Нефть ва газ саноатимизнинг улкан имкониятлари
  • 13 Май 2015

Нефть ва газ саноатимизнинг улкан имкониятлари

хорижлик инвесторларнинг қизиқишини янада оширмоқда

Кеча пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуасида “Ўзбекистон нефть ва гази — OGU — 2015” ўн тўққизинчи халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади. Мазкур тадбир “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида “IТE Uzbekistan” компанияси томонидан ташкил этилди.
Мана, салкам йигирма йилдирки, дунё нефть-газ саноатининг етакчилари, ушбу соҳага ихтисослаштирилган йирик хорижий компаниялар Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, тармоқ истиқболи, унга замонавий технологияларни татбиқ этиш, янги йўналишларга асос солиш, долзарб мавзуларни муҳокама қилиш мақсадида Тошкентда жам бўлади. Бу галги саноат форумига жаҳоннинг 20 давлатидан 200 дан ортиқ компания раҳбарлари ва вакиллари ташриф буюрдики, бу ҳам мамлакатимиз иқтисодиётига бўлган қизиқишнинг юқорилигидан яққол далолатдир.
Зеро, жаҳон нефть-газ саноатидаги мураккаб вазиятларга қарамасдан, юртимизда бу соҳа жадал суръатларда ривожланмоқда.
Халқаро кўргазманинг очилиш маросимида таъкидланганидек, иқтисодиётимизнинг локомотивларидан бирига айланган нефть-газ саноатида қўлга киритилаётган ютуқлар замирида Президентимиз ташаббуси билан мазкур соҳа равнақига қаратилаётган алоҳида эътибор, яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар мужассам.
Дарҳақиқат, истиқлол йилларида кўплаб замонавий мажмуа ва йирик корхоналар ишга туширилгани табиий бойликларни ўзлаштириш, уни чуқур қайта ишлаш, маҳсулот ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш имконини бермоқда. Натижада бирламчи ёқилғи-энергетика ресурсларига бўлган ички эҳтиёж тўлиқ таъминланиши баробарида, хом ашё ва маҳсулотлар экспорти тобора оширилаяпти.
Эътиборлиси, нефть-газ тармоғида иш самарадорлигини ошириш, тайёрланаётган маҳсулотлар рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида саноат корхоналарига инновацион лойиҳаларни жорий этиш, мавжуд қувватларни технологик янгилаш тадбирлари изчил олиб борилаётир. Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 4 мартдаги 2015 — 2019 йилларда таркибий ўзгаришларни чуқурлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш бўйича чора-тадбирлар дастурига доир Фармони бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириб, сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқмоқда.
Гап шундаки, ушбу ҳужжатга мувофиқ, келгуси йилда ўн битта, 2017 йилда бешта, 2018 йилда тўққизта, 2019 йилда ўн тўртта ва ундан сўнг яна ўн битта углеводород хом ашёсини чуқур қайта ишлашга йўналтирилган йирик лойиҳалар рўёбга чиқарилади. Шу маънода, “Ўзбекистон нефть ва гази — OGU — 2015” халқаро кўргазмаси чет эллик ҳамкорлар учун ушбу лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот олиш, айни чоғда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун қулай фурсатдир.
— Кўргазмага ташриф буюриб, Ўзбекистонда нефть-газ тармоғини ривожлантириш истиқболлари, янги қувватларни ишга тушириш режалари билан яқиндан танишишга муяссар бўлдик, — дейди Италиянинг “Eusebi Impianti” компанияси менежери Родольфо Боллати. — Яқин истиқболда амалга оширилиши белгиланган бу лойиҳалар юртингизда углеводород ресурсларини қидириб топиш ва қазиб олиш, конларни тайёрлаш ҳамда ишлатиш жабҳасида юқори тажриба тўпланганини исботлаб турибди. Биз ҳам уларнинг ижроси борасида ҳамкорлик қилиш ниятида ўз маҳсулотларимизни таклиф этаяпмиз. Яъни компаниямизда ишлаб чиқарилаётган, нефть-газ саноати корхоналари учун мўлжалланган ёнғинни ўчириш автоматик тизимларини намойиш қилаяпмиз. Уларнинг сифати юқорилиги боис қизиқиш катта бўлмоқда.
Республикамиз нефть ва газ саноати ютуқларининг чинакам намойиш майдонига айланган бу йилги халқаро кўргазмада дунёнинг Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Италия, Хитой, Голландия, Польша, Словения, Франция, Чехия, Жанубий Африка Республикаси, Корея Республикаси сингари ўнлаб давлатларидан йирик компаниялар ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан қатнашаяпти. Улар орасида геология-қидирув, геофизик ҳамда сейсмик асбоб-ускуналардан тортиб, табиий ресурсларни қазиб олиш, уни чуқур қайта ишлаш, маҳсулот сақлаш ва етказиб бериш ускуналари ҳамда технологиялари, шунингдек, назорат-ўлчаш жиҳозлари, иссиққа чидамли ва қийин эрийдиган маҳсулотлар, автомобилга сиқилган газ қуйиш компрессор станциялари учун замонавий асбоб-ускуналаргача бор.
— Ушбу кўргазмада иккинчи марта иштирок этаяпмиз, — дейди Жанубий Кореянинг “Hyuosung” компанияси менежери Чонг Санг Ёл. — Бизнинг компаниямиз сиқилган газ компрессорлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган бўлиб, маҳсулотларимизни дунёнинг 73 давлатига экспорт қиламиз. Кейинги йилларда, айниқса, Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқаларимиз тобора мустаҳкамланмоқда. Бунда юртингизда хорижий ҳамкорлар қўллаб-қувватланаётгани муҳим омил бўлаяпти. Масалан, компаниямиз аввалги кўргазма доирасида имзоланган шартномалар асосида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида автомобилларга сиқилган газ қуйишга мўлжалланган учта компрессорни ўрнатиб берди. Бу галги кўргазма ҳам келишувларга бой бўлишига ишонамиз. Чунки мамлакатингизда экологик тоза ёнилғи қуйиш шохобчаларини барпо этишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришни таъминлайдиган нефть-газ ва нефть-кимё саноатида кўп йиллик бой тажрибага эга. Бунга “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси учун ажратилган намойиш бурчагига ташриф буюрган киши яна бир карра амин бўлади. Кўргазмада компания тизимидаги 30 га яқин маҳаллий ва қўшма корхоналар иштирок этаётган бўлиб, улардан қайси бирининг фаолияти билан яқиндан танишманг, соҳада тўпланган тажрибадан оқилона фойдаланилаётгани, хорижнинг замонавий технологик линияларини жалб этган ҳолда, модернизациялаш тадбирлари изчил олиб борилаётгани, пировардида саноатимиз ривожида янги саҳифалар очилишига муносиб ҳисса қўшаётганига гувоҳ бўласиз.
— Юртингиз иқтисодиёти, айниқса, нефть-газ саноати барқарор ривожланиб бораётганидан хабардормиз, — дейди Хитой Халқ Республикасининг “Kerui Group” компанияси вакили Давид Ву. — Бу эса савдо-иқтисодий ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришда қўл келмоқда. Бизнинг компаниямиз нефть-газ соҳаси учун замонавий ускуна ва қурилмалар ишлаб чиқариш, техник хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган бўлиб, дунёнинг 57 та давлатида филиали, хусусан, Ўзбекистонда ўз ваколатхонасига эга. Юртингиздаги асосий ҳамкоримиз ҳисобланган “Ўзбекнефтгаз” компанияси кўмагида шу соҳага ихтисослаштирилган корхоналарга қидирув, бурғилаш, хом ашёни қазиб олиш ускуналарини етказиб бераяпмиз. Бугунги кўргазма ўз маҳсулотларимизни кенг намойиш қилиш, янги ҳамкорлар топиш учун қулай бизнес муҳитини яратиб берганидан мамнунмиз.
Халқаро тадбир иштирокчиларини уч кун давомида мамлакатимизнинг нефть ва газ саноати ютуқлари билан кенгроқ таништириш мақсадида кўргазма доирасида долзарб мавзудаги анжуман, ранг-баранг тақдимотлар ташкил этилаётгани диққатга сазовордир. Хусусан, унинг иккинчи кунида “Замонавий технологиялар ва инновациялар — Ўзбекистон нефть-газ саноатининг энергетика самарадорлигини оширишнинг асослари” мавзуида халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилган.
Кеча, шунингдек, “Энергетика — Power Uzbekistan — 2015” ўнинчи халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси ҳам очилди.
Ташкилотчиларнинг айтишича, иккала тадбирнинг бир пайтда ўтказилишидан кўзланган асосий мақсад “Бизнес — бизнесга” тамойили асосида бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган соҳалараро саноат кооперациясини ривожлантиришдан иборатдир. Шу боис унда энергетика, энергетика тежамкорлиги, энергиянинг муқобил манбалари каби муҳим бўлимлар ташкил этилиб, мамлакатимиз энергетика тармоғи ютуқлари кенг тақдим этилаяпти. Халқаро кўргазмаларнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари ў. Ибрагимов сўзга чиқди.


Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn