Ишлаб чиқарувчилар ва тадқиқотчилар ҳамкорлиги
  • 07 Май 2015

Ишлаб чиқарувчилар ва тадқиқотчилар ҳамкорлиги

Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Нукус шаҳрида VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий ярмаркаси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ҳамда тадқиқот институтларининг 40 га яқин ишланмалари намойиш этилди.
Тадбир доирасида Оролбўйи минтақасида фаолият кўрсатаётган саноат корхоналари, фермер хўжаликлари ҳамда кичик бизнес субъектлари вакиллари таклиф қилинаётган лойиҳалар билан яқиндан танишдилар. Жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, пахта тозалаш корхоналаридаги технологик жараёнларни такомиллаштириш ва бошқа йўналишлардаги бир қатор инновацион ғоялар кўпчиликнинг эътиборини тортди.
— Ширинмия ўсимлиги илдизини етиштиришнинг самарали усулини ишлаб чиқдим, — дейди биология фанлари номзоди Генжаназар Сабиров. — Айтиш жоизки, ушбу илдиздан олинган моддалар саноатнинг озиқ-овқат, кимё, рангли металлургия каби кўплаб тармоқларида кенг қўлланилади. Унинг шарбати эса бир қанча касалликларга даво. Мен тақдим қилган лойиҳа мазкур ўсимликни иқлим шароитимизга мослаштириш ва кўпайтиришга қаратилган.
Ярмарка якунида тадқиқотчилар ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида инновацион ғоялар ҳамда ишланмаларни амалиётга жорий этиш юзасидан умумий қиймати 544 миллион сўмлик шартномалар имзоланди.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn