Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Венада тақдим этилди
  • 07 Май 2015

Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Венада тақдим этилди

Австрия пойтахтида “Ўзбекистон — Шарқ гавҳари” мавзуида мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистоннинг Венадаги элчихонаси томонидан “Airtour Austria” ва “Studiosus Riesen Munchen GmbH” туристик компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда Австриянинг сиёсий, академик ва ишбилармон доиралари ҳамда Венада аккредитациядан ўтган дипломатия корпуси вакиллари қатнашди. Улар республикамиз сайёҳлик жабҳасида эришилган муваффақиятлар, унинг хорижлик сайёҳларни жалб қилиш бўйича имкониятлари билан атрофлича танишдилар. Қайд этилганидек, юртимизга келаётган чет эллик сайёҳлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Тақдимот чоғида мамлакатимиз бағрида жойлашган бебаҳо меъморий ёдгорликларни авайлаб асраш, юқори даражадаги халқаро андозаларга жавоб берадиган замонавий меҳмонхона инфратузилмасини ривожлантириш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Элчихона томонидан суратлар экспозицияси ҳамда республикамизнинг улкан сайёҳлик салоҳияти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Ўзбекистонни ўз кўзи билан кўришни истаётган австриялик сайёҳлар тобора кўпайиб бораётгани, мамлакатдаги қулай иқтисодий шароит ва сиёсий барқарорлик сайёҳлик жабҳасини изчил ривожлантиришга кўмаклашаётгани тадбир иштирокчилари томонидан таъкидланди.
“Жаҳон” ахборот агентлигига берган интервьюси чоғида “Airtour Austria” компанияси бошқарувчи директори Питер Галхоффер бугунги кунда бутун Европада Ўзбекистонга, унинг тарихи ва маданиятига нисбатан қизиқиш тобора ортиб бораётганини айтди. У юртимизга келган сайёҳлар замон талабига монанд хизматлардан баҳраманд бўлаётганини эътироф этди. Шунингдек, П. Галхоффер жорий йили Ўзбекистонга боришни истаган сайёҳлар сони сезиларли даражада ошганини маълум қилди. “Шу боис Автрияда Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига ўттиздан зиёд сайёҳлар гуруҳини юборишни режалаштирмоқдамиз”, деди у.
Ўз навбатида, “Studiosus Riesen Munchen GmbH” компанияси менежери Андреа Шлиппе ҳам узоқ йиллардан бери Ўзбекистон билан ишлаётгани ва ҳар йили кўплаб сайёҳларни мамлакатимизга юбораётганини билдирди. Унинг фикрича, сўнгги йиллар мобайнида Ўзбекистон сайёҳлик инфратузилмасини модернизациялаш борасида салмоқли тараққиётга эришди.
Менежер, энг аввало, ажойиб тарихий-меъморий ёдгорликлар сайёҳлар эътиборини тортаётганини айтди. А. Шлиппе “Studiosus Riesen Munchen GmbH” компанияси томонидан борадиган сайёҳлар сони бу йил янада ошишини маълум қилди.

«Жаҳон» АА.
Вена

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn