Ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда
  • 15 Май 2015

Ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда

Мамлакатимиз иқтисодиётида юз бераётган сифат ўзгаришлари унинг етакчи тармоқларидан бири бўлган нефть-газ саноатида қўлга киритилаётган ютуқлар мисолида ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Табиий газ ва газ конденсатини чуқур қайта ишлаш асосида қўшимча қийматга эга маҳсулотлар тайёрлаш ҳажмини ошириш, уларнинг турини кўпайтиришга эришилаётгани ана шундан далолат беради.
Натижада жаҳон нефть-газ саноатидаги бугунги мураккаб жараёнларга қарамасдан, бирламчи ёқилғи-энергетика ресурсларига бўлган ички эҳтиёж тўлиқ таъминланиши билан бирга, экспорт ҳажми ҳам муттасил равишда оширилмоқда.
Халқаро экспертларнинг эътироф этишича, бу Президентимиз ташаббуси билан саноат салоҳиятини юксалтириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилашга доир тармоқ дастурларининг изчил амалга оширилаётгани, хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда, замонавий қувватлар ишга туширилаётгани туфайлидир. Бу эса, ўз навбатида, чет эл сармоядорларининг юртимиз иқтисодиётига бўлган қизиқишини тобора кучайтирмоқда. Тошкент шаҳри ўн тўққизинчи марта мезбонлик қилган “Ўзбекистон нефть ва гази — OGU — 2015” халқаро кўргазмасига дунёнинг 20 мамлакатидан 200 тадан ортиқ компания раҳбарлари ва вакиллари ташриф буюргани бунинг тасдиғидир.
Ушбу нуфузли форум доирасида долзарб мавзудаги халқаро анжуман, ранг-баранг тақдимотлар ташкил этилаётгани унинг иштирокчиларига мамлакатимиз нефть ва газ саноати ютуқлари билан кенгроқ танишиш имконини берди. Хусусан, тадбирнинг учинчи куни хорижлик меҳмонлар “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси тизимидаги “Ўзнефтгазмаш” акциядорлик компаниясига ташриф буюрди.
Нефть-кимё, нефть-газ соҳаси корхоналари учун юқори технологияли асбоб-ускуналар, улар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш ва сервис хизматлари кўрсатишга ихтисослаштирилган мазкур йирик хўжалик юритувчи субъект 1998 йилда ташкил этилган. Айни пайтда республикамизнинг турли ҳудудларида унга қарашли бешта завод фаолият кўрсатаяпти. Уларда тайёрланаётган импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотларга нафақат ички бозорда, балки ташқи бозорда ҳам талаб тобора ортиб бораяпти. Ҳозирги кунда компания маҳсулотларининг 10 фоизи хорижлик буюртмачиларга етказиб берилаётгани бунга мисол бўла олади.
Таъкидлаш керакки, корхонанинг технологик ва ишлаб чиқариш имкониятлари ниҳоятда юқори бўлиб, буюртмачиларга шартнома асосида компрессорлардан тортиб, қуюв, темирчилик маҳсулотларигача етказиб берилади. Ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишган меҳмонлар бунга ишонч ҳосил қилишди.
Корхонанинг қуюв цехини унинг бамисоли уриб турган юрагига қиёслаш мумкин. Сабаби, бу ерда юқори ҳароратда металл эритилиб, ундан мураккаб асбоб-ускуналар ҳосил қилинади. Цехнинг салкам 200 кишилик жамоасининг қўли-қўлига тегмайди. Кимдир қумдан қолип тайёрласа, бошқаси металл эритиш печини назорат қилади. Шу тариқа бир кеча-кундузда ўртача 10 тонна металл тайёрланади.
— Бугун пўлат асосида қуюв маҳсулотлари ишлаб чиқарилаяпти, — дея изоҳ беради цех бошлиғи Жума Ражабов. —  Биласиз, пўлат жуда мустаҳкам металл ҳисобланади: 1490 даража иссиқликда эрий бошлайди. Биз эса уни 1650-1680 даража ҳароратда эритиб, сўнгра махсус қолипларга қуямиз. Маҳсулотларимиз сифати юқорилигининг боиси шунда.
Шундан сўнг меҳмонлар корхонанинг компрессор ишлаб чиқариш, механик-йиғув, темирчилик-тайёрлов цехлари ҳамда сервис маркази фаолияти билан танишдилар.
— Корхона фаолияти билан танишув асносида юртингиз нафақат нефть-газ маҳсулотлари ишлаб чиқариш, балки мазкур соҳа учун ускуна ва жиҳозлар етказиб бериш борасида ҳам юксак салоҳиятга эга эканлигига амин бўлдим, — дейди Хитойнинг “Jereh” компанияси минтақавий савдо директори Чен Бо. — Бу ерда тўпланган бой тажрибани ўрганиш, ўзаро тажриба алмашиш жуда фойдалидир. Бизнинг компаниямиз шу каби ускуналар етказиб бериш билан шуғулланишини ҳисобга олсак, бугунги ташриф келгусида тенг манфаатли алоқаларни ўрнатиш, ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Корхона ҳудудида ташкил этилган кичик кўргазма эса унинг таркибидаги “Ўзбеккимёмаш заводи”, “Андижон тажриба-синов заводи”, “Қўқон механика заводи”, “Бухоро механика таъмирлаш” акциядорлик жамиятлари ҳамда “Урганчмаш” масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти, уларда ишлаб чиқарилаётган турфа маҳсулотлар билан батафсил танишиш учун қулай шароит яратди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn