Тупроқсиз ҳам ҳосил олса бўлади
  • 14 Май 2015

Тупроқсиз ҳам ҳосил олса бўлади

«Менинг бизнес ғоям» танловида ана шундай қизиқарли лойиҳалар таклиф этилаяпти.

Одатда, қишлоқ хўжалиги экинларидан фақат тупроқ воситасида ҳосил олинади, деган тасаввурга эгамиз. Аслида ундай эмас экан. Яъни тупроқсиз ҳамда ўсимликлар уруғисиз ҳам кўчат ва ҳатто, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш мумкинлиги илмий-амалий  жиҳатдан ўз исботини топган.
Масалан, “гидропоника” деб юритиладиган усулни қўллаган ҳолда, ўсимликларни сувда ўстирса ҳам бўлади. Бунинг учун махсус қувурларга туваклар ўрнатилиб, уларга керамзит тоши ва вермикулит ўғити жойлаштирилади, кейин уруғ ташланади. Қувур орқали мунтазам айланиб турадиган сув эса экин ривожи учун зарур ўғитлар билан тўйинтирилади. Қарабсизки, ўн кун ўтиб, тувакларда дуркун кўчатлар униб чиқади. Муҳими, дейлик, у агар помидор ниҳоли бўлса, атиги бир ойдан сўнг ҳосили пишиб етилади.
Сирдарё саноат касб-ҳунар коллежи битирувчиси Гулираъно Ўрозалиева “Менинг бизнес ғоям” танловининг Сирдарё вилояти босқичига тақдим этган бизнес лойиҳа ана шундай қизиқарли ва айни пайтда, истиқболлидир. Шу боис коллеж ўқувчисининг келгусида амалга оширишни ният қилган мазкур ўзига хос тадбиркорлик режаси ҳакамлар ҳайъати томонидан  юқори баҳоланди ва у танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
— Бизнес лойиҳамнинг мақсади қурилиш сифати ҳамда суръатини оширишга қаратилган, — дейди танловнинг яна бир иштирокчиси, Боёвут қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Асадбек Норбўтаев. — Яъни мен таклиф қилаётган ғиштлар ҳозир фойдаланилаётганларининг ўн иккитаси ҳажмига тенг бўлса-да, вазни енгил. Чунки уч қисмли бу қурилиш ашёсининг бир қатлами пенопластдан иборат. Мазкур восита ғиштнинг вазни оғир бўлмаслигини таъминлаши баробарида, хона ҳарорати мўътадиллигига ҳам хизмат қилади. Яна таклиф этилаётган ғишт биноларни зах ва емирилишдан сақлайди. Уларнинг мустаҳкам бўлишини кафолатлайди.
Айтиш лозимки, лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ўртасида ўтказиб келинаётган танловнинг бу йилги вилоят босқичига турли йўналишлар бўйича кўплаб бизнес лойиҳалар тақдим қилинди. Бинобарин, унда 90 нафар ўқувчининг ишлари кўриб чиқилди. Улар орасидан саралаб олинган ўнта бизнес-режа муаллифи танловнинг республика босқичида қатнашади.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn