Интенсив усул афзаллиги
  • 12 Май 2015

Интенсив усул афзаллиги

Қашқадарёнинг сув тақчил бўлган ҳудудларида томчилатиб суғоришнинг кўчма усулидан фойдаланиш ўзлаштирилди. Осиё тараққиёт банки лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган ушбу технология айни пайтда ўузор, Қамаши, Косон туманларидаги сабзавотчилик, пахта ва ғаллачилик фермер хўжаликларида синовдан ўтказилмоқда. Натижада сувни маълум даражада тежаш ва ҳосилдорликни оширишга эришилаяпти.

— Томчилатиб суғоришда ерни намлантириш орқали обиҳаёт айнан ўсимлик илдизига етказиб берилади, — дейди Дон ва дуккакли дон экинлари илмий тадқиқот институти Қашқадарё филиали етакчи мутахассиси Бахтиёр Худойқулов. — Масалан, оддий усулда сабзавот етиштириладиган майдонларда гектарига
1000-1200 куб метр сув сарфланса, томчилатиб суғоришда бу кўрсаткич 300-400 куб метрни ташкил этади. Бундан ташқари, минерал ўғит сарфи ҳам бир гектар ерда 400 килограмм камаяди. Мазкур усулда парваришланаётган ғўза анъанавий майдондагидан анча баравж ривожланади ва ҳосил 15-18 кун эрта пишади. Минерал ўғитнинг эритилган ҳолда берилиши эвазига ўсимлик озуқа моддалар билан яхши тўйинади ҳамда 50 фоизгача ўғитни иқтисод қилишга эришилади. Янги технология орқали тупроқдаги намликнинг юқори даражада ушлаб турилиши, сувнинг қуёш ва шамолда буғланиб кетишига йўл қўйилмаслиги деҳқонларга маъқул келмоқда.
Таъкидлаш керакки, Президентимизнинг 2013 йил 19 апрелдаги “2013 — 2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида вилоятда 526 гектар майдонда кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида томчилатиб суғориш ва 753 гектар майдонда эгатга плёнка тўшаб суғориш технологияси жорий этилди.


Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn