Бандлик: Ижтимоий ҳимоянинг муҳим кафолати
  • 14 Май 2015

Бандлик: Ижтимоий ҳимоянинг муҳим кафолати

Катта ҳаётга қадам қўяётган ҳар бир ёш, энг аввало, жамиятда ўз муносиб ўрнини эгаллашни мақсад қилади. Пухта билим олиб, касб-ҳунар эгаси бўлаётган ёшлар учун яратилаётган иш ўринлари ана шундай орзу-умидлар рўёби сари йўл очиши, шубҳасиз.

Зеро, Президентимиз раҳнамолигида ҳаётга изчил татбиқ этилаётган ислоҳотлар жойларда аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларни ижтимоий ҳимоялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, бундай эзгу саъй-ҳаракатлар натижасида ўтган йили Тошкент вилоятида 87 минг 421 иш ўрни ташкил этилди. Уларнинг 70 фоиздан ортиғи қишлоқ жойларга тўғри келади. Мазкур рақамларнинг ўзиёқ қанчадан-қанча хонадонларга қут-барака кираётганидан далолат беради, албатта. 
Масалан, Ангрен шаҳридаги “Jun Long Industrial”, “Alfredo textile”, Олмалиқ шаҳридаги “Jurabek Laboratories” қўшма корхоналарининг ҳар бирида янги қувватларни ўзлаштириш, мавжудларини техник ва технологик қайта жиҳозлаш ҳисобидан 100-120 нафардан зиёд кишиларнинг бандлиги таъминланди. Бўка туманида тўқимачилик йўналишида фаолият бошлаган “Дайшн мега-текс” масъулияти чекланган жамияти эса бир йўла
300 кишини ишга жалб этди. Бекобод шаҳридаги “Сайёра орзу”, Бекобод туманидаги “Зафар қурилиш инвест” корхоналари фаолиятининг кенгайиши ҳисобига уларда ҳам 30-35 та иш жойи яратилди. Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.
Замонавий технология билан жиҳозланган саноат корхоналарида ишлаш бир қарашда мушкул вазифадек туюлади. Чиндан ҳам, компьютерлаштирилган қурилмалар мутахассисдан тезкорлик ва аниқликни талаб этади. Қувонарлиси, бугун юртимиздаги касб-ҳунар коллежларида ўқиб, пухта билим ва кўникмага эга бўлган ёшлар бундай мураккаб технологик ускуналарни моҳирона бошқаришаяпти.
Ўрта Чирчиқ туманидаги саноат ва сервис касб-ҳунар коллежини тўқимачилик йўналиши бўйича тамомлаган Сайёра Тошматова ҳам Тўйтепадаги “Тextill Mill Tashkent” корхонасида иш бошлаши биланоқ ўз вазифасига тезда киришиб кетди. Ҳозир  жамоада унинг 50 га яқин тенгдошлари енгил саноат соҳасида тажриба орттирмоқда.
— Коллежни битиргач, албатта, ўзим танлаган соҳа бўйича ишлайман, деб мақсад қилгандим, — дейди Сайёра. — Буни қарангки, дипломли бўлгунимча, шаҳримизда энг илғор технологик ускуналар билан жиҳозланган енгил саноат корхонаси фаолият бошлади. Ҳеч иккиланмай, шу ерга ишга келдим. Янглишмаган эканман. Чунки бу жамоада “Устоз — шогирд” анъанаси яхши йўлга қўйилгани тажрибамиз ошишида жуда асқатмоқда.
Вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармасидан маълум қилишларича, кейинги бир йилда ҳудуднинг шаҳар ва туманлардаги Бандликка кўмаклашувчи ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш  марказларига мурожаат этган 20 минг 103 нафар фуқаро ўзига мақбул, маълумоти ва мутахассислигига мос иш билан таъминланди. Уларнинг яна бир гуруҳи ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди. 10 минг 751 нафар ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқаро ҳам мазкур тоифа учун мўлжалланган иш ўринларига жойлаштирилди. Бу борада мунтазам ташкил этиб келинаётган меҳнат ярмаркаларининг ўрни ва аҳамияти катта бўлаётир.
— Уй-рўзғор юмушлари ҳамда фарзанд тарбиясидан ажралмаган ҳолда даромад топишни истардим, — дейди Зангиота туманилик уй бекаси Умида Эшонқулова. — Бандликка кўмаклашувчи ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази кўмаги билан мақсадимга эришдим. Ҳозир туманимиздаги “Man joy toys” масъулияти чекланган жамияти касаначилари сафидаман. Шу тариқа оиламиз фаровонлигига ҳисса қўшаяпман.
Эътиборлиси, ўтган йили вилоятдаги 300 дан зиёд корхонада касаначилик асосида 4 минг 500 га яқин иш ўрни яратилди.  Хусусан, Бекобод шаҳри, Бўстонлиқ, Зангиота, Янгийўл ва Қибрай туманларидаги ўнлаб саноат тузилмаларининг ҳар бирида
15-18 тадан касаначилик ўрни очилди. Улар, асосан, хотин-қизларга мўлжалланган бўлиб, коржомалар тикиш, маҳсулот саралаш, қадоқлаш, қутиларга жойлаш, қандолатчилик, пазандалик каби йўналишлардан иборат. Дарвоқе, ҳудудда 2014 йилга мўлжалланган бандлик дастури асосида ташкил этилган иш ўринларининг салмоқли қисми, аниқроғи, 50 мингдан ортиғи айнан ёшларга мўлжаллангани билан аҳамиятлидир. Бу, табиийки, меҳнат бозорига кириб келаётган асосий қатлам — касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлашда айни муддао бўлмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида вилоятдаги 130 га яқин ана шундай муассасанинг 34,4 мингга яқин битирувчиси ишга жойлашгани сўзимиз тасдиғидир. Бу борада таълим муассасалари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳам яхши самара бераётир.
— Бизнес лойиҳам тижорат банкининг молиявий кўмаги билан рўёбга чиқди, — дейди олмалиқлик коллеж битирувчиси Шаҳноза Раҳимжонова. — Шу тариқа “Шоҳиста Шаҳноза” тикув корхонасини очиб, 10 нафар дугонам билан бир жамоа бўлиб ишлаяпмиз. Айни пайтда мактабгача таълим ва тиббиёт муассасалари учун махсус чойшаблар ишлаб чиқармоқдамиз. Келгусида эркаклар ва аёллар учун мавсумий кийимлар тайёрлашни йўлга қўймоқчимиз.
Мухтасар айтганда, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурида вилоятдаги ҳар бир шаҳар ва туманнинг ўзига хос хусусиятлари, демографик ҳолати ҳамда меҳнат ресурслари инобатга олингани унинг тўлақонли рўёбга чиқишини таъминлаяпти. Бу эса ижтимоий ҳимоя ва аҳоли турмуш фаровонлигини оширишнинг янги имкониятлари сари йўл очмоқда.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn