Туризм: замонавий инфратузилма ва истиқбол
  • 13 Май 2015

Туризм: замонавий инфратузилма ва истиқбол

Қадимий Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Сурхондарё замини истиқлол йилларида мамлакатимизнинг кўркам, обод ва тароватли манзилларидан бирига айланди. Асрларга татигулик ўзгаришлар, улкан бунёдкорлик ишлари воҳани янада яшартириб, яшнатиб юборди.

Пировардида янги иншоотлар, замонавий муассасалар қад ростлади. Инфратузилма ривожланди. Ўз навбатида, ҳудудда жойлашган тарихий ёдгорликлар тубдан таъмирланиб, обод қиёфа касб этди. Буларнинг барчаси воҳанинг сайёҳлик салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Қолаверса, вилоят бетакрор табиати, ширин-шакар ноз-неъматлари, бағрикенг ва меҳмондўст одамлари билан дунё аҳлининг эътирофини қозониб келаётир. Шу боис бу ерга ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сафи тобора кенгайиб бораяпти.
Буни воҳада 2014 — 2016 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилиб, унда белгиланган вазифалар ижроси изчил таъминланаётгани билан ҳам изоҳлаш мумкин. Хусусан, айни пайтда ҳудуддаги маданий мерос объектларининг ягона реестри тузиб чиқилмоқда. Туман ва шаҳарлардаги ёдгорликлар бўйича манбалар тўпланиб, уларнинг паспортлари шакллантирилаётир. Бундай тарихий ҳамда сайёҳлик иншоотларида ўзбек ва инглиз тилларида маълумот стендлари, йўналиш кўрсаткичлари ўрнатилаяпти. Қолаверса, дастур доирасида вилоят ўлкашунослик музейининг янги биноси қурилиши кўзда тутилган. Сайёҳларга хизмат кўрсатувчи махсус транспорт воситалари хариди учун эса ташаббускорлар томонидан кредит олиш учун банкларга зарурий ҳужжатлар тақдим этилмоқда.
Айтиш жоизки, мамлакатимизда ички туризм йўналишида фаолият юритувчи сайёҳлик ташкилотларини лицензиялаш тартиби соддалаштирилгани соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилаётир. Пировардида янги-янги меҳмонхоналар, кемпинг ва мотеллар бунёд этилиб, мавжудлари замон талаблари даражасида реконструкция қилинаяпти. Масалан, ана шундай кенг имкониятлар самараси ўлароқ, яқинда Қумқўрғон, Шўрчи ва Бойсун туманларида чет эллик сайёҳларга мўлжалланган замонавий меҳмонхоналар қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Ўз навбатида, вилоятдаги тарихий обидаларга олиб борувчи йўлларни таъмирлаш бўйича ишлаб чиқилган истиқболли лойиҳалар ижросига ҳам жадал киришилган. Шу асосда келгусида “Термиз — Самарқанд — Термиз” ва “Урганч — Термиз” авиайўналишларини очиш режалаштирилган. Бунинг учун Термиз халқаро аэропортини реконструкция қилиш, унинг кутиш залини кенгайтириш, божхона назорати тизимини модернизациялаш, чет эллик сайёҳларни кутиш ва кузатиш учун алоҳида йўлак ташкил этиш каби кенг кўламли юмушлар амалга оширилади. Бинобарин, туризм компаниялари буюртмаси асосида яқин истиқболда “Термиз — Қарши — Бухоро — Урганч”  йўналишида темир йўл рейслари ҳам йўлга қўйилади. Шеробод, Денов ва Бойсун туманлари, яъни “Термиз — Бойсун — Мачай”, “Термиз — Шеробод — Зараутсой”, “Термиз — Денов — Сангардак” йўналишлари бўйлаб ташкил этиладиган саёҳатлар эса воҳа меҳмонларининг бу кўҳна заминдан бой таассуротлар билан қайтишини таъминлайди.
Маълумки, Термиз шаҳрига азал-азалдан мўътабар қадамжолар, зиёратгоҳлар юрти, деб таъриф бериб келинади. Шу боис жаҳон тамаддунида ўз ўрнига эга бўлган мазкур шаҳарнинг ўтмиши ва бугунини кўришга интилаётганлар сони йилдан-йилга ортиб бораяпти. Чунончи, ўтган йили ушбу тарихий заминга ташриф буюрган сайёҳлар сони салкам 34 минг кишини ташкил қилган бўлса, 2015 йили мазкур кўрсаткич яна икки мингтага ошиши кутилаяпти. Бунда воҳадаги 400 га яқин тарихий-маданий, меъморий обиданинг 25 тасида археологик изланишлар олиб борилаётгани, 20 га яқинида эса янги сайёҳлик йўналишлари очилаётгани муҳим ўрин тутиши, шубҳасиз.


Шуҳрат ИБРАГИМОВ,
«Ўзбектуризм»
Миллий компаниясининг Сурхондарё
вилоятидаги
ҳудудий вакили

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn