Ҳамкорлик учун қулай имконият
  • 08 Май 2015

Ҳамкорлик учун қулай имконият

Қарши шаҳрида Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди. Унда Қашқадарё, Тошкент, Навоий, Самарқанд, Бухоро ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан 290 га яқин саноат корхоналари ҳамда кичик бизнес субъектлари вакиллари 300 дан ортиқ турдаги маҳсулотларини намойиш қилдилар.

— Мазкур тадбир ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлик субъектлари учун янги технологиялар, бутловчи қисмлар ҳамда хом ашё сотиб олиш бўйича ҳамкорлар топиш, улар билан йирик битимларни имзолаш ва ўз маҳсулотларини реализация қилишда кенг имкониятлар яратмоқда, — дейди вилоят иқтисодиёт бошқармасининг саноат ва коммуникацияларни ривожлантириш бўлими бошлиғи Нурмамат Қурбонов. — Қолаверса, ушбу ярмарка ҳудудимиз иқтисодиётининг муайян кўзгуси ҳамдир. Бир неча йиллар олдин пойабзал, кийим-кечакдан тортиб, оддий уй-рўзғор буюмларигача четдан келтириларди. Эндиликда эса бундай маҳсулотлар вилоятимизнинг ўзида ишлаб чиқарилаётир. Бу, албатта, ислоҳотлар самарасидир.
Айтиш жоизки, кўргазмада намойиш этилаётган замонавий техникалар, мебель жиҳозлари, қурилиш материаллари, полиэтилен қувурлар, кийим-кечак, парфюмерия, қандолат, озиқ-овқат товарлари бу ерга ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
— Оёқ кийимлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхонамизни ўтган йили ташкил этгандик, — дейди Қарши шаҳридаги “Фазлиддин келажак савдо” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Фазлиддин Муртозов. — Маҳсулотларимиз, асосан, маҳаллий хом ашёдан тайёрланаётгани боис нархи қиммат эмас. Сифати эса хорижникидан қолишмайди. Ушбу биржа савдолари биз учун янги ҳамкорлар топишда кўмак бермоқда.
Ярмарка давомида иштирокчилар ҳеч қандай тендер танловисиз буюртма шартномаларини имзолаш ва маҳсулот харид қилиш имкониятидан кенг фойдаланишди.
Кооперация биржаси савдоларида умумий қиймати 30 миллиард сўмликдан ортиқ 550 та келишувга эришилди.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn