”, “Standard & Poor’s” ва “Fitch Ratings” каби етакчи рейтинг агентликлари Ўзбекистон банк тизими фаолиятини “Барқарор” деб баҳоламоқда.
Шунингдек, мамлакатимизда олиб борилаётган сармоявий сиёсатнинг ўзига хос жиҳати юқори технологияга асосланган ишлаб чиқаришга, маҳаллий хом ашё ресурсларининг чуқур қайта ишланишини таъминлайдиган қўшма лойиҳаларга устувор даражада аҳамият қаратилаётгани билан изоҳланиши алоҳида таъкидланди. Инвесторларга кенг солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилган “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Ангрен” ҳамда “Жиззах” махсус индустриал зоналарининг ташкил этилгани юқори технологияларга асосланган корхоналарни ривожлантириш имконини кенгайтирди. Ушбу зоналар учун зарур ташқи муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси тўлиқ республика маблағлари ҳисобидан барпо этилаётир.
Семинар-тақдимот чоғида Ўзбекистонда муқобил энергия манбаларини ривожлантириш билан боғлиқ лойиҳалар финляндиялик ишбилармонларда катта қизиқиш уйғотди. Жумладан, Finwind, Flinkenberg, Nocart, Suntrika сингари компаниялар томонидан “Ўзбекистонда 293 та қишлоқ врачлик пунктини фотоэлектр станциялари билан жиҳозлаш” лойиҳасининг амалга оширилишида иштирок этиш юзасидан қизиқиш билдирилди.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn