Самарали фаолиятга муносиб баҳо
  • 08 Май 2015

Самарали фаолиятга муносиб баҳо

Фаолияти давомида катта ютуқларга эришиб, шу орқали аҳоли фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган ишбилармон юртдошларимизни рағбатлантиришда Президент соврини учун ўтказиб келинаётган анъанавий “Ташаббус” кўрик-танлови муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур тадбирнинг Хоразм вилояти босқичида ҳам ана шу жиҳатлар яна бир бор намоён бўлди. Унда 52 нафар тадбиркор, фермер ва ҳунарманд қатнашди.
Иштирокчилар фаолиятини баҳолашда улар яратган қўшимча иш ўринлари, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш борасидаги муваффақиятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Якунда Урганч шаҳридаги  “Урганч бахмал” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Баҳодир Аҳмедов “Энг яхши тадбиркор”,  Боғот туманидаги “Боғот” фермер хўжалиги раҳбари Шарифбой Ражабов “Энг яхши фермер”, Янгиариқ туманилик Алланазар Саъдуллаев эса “Энг яхши ҳунарманд” йўналишларида ғолиб, деб топилди.
* * *
“Ташаббус — 2015”нинг Сирдарё вилояти босқичи ҳам юқори савияда ўтказилди. Унда тадбиркорлар, кўп тармоқли фермер хўжаликлари ҳамда моҳир ҳунармандлар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотлар кўргазмасини ташкил қилдилар.
Ҳакамлар белгиланган талаблар асосида иштирокчилар фаолиятини баҳолади. Уларнинг хулосасига кўра, Оқолтин туманидаги “Сардобатекстиль” қўшма корхонаси раҳбари Толибжон Раҳимов “Энг яхши тадбиркор”, Гулистон туманидаги “Орол неъматлари” фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Бегматов “Энг яхши фермер”, Оқолтин туманилик Маҳлиё Мамарозиқова “Энг яхши ҳунарманд” йўналишлари бўйича биринчи ўринни эгаллади.
— Хўжалигимиз кўп тармоқли бўлиб, чорвачилик, гўштни қайта ишлаш, савдо, боғдорчилик каби йўналишларда фаолият кўрсатади, — дейди танлов ғолибларидан бири Баҳодир Бегматов. — Ўтган йили ички бозорга 500 тоннадан ортиқ гўшт маҳсулотлари етказиб бердик. Ушбу танловда кўплаб ҳамкасбларимиз эришган ютуқлар билан яқиндан танишдик. Улар билан ўзаро тажриба алмашилди.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Энди улар танловнинг республика босқичида иштирок этади.

Ойбек РАҲИМОВ,
Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn