Янгича ёндашув ва истиқболли лойиҳалар
  • 09 Май 2015

Янгича ёндашув ва истиқболли лойиҳалар

Юртимизда истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ Президентимиз ташаббуси ва кўрсатмаси асосида таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилиб, ёшларимизга пухта билим бериш, уларнинг бирор касбни эгаллаб, мустақил ҳаётга қадам қўйишига кўмаклашилмоқда.

Бу борада, айниқса, 12 йиллик мажбурий таълимнинг йўлга қўйилиши, касб-ҳунар коллежларида ўғил-қизларимизга икки-уч мутахассислик бўйича  сабоқ берилиши тизимда ноёб янгилик бўлди.
Қолаверса, мазкур йўналишдаги ислоҳотлар Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида кўрсатилганидек, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро фаол алоқасини таъминлашни тақозо этади. Пойтахтимизда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан ташкил этилган тадбирда ҳам ана шу ҳақда сўз борди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 14 апрелдаги “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини ахборот-методик таъминлаш хизмати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида фаолияти йўлга қўйилган ахборот-методик таъминлаш хизмати томонидан ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар ҳисоботига бағишланган ушбу анжуманда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори У. Салимов, ахборот-методик таъминлаш хизмати бошлиғи М. Холмуҳамедов ва бошқалар мамлакатимиз таълим тизимида беқиёс янгиланишлар рўй бераётганини таъкидлашди. Юксак эътибор натижасида республикамизда 1500 дан ортиқ янги касб-ҳунар коллежи ва академик лицейлар барпо этилди. Ушбу таълим муассасаларидаги замонавий ўқув-лаборатория, компьютер ва ишлаб чиқариш асбоб-ускуналари ўқувчиларга нафақат умумий фанлар бўйича тўлиқ билим эгаллаш, айни вақтда техника ва технологияларни чуқур ўзлаштириш имконини ҳам бермоқда.
Ахборот-методик таъминлаш хизматининг ташкил этилиши ҳаётга татбиқ қилинаётган ислоҳотларнинг узвий қисми бўлиб, бундан кўзланган мақсад ўқитиш сифатини янада яхшилашдан иборатдир. Ўтган бир йил мобайнида унинг ҳузурида 25 та йўналиш бўйича  ўқув-методик бирлашмалар, эксперт гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилгани эса ана шу мақсад рўёбини таъминлаш борасида бажарилаётган ишлар кўламини кўрсатиб турибди.
Бугунги кунда меҳнат бозори талабларидан келиб чиқиб, касб-ҳунар коллежлари 7 соҳа тайёрлов йўналишлари бўйича таълим стандартлари, ўқув режа ва фан дастурларини босқичма-босқич такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда. 2014/2015 ўқув йилида 70 та ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасида 16 та умумтаълим фанидан тажриба-синов ишлари йўлга қўйилди. 174 номдаги дарслик ҳамда ўқув қўлланмаларнинг электрон варианти тайёрланиб, www.metod.uz веб сайтига жойлаштирилди.
Айни пайтда ахборот-методик таъминлаш хизмати томонидан халқаро ҳамкорлик соҳасида ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда. ЮНЕСКО билан ҳамкорликда “Педагогларнинг АКТ компетентлиги Миллий дастури”, “Мобиль қурилмаларга асосланган таълим ресурсларини яратиш”, “Ўзбекистонда сув хўжалиги соҳасида касбий кўникмаларни ривожлантириш” Ўзбекистон — Швейцария лойиҳалари ана шулар жумласидандир. Тадбирда истиқболдаги режалар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.


Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn