Замонавий технологиялар — ривожланиш омили
  • 14 Май 2015

Замонавий технологиялар — ривожланиш омили

Кеча Тошкент шаҳрида “Замонавий технологиялар ва инновациялар — Ўзбекистон нефть-газ саноатининг энергетика самарадорлигини оширишнинг асослари” мавзуида халқаро конференция очилди.

“Ўзбекистон нефть ва гази — OGU — 2015” ўн тўққизинчи халқаро кўргазмаси доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда дунёнинг Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Италия, Хитой, Голландия, Польша, Словения, Франция, Чехия, Жанубий Африка Республикаси, Корея Республикаси сингари ўнлаб давлатларидан 100 нафардан ортиқ хорижий мутахассислар, йирик компаниялар вакиллари ҳамда халқаро экспертлар қатнашмоқда.
Жаҳон ёқилғи-энергетика бозорининг энг нуфузли анжуманлари сирасига кирувчи ушбу анъанавий форумдан кўзланган мақсад мамлакатимиз нефть-газ салоҳиятини кенгроқ намоён қилиш, маҳаллий ва хорижий компаниялар ўртасида савдо-инвестициявий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, энг асосийси, тармоқ ривожига қаратилган долзарб масалаларни муҳокама этишдан иборатдир. Шу боис унга бўлган қизиқиш йил сайин ортиб бораяпти.
Халқаро конференциянинг ялпи мажлисида таъкидланганидек, унинг мавзуси ниҳоятда долзарб. Чунки ишлаб чиқариш, айниқса, нефть-газ саноати истиқболини замонавий технологиялар ва илғор инновацияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун юртимизда мавжуд қувватларни изчил модернизациялаш, замонавий объектларни бунёд этиш, янги конларни ўзлаштириш жараёнига илғор ва тежамкор технологиялар татбиқ қилинмоқда. Натижада углеводородни чуқур қайта ишлаш ҳажми ортиши баробарида, тайёрланаётган маҳсулотлар турини кўпайтириш, экспорт ҳажмини оширишга эришилаяпти.
Халқаро экспертларнинг фикрича, республикамизнинг нефть-газ ва нефть-кимё саноати салоҳияти юқори бўлиб, табиий газ ҳамда газ конденсатини қайта ишлаш асосида қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш ва уларнинг турини кенгайтириш мумкин. Президентимизнинг 2015 йил 4 мартдаги “2015 — 2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги Фармони ушбу жабҳада янги уфқларни очмоқда.
Негаки, ушбу ҳужжатга мувофиқ, белгиланган давр ичида умумий қиймати 18 миллиард АҚШ долларилик 50 дан ортиқ инвестициявий лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилади. Асосан, нефть ва газ қазиб олиш ҳажмини ошириш, янги конларни ўзлаштириш, углеводородни чуқур қайта ишлашни кўпайтиришга қаратилган бу лойиҳалар ижросига ҳозирданоқ чет эл инвестицияси жалб қилина бошлангани эътиборга моликдир.
— Конференцияда яқин истиқболда Ўзбекистон иқтисодиётининг нефть-газ соҳасида амалга оширилиши белгиланган йирик лойиҳалар билан танишдим, — дейди Франциянинг “CGG” компанияси савдо бўйича минтақавий директори Абдулқодир Жедду. — Улар доирасида геофизик қидирув ишларини кенгайтириш, янги конларни ўзлаштиришга устувор аҳамият қаратилаётгани менда катта қизиқиш уйғотди. Бизнинг компаниямиз айни шу йўналиш, яъни геофизик қидирув ишларини рўёбга чиқариш учун кенг турдаги дастурий таъминот маҳсулотлари ва асбоб-ускуналарни етказиб бериш билан шуғулланади. Шу боис тадбирда мазкур масалага бағишланган маърузам билан иштирок этаяпман.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон нефть-газ саноати ривожининг бугунги ҳолати ва истиқболи, унга янги технологиялар ҳамда инновацияларни жалб қилган ҳолда энергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш каби долзарб масалаларга доир маърузалар тингланди.
Халқаро конференция иштирокчилари шуъба мажлисларида соҳага оид муҳокамаларни давом эттирдилар.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn