Изланиш, ташаббус ва рағбат
  • 07 Май 2015

Изланиш, ташаббус ва рағбат

Бугун миллий иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишида кичик бизнеснинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Мазкур тармоқ равнақига қаратилган ислоҳотлар туфайли юртимизда ишбилармонларнинг эмин-эркин фаолият юритиши учун кенг йўл очилиб, кафолатланган имтиёзлар тизими жорий этилди.

Бу уларни янгидан-янги марралар сари руҳлантираяпти.
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ташаббус” кўрик-танлови эса ушбу соҳа вакиллари интилиш ҳамда изланишлари, шунингдек, эришаётган ютуқларининг ўзига хос сарҳисоби бўлмоқда. Айнан шу жиҳат ижодий беллашувнинг Тошкент вилояти босқичида ҳам кўзга яққол ташланди.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар “Ташаббус” юртимиз ишбилармонлари фаолиятини янада ривожлантириш, илғор тажрибаларини оммалаштириш, соҳалараро кооперацияни мустаҳкамлаш, қолаверса, ёшларнинг бизнес ғояларини рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутаётганини таъкидладилар.
Айтиш керакки, ушбу тармоқни тараққий эттириш орқали ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, юртимиз экспорт салоҳиятини юксалтириш, аҳоли бандлиги даражасини оширишга эришилаяпти. Бугунги кунда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 56 фоиздан зиёди айнан кичик бизнес ҳиссасига тўғри келаётгани ҳамда иш билан банд аҳолининг 76,5 фоиздан ортиғи мазкур соҳада меҳнат қилаётгани бунинг тасдиғидир.
Танловда унинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 50 дан зиёд энг илғор тадбиркор, омилкор фермер ҳамда моҳир ҳунармандлар ўз маҳсулотларини намойиш қилди. Улар орасида импорт ўрнини босувчи саноат ва энергетика ашёларидан тортиб, экспортга йўналтирилаётган қурилиш материаллари, тўқимачилик, мебелсозлик, чарм-пойабзал, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шунингдек, миллий ҳунармандчилик ва қўл меҳнатининг нодир намуналаригача  бор. Улар ранг-баранглиги, сифати ҳамда бежиримлиги билан ҳар қандай кишининг эътиборини тортади.
Паркент туманидаги “Баҳор илҳоми” оилавий корхонаси раҳбари Гулбаҳор Руҳиддинова юртимизнинг ёш ва изланувчан тадбиркорларидан бири. У бундан икки йил аввал мўъжазгина тикувчилик корхонаси фаолиятини йўлга қўйганида, касб-ҳунар коллежини эндигина битирган эди. Бугун Гулбаҳор раҳбарлик қилаётган жамоада коллеж сабоғини олган 25 нафар чевар ишлайди.
— Табиий толали матолардан болалар учун турфа кийим-кечаклар тайёрлаяпмиз, — дейди тадбиркор. — Айни пайтда ташқи бозорга чиқишни мўлжаллаганмиз. Бу борада Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан ҳамкорлик қилаяпмиз. Бу бизнинг “Ташаббус”даги илк иштирокимиз. У жамоамиз учун катта мактаб вазифасини ўташи аниқ.
Жорий йилги танлов вилоят фермерлари салмоқли натижаларни қўлга киритаётганидан далолат беради. Қайд этиш жоизки, бугун кўп тармоқли фермер хўжаликлари сони тобора ортиб бормоқда. Масалан, Паркент туманидаги “Бахт”, Зангиота туманидаги “Иззат” фермер хўжаликлари томонидан кўргазмага олиб келинган маҳсулотлар ассортиментининг кенглиги билан ажралиб турди.
Танловнинг вилоят босқичида иштирок этаётган аксарият ҳунармандлар фаолиятида ҳам худди шундай интилиш ва ташаббускорликни кўриш мумкин.  Чирчиқлик Екатерина Журавлеванинг миллий қўғирчоқ ва атторлик кийим-бошларини, оққўрғонлик Гулбаҳор Жўраеванинг табиий бўёқлар ёрдамида тайёрланган гулдор газламаларини, оҳангаронлик Данил Ларичкиннинг қадимий усулдаги заргарлик буюмларини, бекободлик Ортиқ Ходамқулованинг қўлда тўқилган гиламларини ҳунармандларимиз маҳоратининг ёрқин намунаси, дейиш мумкин. 
Ҳакамлар ҳар бир иштирокчи фаолиятига баҳо берар экан, биринчи галда уларнинг ўз фаолиятига татбиқ этган янгиликлари, яратган қўшимча иш ўринлари, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш борасидаги муваффақиятларини алоҳида ҳисобга олишди. Якунда Зангиота туманидаги “Takro Osiyo” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шавкат Аъзамов “Энг яхши тадбиркор”, Қибрай туманидаги “Салар-Нуриддинов Фахриддин” фермер хўжалиги раҳбари Фахриддин Нуриддинов “Энг яхши фермер”, Бекобод шаҳрилик Мавлуда Андаева эса “Энг яхши ҳунарманд” йўналишларида ғолиб, деб топилди. Эндиликда улар мазкур кўрик-танловнинг республика босқичида иштирок этади.
Шунингдек, бошқа бир қатор номинациялар бўйича ҳам совриндорлар номи аниқланиб, улар ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn